НАВРЎЗ МАРАФОНИ
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган “Наврўз – 2018 марафони”да сирдарёлик ёшлар ҳам фаол иштирок этди.
Гулистон шаҳрида ташкил этилган марафонда Гулистон давлат университети талабалари, вилоятдаги академик лицей, касб-ҳунар коллежилари, умумий ўрта таълим мактаблари ва уюшмаган ёшлардан жами 1 минг 500 нафар ҳаваскор марафончилар иштирок этди.
Наврўз марафонида ўғил ва қиз болалар, ўсмир ва ёшлар – 2018 метр, 3 ва 21 километр масофаларда ғолиблик учун баҳслашди.
Ўз ёш тоифаларида марра чизиғини биринчи бўлиб кесиб ўтган марафон ғолиблари, турли номинациялар сохиблари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилоят кенгашининг диплом, медал ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирлади. Марафонда иштирок этган барча қатнашчиларга фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари топширилди.
Тақдирлаш маросимидан сўнг, марафон қатнашчилари учун вилоят санъаткорлари ва иқтидорли ёшлар ижросида ажойиб концерт дастури намойиш этилди.
Жалол Ражаб