Click to listen highlighted text!

ЭЪЗОЗ ВА ЭҲТИРОМДАГИ ЎЗБЕК АЁЛИ

Юртимизда хотин – қизларга кўрсатиладиган эҳтиром, эътибор ҳеч бир мамлакатда йўқ дейиш мумкин. Ўзбек аёллари нафақат она, опа, сингил сифатида ардоқ топган, балки ҳар бир соҳада эркин ишлаши учун етарли шароит ва имкониятлар билан ҳам кафолатланган. Ана шундай аёллардан бири касаба уюшмаси тизимида 34 йилдан буён фаолият олиб бораётган Раъно опа Абдалимова бўлади. У соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё вилояти масъул ташкилотчиси бўлиб меҳнат қилиб келмоқда.
Доимий мулоқотлар, ҳудудларга чиқиш, турли муаммоли вазиятлар учраб турадиган лавозимда ишлаш очиғи, эркак кишини ҳам чарчатиб қўяди. Доимо хорғин ва асабий бўлиб қолиш мумкин. Бироқ қаҳрамонимиз ўзи бажараётган ишидан асло безимаган. Бирор кун йўқки, бекор ўтирмайди. Хонага ҳатто тушлик маҳал ҳам бемалол боравериш мумкин. Ишга қизиқиб тушликни-да унутиб, ё компютер олдида ёзув билан банд ҳолда, ё бўлмасам суҳбатга келган киши билан ҳужжатларга кўмилган ҳолатда ўтирган бўлади. Яна кўпинча “шифокорларнинг вақти кам, улар безовта бўлишмасин”, – деб амалий ёрдам бергани ҳудудларга чиқиб кетади. Қўл телефон тинмай жирингласа ҳам жавоб беришдан сира эринмай, куюнчаклик билан жавоб беради. Кузата туриб донишмандлар “агар меҳрга ҳайкал қўйилса, у албатта, аёл шаклида бўлади”, деб бежизга айтмаганларига амин бўламиз. Чунки аёллар нима қилмасинлар меҳр беришни унутмайдилар.
Раъно опа ишга барвақт келади. Иш столидаги режани кўздан кечириб бугун учрашиши керак бўлган одамларни хаёл қилади. Юқори қават деразасидан боқиб эрта тонгдан ишга отланаётган ҳамшаҳарларини кузатади.
– Ёши улуғларни кўп кузатар эдик, эрта туриб қишлоқнинг кўчаси бўйлаб баланд бир қир, адирга чиқиб қайтиб тушишар эди. Бунинг ҳикматида бир нарса: бутун бир қишлоқни, одамларни кузатиш ётар экан. Буни билмаган биз ёшлар боболаримизнинг бутун қишлоқ аҳволидан хабардорлигини тушунмас эдик. Энди биз ана ўша ўйларни бино деразасидан шаҳарга қараган кўйи сурамиз. Кузатувлардан кўп нарса олса бўлади, – дейди қаҳрамонимиз.
Айтганча, касаба уюшма фаоллари орасида обрў – эътиборга эгалиги учун тизим хотин – қизлар билан ишлаш комиссияси раиси вазифасини ҳам бажариб келмоқда. Шу боис ҳам, вилоятда опани танимаган, улар билан маслаҳатлашмаган аёлларни учратиш қийин. Ўтган йиллар давомида барчага ўрнак бўларли фаолияти инобатга олиниб Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “Ehtirom” нишони билан тақдирланди.
Биз юқорида қаҳрамонимизнинг доимий фаолликлари ҳақида ёздик. Шунча ажойиб сифатларига яна гулсеварлик одатларини ҳам айтиб ўтмасак бўлмайди. Кичиккина хонада нақ 20 дан ортиқ гуллар қишин – ёзин яшнаб туради. Уларнинг ҳаммаси асл гул – Раъно опанинг қўлларида парвариш топмоқда. Бир гал ҳаммасига қандай улгурасиз деган саволимизга ҳазил аралаш “хонада ёлғиз ишламайман, гулларим ҳам бор-ку, ”- деган эдилар.
Ҳа, аёл меҳри, гўзалликка интилиши билан меҳнатига сабр, куч топади. Зеро, шоира айтганидек, “Яхшиси гулларга узоқроқ тикил!”

Озода МАМАДАЛИЕВА

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!