Click to listen highlighted text!

ФАРЗАНДИМ, ТИНЧЛИКНИНГ ҚАДРИГА ЕТИНГ

          Ўтганлар хотирасини ёд олиш, абадийлаштириш , сўзи ҳикмат, ҳаёти ибрат кексаларимизга эътибор ва ҳамхўрлик кўрсатиш, Хотира ва қадр тушунчалари мустақиллик йилларида янгича мазмун билан бойигани бор гап. Ҳар йили нишонланиб келинадиган 9 Май – Хотира ва қадрлаш кунида нуроний отахон ва мунис онахонларимизга эҳтиром кўрсатилади. Бу анъанавий кунда катта шукрона ва эзгу дуолар айтилади. Юрт тупроғи озодлиги йўлида фидо бўлганлар миллат қаҳрамонлари саналади. Тинч осмон курашида халок бўлганлар хотирасини ёд этиш, сафларимизда юрган кексаларни эъзозлаш фарзандлик бурчимиздир.

         Суронли кунларнинг иштирокчиси бўлмиш  94 ёшли Риф Тукаев Ширин шаҳрида истиқомат қилади.  Бу отахон билан кечган суҳбат ҳатто кексалик ҳам  хотирда қолган уруш даҳшатларини  ўчира олмаслиги ҳақиқатини бизга англатди.

       – Уруш бошланган йили ҳали ўсмир,  17 ёшли йигитча эдим.  Институтга ўқишга кириб, бир йил ўқигач, 1942 йилнинг августида мени ҳам  армияга чақиришди. Кимдир ўқчи, кимдир алоқачи, мен эса танкчи бўлдим. Ўзим учувчи бўлишни истагандим. Лекин ёшман, бўйим ҳали дуруст чўзилиб улгурмаганди. 11 ойлик таёргарликдан сўнг бизни уруш ўчоғига жўнатишди. Ўша вақтда Сталинградда даҳшатли уруш кетарди. Тажрибамиз етарли бўлмаганлиги учун урушнинг дами пастроқ бўлган Курск вилоятига ташлашди.  Машғулот жанглари билан ҳақиқий уруш жанглари фарқи катталигини ҳар биримиз кўриб, англаб турардик. 1943 йилнинг 13 июнида биринчи марта жангга кирганим эсимда. Давомли жанглар сабаб қурол ва ўқдорилар етишмасди. Шунда ҳалок бўлганларнинг яроғини йиғиб ишлатардик. Қўллари қуролини маҳкам сиққанча уруш майдонида қолиб кетган сафдошларим ёдимда.  Мен хизмат қилган 2- Украина фронтининг танкчи дивизияси ҳар доим олдинги сафда бориб, душман ҳужумини ёриб ўтарди. Киевни озод этишда, кейин Молдавия, Руминия, Венгрия, Австрияни озод этиш учун бўлган жангларда қатнашдим. 1945 йилнинг 8 майида уруш тугаганлиги ҳақида хабар беришди. Умримнинг уч йили ўлим билан олишиб ўтди.  Уруш йигитлик ёшимни ўғирлаш билан бирга ўзидан бўйнимда чандиқ ҳам қолдириб кетди.

      – Отам 1-Жаҳон урушида қатнашган. Бу тақдир менга ҳам аталган экан. Шукурки, қисматим фарзандларим ҳаётида  такрорланмади. Тилагим, авлодларим ҳам уруш даҳшатини билмай, жаннатмонанд Ўзбекистонда  бахтли яшашсин, – дейди уруш фахрийси.

          Отахон урушдан қайтгач шарафли касб – нурчи бўлиб ишлади. Узоқ йиллар “Сирдарё ИЭС” АЖда меҳнат қилиб фарзандларини улғайтирди, ўқимишли қилди. Юртимиз ёшларига ҳавас қилишини, ўқиш, ҳунар ўрганиш  учун барча шароитлар борлигини таъкидлаб, буларнинг қадрига етишни насиҳат қилди.

Озода МАМАДАЛИЕВА,

 “Ishonch” мухбири

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!