ТОШКЕНТ ШАҲРИГА САЁҲАТ
8 март –Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Сирдарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан вилоятимизнинг чекка ҳудудларидан 20 нафар кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилалар аёллари Тошкент шаҳрига саёҳатга олиб борилди.
Дастлаб саёҳатчилар Зангиота зиёратгоҳида бўлиб, Зангиота ҳамда Анбар она ҳаққига дуо қилдилар. Таъмирланиб кўркам ҳолатга келган бинолар, гулларга бурканган зиёратгоҳ ҳовлисини томоша қилдилар. Эсдалик учун суратларга тушишди.
– Турмуш ўртоғим вафот этган, беш нафар фарзандим билан Ховос туманидаги “Ўзбекистон тўкинчилиги” маҳалласида истиқомат қиламан, шу ёшгача Зангиота зиёратгоҳига бирор маротаба бормаган эдим, – дейди Назира Ойбекова. – Касаба уюшмаларига минг раҳмат, пойтахтимиздаги қадамжоларни зиёрат қилдик, янги муҳташам биноларни томоша қилдик, гўзал майдонларда бўлдик. Мустақиллик майдони, Амир Темур хиёбонида бўлганимда ўзимнинг шу гўзал юрт фарзанди эканимдан ғурурланиб кетдим.
Сирдарё туманидаги Бахмал маҳалласида истиқомат қилувчи Муҳаббат Сатторова ва Жамила Ўроқбоевалар ҳам пойтахтимизда бундан чамаси 10 йиллар илгари бўлишгани, шаҳарнинг жуда чиройли бўлиб кетганидан ҳайратларини яшира олмадилар.
Мен ҳам Зангиота зиёратгоҳида биринчи бор бўлишим, – дейди Оқолтин тумани Наврўз МФЙ дан Соҳиба Ғаффорова. – Тўғриси, бундай сайру-саёҳатларга имкониятимиз йўқ эди. Уч нафар фарзандим бор, турмуш ўртоғим далада, мавсумий ишда ишлайди. Шу боисдан ҳам, бизни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаётган давлатимизга, қолаверса шундай ажойиб саёҳатни уюштирган касаба уюшмаларига мингдан-минг раҳмат.
Аёллар Амир Темур хиёбонида бўлиб Амир Темур ҳайкали остида суратга тушдилар ҳамда халқ тилида “Бродвей” деб аталадиган кўчада ташкил этилган расмлар галереясини узоқ томоша қилишди. Шу ернинг ўзида чирманда чалиб, рақсга ҳам тушдилар.
-Ўзбек аёллари чиройли бўлади деб эшитгандим, улар жуда қувноқ ҳам эканлар, – дейди Москвадан Тошкентга меҳмонга келган Ирина Скворцова. – Бундай жозибали рақсни айнан шу ерда томоша қиламан, деб ўйламаган эдим.
Рақсга тушиб, хурсандчилик қилаётган аёлларга қараб, уларнинг иродаларига қойил қолмай илож йўқ. Бирининг турмуш ўртоғи вафот этиб, 4-5 нафар бола билан ёлғиз қолган бўлса, иккинчисининг турмуш ўртоғи фалаж бўлиб қолган, унга қўшиб уч нафар фарзандни катта қилишдек оғир юк нозик жуссасини эгилтира олмаган. Чўлнинг бағрида кафтдеккина томорқани қиртишлаб, меҳнат қилиб, юзлари офтобда қизарган ушбу аёлларга шу кичик саёҳат ҳам шунчалик ёқдики, Зангиота зиёратгоҳидан бошлаб, кела келгунча кафтларини дуога очиб, давлатимиз раҳбарини ҳамда касаба уюшмаларини дуо қилиб келдилар. Элу юртимизга тинчлик-тўкинчилик тиладилар.
Зебо Ҳайдарова