Click to listen highlighted text!

СИРДАРЁЛИК “ХАБИБА ОХУНОВА”

Мадинани мен илк бор Гулистон шаҳридаги “Анҳор” томошагоҳида бўлиб ўтган Наврўз байрами тантаналарида кўрганман. Миллий либосда, нозиклигидан синиб кетай деган қизалоқ катта ашула йўналишидаги халқ қўшиғини шунақанги чиройли ижро этгандики, тадбир иштирокчилари уни олқишларга кўмиб ташлашганди ўшанда.
Кейинчалик, бу камтарин, камсуқум, озғин қизчани турли тадбирларда кўп учратдим. Хусусан, Зулфия номидаги Давлат мукофоти учун бўлган кўрик-танловларнинг вилоят босқичида тўрт маротаба учратдим. Ҳар гал уялиб-қимтиниб қизлар сафида таъзим қилиб турадиган бу қизча бир кун келиб, Зулфия номидаги Давлат мукофотини олишига тўғриси, унчалик ишонмаганман ўша пайтда. Токи, ўтган йилда Мустақиллик байрамига бағишланган вилоят тадбирида кўрмагунимча. “Фарғона тонг отгунча” қўшиғини маромига етказиб ижро этган Мадинанинг товушини эшитганлар “вилоятимизда яна бир ҳақиқий истеъдод эгаси чиқибди”, деб гапиришгани ёдимда.
Обуна мавсумида вилоятимизга тарғибот учун ташриф буюрган “Саодат” журнали ҳамда “Оила ва жамият” газетаси вакиллари билан Гулистон санъат коллежида ёш, истеъдодли шоира Иззатой Ўролованинг “Эрка қизман” деб номланган янги китоби тақдимотида бўлдик. Сўзга чиққан пайтим, коллеж ўқувчилари орасида уялибгина, табассум қилиб ўтирган Мадина Мамировага кўзим тушди ва уни Феруза опа ҳамда Дилшодбекка таништиргим келди. “Санъат коллежида Иззатойга ўхшаган иқтидорли қизлар кўплаб топилади, мана, Мадина қизимизнинг товушини ҳам эшитиб кўринглар-а” дегандим, ҳамма қувватлаб, қарсак чалди. Мадина ўрнидан туриб устоз санъаткор Хабиба Охунованинг “Алла”сидан бир куплетини қойилмақом ижро этиб берди. Дилшодбек Рустамов қарсаклардан сўнг қўлидаги гулдастани Мадинага тақдим этаркан, “Хабиба Охунованинг товушини эшитгандек бўлдим, санъатингизга кўз тегмасин” дея унга муваффақиятлар тилаган эди.Мадинабону Мамирова 2000 йил 23 сентябрда Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида туғилган. Дадаси Эркин ака ҳамда онаси Мунира опалар қизларининг қўшиқчиликка бўлган ҳавасини у ҳали боғчадалигидаёқ сезишди, қизларини Янгиер шаҳридаги болалар мусиқа ва санъат мактабига беришди. Мадина у ерда тажрибали устозлари қўлида анъанавий ижрочилик йўналишида таҳсил олди. 14 ёшидан бошлаб турли кўрик-танловларнинг шаҳар, вилоят ҳамда республика босқичларида “Таманно”, ”Фарғона тонг отгунча”, “Якка бу Фарғонада”, “Айлагач”, ”Найлайин” каби миллий қўшиқлар билан қатнашиб келди. Хусусан, 2014 йили Халқ таълими Вазирлиги томонидан ташкил этилган “М.Қори-Ёқубов” номли кўрик-танловнинг вилоят босқичида 1-ўринни эгаллаб, республика босқичида фаол иштирок этди. Худди шу йили Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан ташкил этилган “Истиқлол ғунчалари” кўрик-танловининг республика босқичида 3-ўринни эгаллаб, сертификат билан тақдирланди. Вилоятда ёш иқтидор сифатида кўпчиликка танилган Мадинабону Мамировани энди турли кўрик-танловлару тадбирларга таклиф эта бошлашди. Барча муваффақиятларини биттама битта санаб чиқса, икки қоғоз тўлиши мумкин, шунинг учун ҳам ўтган 2017 йили Франция давлатида ўтказилган “Rendez-vous a Paris” Халқаро кўрик-танловида 1-ўринни эгаллаб лауреат бўлгани ҳақида ёзиб қўя колайлик.
Бундай муваффақият етти ухлаб, тушимга ҳам кирмаган эди, – дейди Мадинабону биз билан суҳбатда. – “Найлайин” қўшиғимни онлайн-кўрик танловга юборган эдим. Бир муддат ўтгач, сиз “Rendez-vous a Paris” Халқаро кўрик-танловида 1-ўринни эгаллаб лауреат бўлдингиз, деган хабарни олдим. Сертификат юборишди. Бу менинг ўзимга бўлган ишончимни оширди.
Ҳозирда шаҳар, вилоят миқёсида ўтказилган “Наврўз”, “Мустақиллик” байрамлари, хуллас,ҳар бир катта тадбирда Мадинабону ўзининг сеҳрли товуши ва жонли ижродаги қўшиқлари билан фаол иштирок этиб келади. Сирдарё вилояти Гулистон санъат коллежи”Эстрада вокал артисти” йўналиши 2- босқич ўқувчиси Мамирова Мадинабону Эркин қизи Ўзбекистон ёшлар иттифоқи шаҳар кенгашининг фаол аъзоси, изланувчан, ижодкор ўқувчи.
8 март-Халқаро хотин-қизлар кунига бағишлаб Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ”нинг афсонавий безатилган залида Президентимиз Шавкат Мирзиёев қўлидан Зулфия номидаги Давлат мукофотини олиш юртимизнинг энг истеъдодли қизлари қаторида сирдарёлик синчалак –Мадинабону Мамировага ҳам насиб этганини билгач, уни яқиндан билган барча каби жуда қувондим. Мукофот ҳақиқий эгасини топибди. Мукофот муборак, Мадина, келгусида халққа манзур қўшиқларни куйлаб, эл олқишини олиб юриш насиб қилсин!

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!