Click to listen highlighted text!

ОРОМГОҲЛАРДА ҚУВНОҚ ТАДБИРЛАР

    6  июль – Халқаро Олимпия куни муносабати билан Сирдарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси тасарруфидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг барчасида қатор спорт тадбирлари бўлиб ўтди.

   Айни тадбирлардан бири Зомин тумани Дуоба қишлоғида жойлашган “Гулистон” оромгоҳида ташкил этилди. Ўз номидан  англашган икки сой кесишмасида жойлашган оромгоҳда  айни пайтда 225 нафар  ўғил – қизлар дам олишмоқда. Мавсум бошидан эса 650 нафар болалар соғломлаштирилди. Айтиш мумкинки, оромгоҳ ҳудудида футбол майдончаси, теннис, баскетбол, очиқ сузиш ҳавзалари мавжудлиги бу ерда турли спорт мусобақаларини ўтказишга қулай.

   Шу куни эрта тонгдан оромгоҳ тарбияланувчилари байрамона мусиқа садолари остида бадантарбия машқларини бажаришди. Спорт йўриқчиси бошчилигида бешта шартдан иборат қувноқ стартлар беллашувлари бошланди. Ўзларига  “Гулистон” – “Қалдирғоч”  номларини беришиб, эпчиллик, чаққонлик, қувноқлик асосида тузилган мусобақа шартлари бажаришга киришишди. Иштирокчи ва  томошабин болажонлар ҳақиқий спортсевар эканликларини намойиш этишди, мусобақалар чинакам  завқ  улашди.

  – Ёшим 10 да, бу ерга эгизак  опам Фотима билан бирга келдик, – дейди 10 ёшли Ҳусан Бекназаров. – Спортнинг ҳамма турларига қизиқаман, шу билан бирга спортнинг Карате туридан жиддий шуғулланишни бошладим. Бугун  “Гулистон” гуруҳида иштирок этиб, шартларни бажардим.  Тенгдошларим  ҳам яхши иштирок этишди ва жамоамиз билан ғолиб  бўлдик.

    Якунда энг фаол иштирокчилар фахрий ёрлиқ  ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

 

                                                  ВКУТБ Маданий – маьрифий ва спорт ишлари бўлими

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!