Click to listen highlighted text!

ВАТАН ЯГОНАДИР, ВАТАН БИТТАДИР

Кўп миллатли мамлакатда ҳар бир миллат ва элат равнақини таъминлаш, миллий анъаналар, урф-одатлар ва маданиятларни ривожлантириш демократик ҳуқуқий давлат сиёсатининг ўзагидир.
Биз ана шундай маърифий жамият қуриш сари бораётган бир пайтда, сизларнинг бугунгидек ҳамжиҳатлигингизни юксак қадрлаймиз.
Мамлакатимиз келажагига катта умид билан қараётганлигингиз, ўз миллий маданиятингиз равнақи бутун Ўзбекистон тараққиётини нг бир қисми эканлигини теран тушуниб турганингиз қувончли ҳолдир. Ўзбекистон-улкан имкониятлар мамлакати. Айни пайтда бу буюк орзу, умидлар, якдиллик, ҳамжиҳатлик, биродарлик юрти. Турли миллат вакилларининг энг эзгу ниятларини муштарак этган, шонли тарихга ва буюк келажакка эга бўлган улуғвор хонадон – бу бизнинг макон –Ўзбекистондир.
Ўзбекистон Республикасининг кўп миллатлилиги. яъни шу заминда 133 дан зиёд миллат ва элат вакилларининг мавжудлиги шу бугунги кунда табиий ижтимоий омил бўлиб, бу омил республика Президентининг демократик сиёсатида алоҳида ўрин тутади. Ана шу оқилона сиёсатнинг шарофатли натижаси ўлароқ, Ўзбекистон бугунги кунда бутун жаҳонда энг тинч ва осойишта бир мамлакат сифатида ривожланиб бормоқда. Баҳорнинг илк кунларидан бошлаб мамлакатимизнинг турли бурчакларида, шу жумладан, Сирдарё вилоятида ҳам “Ўзбекистон-умумий уйимиз” шиори остида фестиваллар старт олди. Сирдарё Иссиқлик электростанцияси вилоятимиздаги энг катта корхоналардан бири бўлиб, бу ерда яқин 2,5 минг нафар турли миллат вакиллари меҳнат қилишади. Навбатдаги шундай тадбир Сирдарё иссиқлик электр станцияси фаоллар залида бўлиб ўтди.
– Бизнинг корхонамизда 14 та миллат ва элатлар вакиллари фаолият юритишади. Улар худди ака-укадек дўст, аҳил-иноқ ишлашади, – дейди Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор, “Сирдарё ИЭС” ОАЖ раҳбари Мирзаҳмад Шоимов биз билан суҳбатда. –Шу боис ҳам биз вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ҳамда вилоятимизда фаолият юритаётган миллий маданий марказлар билан ҳамкорликда турли маърифий тадбирлар ўтказиб турамиз.
– Бугунги кунда вилоятимизда ўзбек, рус, қозоқ, қирғиз ва корейс миллий маданий марказлари фаолият юритиб келаяпти. Бу марказларнинг асосий мақсад ва вазифалари ўзларига тааллуқли миллатнинг тили, маданияти, қадриятлари, анъналарини қадрлаш, ривожлантириш билан бирга шу заминда яшаётган бошқа миллат вакилларига хурмат билан қараш, ўзаро тинч тотувликни тарғиб қилишдан иборат, – деди учрашувда сўзга чиққан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи, “Дўстлик”ордени соҳибаси, рус миллий маданий маркази раҳбари Фаина Голубцова.
“Ўзбекистон умумий уйимиз” шиори остида ўтказилган тадбирда рус миллий маданий маркази қошидаги “Гармония” ансамбли иштирокчиларни ўз репертуаридаги русча, ўзбекча ва турли миллатлар қўшиқларидан баҳраманд этишди.
– Вилоятимизда барча миллат вакилларининг ўз истеъдод ва салоҳиятларини рўёбга чиқариш учун барча шароитлар яратилган. Конституциямизда белгиланганидек, фуқаролар миллати, ирқи ва динидан қатъий назар қонун олдида тенгдирлар. Ташкилот, корхона ва муассасаларда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ҳамда миллий маданият марказларнинг фаоллари томонидан ташкил этилаётган турли хил маънавий-маърифий, адабий-бадиий тадбирлар миллатлараро муносабатларни ривожлантиришга, уларда яшаб турган шу табаррук заминига Ўзбекистон халқига садоқат, ҳурмат ва уни қадрлашга хизмат қилмоқда, – деди сўзга чиққан вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири Хайрулло Аминов.
Ушбу тадбир корхонада меҳнат қилаётган ёшлар томонидан ҳам олқишлар билан кутиб олинди.
Ушбу маърифий тадбирлар ёшлар тарбиясига ижобий таъсир этади, – дейди “Сирдарё ИЭС” ОАЖ ёшлар етакчиси Мафтуна Жўраева.
Шуни ҳам айтиш керакки, мустақиллик йилларида турли миллат вакиллари Давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлди. Рус миллий маданий маркази фаоли Сабоҳат Зунунова ҳам шу йил “Дўстлик”ордени соҳибаси бўлди.
Ўзаро бағрикенглик, ҳамжиҳатлик, миллатлар аро тотувлик каби инсоннинг энг гўзал фазилатлари, эзгу амаллар янада бўй кўрсатмоқда. Бу тинчликдан, хотиржамликдан дарак. Дарҳақиқат, осойишта юртнинг, ҳамжиҳат халқнинг дастурхони тўкин, тўйлари кўп, эртаси порлоқ бўлиши, шубҳасиз. Бу тотувлик олтин ҳалқадек мустаҳкам ва зангламас”.

Зебо Ҳайдарова.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!