СОҒЛОМ ОИЛА – БАХТЛИ ТУРМУШ АСОСИ
Касаба уюшмаларининг “Соғлом оила” шиори билан ўтказиб келаётган спорт мусобақалари ишловчи ходимлар орасида ҳар йили катта қизиқиш билан кутиб олинади. Мусобақанинг корхона, ташкилот ва муасасаларда бўлиб ўтадиган қуйи босқичлари иштирокчилари сони ҳар йили ошиб бормоқда. Бир жамоа эстафетаси, арқон тортиш, эпчиллик, шашка, шахмат, бадминтон, югуриш, акробатика элементлари ва тўпни нишонга отиш, чаққонлик ва мерганлик, моҳир ҳужумчи, қаддимизни ростлаймиз, сакрашни бошлаймиз, тезлик эстафеталари каби қизиқарли шартлардан иборат спорт мусобақаси иштирокчилардан юқори тайёргарлик ва кучни талаб қилмайди, оилавий таркиб учун жуда қулай. Танловнинг якуний вилоят босқичи Гулистон шаҳридаги замонавий “Алпомиш” спорт залида бўлиб ўтди. Кенг ва ёруғ спорт заллари турли чорловчи шиорлар ва рангин гуллар билан байрамона безатилган. Иштирокчиларнинг белгиланган шартлардаги чиқишларини нуфузли ҳакамлар ҳайъати холисона баҳолаб боришди.
Туман, шаҳар босқичлари ғолиби бўлган 34 та жамоа спорт байрамида иштирок этишди. Ҳар бир шарт ҳаяжонларга бой, олқишларга тўла ўтди.
Қизғин ўтган беллашувлар натижаларига кўра Ўлмас Алимов, Аброр Орзиқуловларнинг оилавий жамоалари биринчи ўрин, Убайдулла Эргашев, Алишер Маҳкамовлар оилавий жамоалари иккинчи ўрин, Шуҳрат Қаршиев, Тоҳир Қосимовлар оилавий жамоалари учинчи ўринларни қўлга киритишди. Жамоалар касаба уюшмаларининг қимматбаҳо эсдалик совғалари ва диплом билан тақдирланишди. Қолган барча фаол иштирокчилар турли номинациялар ғолиби бўлишди.
– Мусобақадаги иштирокимиз, унда ғолибликни қўлга киритганимиз билан меҳнат қилаётган жамоамизга ташаккурнома келтиришимиз қаторида ўзим учун энг юқори натижага эришдим: фарзандим олдида ота -онасининг энг кучли, энг соғлом, энг баркамол эканлигини исбот этдик. Ғалабамиз мен учун шунинг учун ҳам жуда қадрли. Ота-оналар доимо фарзандлари нигоҳида кучли бўлиб кўринишлари керак, ана шундагина тарбиялаётган болаларимиз соғлом вужудли, соғлом фикрли бўлиб улғайишади, – дейди 26 умумтаълим мактаби Ёшлар Иттифоқи етакчиси Шавкат Қаршиев.
– “Соғлом оила” мусобақаларида ҳар йили қатнашамиз. Бу йил ҳам иштирок этганимиздан жуда хурсандмиз. Ғалабага эришиш учун ҳар биримиз кучли интилдик. Фарзандларим ҳамда менинг хотирамда бир умрга ёдда қоладиган тадбир бўлди, – дейди бир жамоа эстафетаси шарти ғолиби, Гулистон тумани қатнашчиси Аброр Орзиқулов. – Айниқса, қизим Сарвиноз мусобақанинг “Энг фаол кичик иштирокчи” номинацияси билан алоҳида тақдирлангани жуда тўлқинлантирди. Байрам байрамдек бўлди. Бунинг учун касаба уюшмалари ташкилотидан миннатдормиз.
– Меҳнат жараёнида ўз ҳуқуқ ва манфаатларимиз ҳимояси касаба уюшмалари томонидан кафолатланганлигини доимо сезамиз. Яна шунингдек, касаба уюшмалари бизни спортга ҳаваслантириб, соғлом турмуш тарзига одатлантирмоқда, – дейди “Ўзбекистон почтаси” Сирдарё филиали цех бошлиғи Тоҳир Қосимов. – Оиламизда спортчилар йўқ, лекин фарзандларимга шашка, шахмат турларини мунтазам ўргатиб келаман. Бугун ана шу ҳаваскорлигимиз қўл келди. Фарзандимнинг ғолиб бўлганлигини кўрганимда ғурурландим.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch” мухбири