Click to listen highlighted text!

ШИФОКОР ВА ҲАМШИРАЛАР КЎЧА ТОЗАЛАМАЙДИ

– Бундан буёққа улар ва шу жумладан, кичик тиббиёт ходимларини ҳам кўчаларни ободонлаштириш, пахта терими ва мажбурий меҳнатнинг бошқа турларига жалб қилиш қатъиян таъқиқланади, – деди Сайхунобод тумани тиббиёт бирлашмаси ходимлари билан учрашувда Ўзбекистон Соғиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси ўринбосари Гўзал Тўхтаева. – Президентимизнинг шу йил 13 апрел куни Сайхунобод туманида вилоят фаоллари билан бўлган учрашувда сўзлаган маърузаларида Самарқандлик ўқитувчи Диана Еникеева билан содир бўлган фожиани эслаб, ўқитувчи ва шифокорларни кўча супуриш ва ободонлаштириш ишларига жалб қилмаслик, ҳар ким ўз ишини виждонан бажариши ҳақидаги сўзлари, бош вазиримиз Абдулла Арипов томонидан ўтказилган видеоселекторда жойларда мажбурий меҳнатга жалб этилаётган бюджет ташкилотлари ишчи-ходимлари ҳақида гапириб, барча мутасадди раҳбарларни огоҳлантирган эди. Ободонлаштириш ишларига ва ишсизларни вақтинчалик ишларга жалб этиш учун ажратилган маблағлар ҳам ишлатилмай қолиб кетганлиги қаттиқ танқид қилинган эди. Эндиликда ободонлаштириш ишларига вақтинча ишсиз фуқароларимиз жалб этилиб, уларга маош тўланади. Шу боисдан бюджет ташкилотлари ходимлари энди кўча тозалашларига ҳожат йўқ. Мамлакатимизда, хусусан, касаба уюшмаси тизимида кенг тушунтириш-тарғибот ишлари олиб бориляпти. Шу боисдан, сизнинг ҳар бирингиз ишга кира туриб, жамоа шартномаси билан танишишингиз, ўз лавозим йўриқномангиздан бошқа ишларга жалб этилганида рад этишга ҳаққингиз бор.
Учрашувда тиббиёт ходимларига касаба уюшма томонидан тайёрланган, муассасада мажбурий меҳнат шакллари бор ё йўқлигини билиш учун саволлар тузилган сўровнома тарқатилди.
– Албатта, мажбурий меҳнатнинг у ёки бу турлари учрайдиган бўлса, касаба уюшмаларига мурожаат қилиш лозим, -дейди Ўзбекистон Соғиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Сирдарё вилоятидаги масъул ташкилотчиси Раъно Абдалимова. – Ишчи-ходимларнинг ижтимоий ҳуқуқлари муҳофазаси борасида бошланғич касаба уюшма қўмиталари раҳбарлари билан ўқув-семинарлари ўтказишни режалаштирганмиз. Муассасаларга ишонч телефонлари ёзилган буклетлар тарқатилди.
Тиббиёт ходимлари билан шундай учрашувлар Гулистон шаҳридаги Республика шошилинч тез тиббий ёрдам Сирдарё филиалида ва барча туман-шаҳар тиббиёт бирлашмаларида ўтказилди.

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!