Click to listen highlighted text!

МУНОСИБЛАР САРАЛАНДИ

         Касаба уюшмалари тизимида ўтказилиши анъанага айланган “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик – танловининг Сирдарё вилоят босқичи якунига етди. Фаолияти намунали йўлга қўйилган бошланғич ташкилотларни рағбатлантириш, уларнинг илғор иш тажрибаларини оммалаштириш ва уларда ижодкорлик қобилиятини шакллантириш мақсадида ўтказиб келинадиган танловга қизиқиш доим юқори кечган. Айниқса, ташкилот раҳбарларининг қизиқиш ва ташаббуси эътирофга лойиқдир.

        Ҳар бир бошланғич касаба уюшма қўмиталари томонидан тақдим этилган ҳужжатлар атрофлича ўрганилиб, мухокама қилинди. Ғолиблар икки йўналишда – юз нафаргача ва ундан кўп аъзоларни бирлаштирган касаба уюшма ташкилотлари орасида алоҳида аниқланди. Ҳужжатларни баҳолаш якунларига кўра аъзолар сони 100 нафаргача бўлган бошланғич ташкилотлар ўртасида тармоқ касаба уюшмаларига қарашли бўлган Пахтаобод қишлоқ хўжалиги касб ҳунар коллежи, Оқолтин туманидаги  3 умумтаълим мактаби, “Ўзбекинвестсуғурта” вилоят филиали, вилоят ОИТС га қарши курашиш маркази ҳамда “Сирдарё  автотеххизмат” масъулияти чекланган жамияти бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари юқори натижаларни қайд этди.

        Шунингдек, аъзолар сони 100 нафардан ортиқ бўлган “Оқолтин дон маҳсулотлари” акционерлик жамияти, Гулистон давлат университети, вилоят солиқ бошқармаси, Оқолтин туман тиббиёт бирлашмаси, Сирдарё туман ободонлаштириш бошқармаси ҳамда “Сирдарё йўллардан мунтазам фойдаланиш” унитар корхонаси бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари вилоят босқичи  ғолиблари бўлишди.

       “Ўзбекинвестсуғурта” вилоят филиалида 30 га яқин ходим меҳнат қилади. Аъзолари камсонли бўлишига қарамай доимий равишда спорт, маданий ва маърифий табирлар ташкил этиб фаол иштирок этишади. Касабақўм раиси Шаҳноза Убайдуллаева аъзолар манфаатини ҳимоялашга ҳар томонлама  эътибор қаратмоқда. Жамоа жорий йилда Самарқанд шаҳри ва Зомин дам олиш масканларида хордиқ чиқарди. Тармоқ ташкил этган спорт спартакиадаларида доимий иштирок  этиб келмоқда.

       “Оқолтин дон маҳсулотлари” акционерлик жамиятида ҳам ишлар намунали йўлга қўйилган. Жорий йилда 25 нафар ходимнинг Самарқанд шаҳрига, 50 нафар аъзоларнинг Зангиота зиёратгоҳига саёҳати уюштирилиб, концерт чипталари олиб берилди. 10 нафар ходимларнинг фарзандлари учун ёзги соғломлаштириш оромгоҳларига йўлланмалар ҳарид қилинди. Айтиш мумкинки, 120 нафар ходимга эга ташкилотда меҳнат қонунчилиги, муҳофазасига қатъий амал қилинади. Шу боисдан  ҳам бу йил меҳнат муҳофазаси намунали йўлга қўйилган бошланғич ташкилот танловининг вилоят босқичида 2 ўринга муносиб кўрилган.

      – Бошланғич ташкилотларда танлов Низоми, унинг талаблари ҳақида тушунча ва кўникмалар юқори. Ҳаттоки, танловга ташкилот иш берувчиларининг ҳам  катта қизиқишлари бор, – дейди  давлат  муассасалари  ва жамоат  хизмати  ходимлари  касаба уюшмаси шаҳар Кенгаши раиси Ботир Усмонов.  – Энг  юқори баҳоланган бошланғич касаба уюшма қўмиталари ҳужжатлари тармоқнинг Республика Кенгаши босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

 

         Озода Мамадалиева

              “Ishonch”

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!