Click to listen highlighted text!

ХОТИРА УЙҒОНСА ГЎЗАЛ

9-май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан вилоят касаба уюшма ташкилотлари томонидан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат ва Қуролли Кучлар фахрийлари иштирокида “Қаҳрамонлик, бурч ва фидойилик”, “Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият” ҳамда “Тинчлик ва осойишталик, миллатлар аро тотувлик- бебаҳо неъмат” шиорлари остида маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этилмоқда. Худди шундай тадбирлар Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё филиали ва “Равшан”даволаш маркази меҳнат жамоалари билан ўтказилди.
Тадбирларни Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими етакчи мутахассиси З.Ҳайдарова очди ва олиб борди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон ХДП вилоят Кенгаши раиси ўринбосари М.Хайитов Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистон халқи вакилларининг иштироки, уруш йилларида ўзбек халқининг кўрсатган жасорати, миллионлаб кўчириб келинганларни ўз бағрига олиб, фронт ортида ҳам жасорат билан меҳнат қилганлиги ҳақида гапириб берди. Шу жумладан, Сирдарё вилоятидан ҳам минглаб ота-боболаримиз жангу жадалларда қатнашган, шундан саноқлиларигина бугунги кунда тирик ва давлатимиз томонидан уларнинг ҳурмат-эҳтироми ҳар қачондангидан-да юқори. Бу йил уларга текин Ҳаж сафари, санаторийда дам олиб келиш, 5 млн сўм миқдорида байрам совғаси тақдим этилмоқда, шунингдек, ҳар бир давлат-нодавлат ташкилотлари байрам арафасида уларнинг ҳузурида бўлиб, ўз совғаларини тақдим этишади.
Шундан сўнг, Зебо Ҳайдарова юртимизда яшаётган, 130 дан ошиқ миллатлар ва элатлар, айнан Сирдарё вилоятида 70 дан ошиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилиши, “ЎзбекТелеком” Сирдарё филиалида ҳам 10 дан ошиқ миллатлар вакиллари ишлаши, фуқароларимизнинг ҳуқуқлари миллати, тили ва динидан қатъий назар Қонун олдида бараварлиги, турли миллат ва элат вакилларидан ташкил топган халқимизнинг аҳиллиги ва оқибатлилиги, шу боис мамлакатимиз тинч ва фаровон эканлиги ҳақида гапирди.
Ҳуқуқшунос Отабек Давронов Ўзбекистон Республикасининг “Коррупция тўғрисида”ги 2017 йил 3 январда қабул қилинган Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2 февралдаги қарори билан тасдиқланган 2017-2018 йилларга мўлжалланган “Коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури” мазмун-моҳиятини меҳнат жамоаларига, ҳар бир фуқарога етказиш ҳуқуқшуносларнинг бурчи экани, коррупция – шахснинг ўз мансаб ва хизмат мавқеидан шахсий манфаатлари ёхуд ўзга шахснинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида Қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни Қонунга хилоф равишда тақдим этиши ҳисобланиши ва коррупция ҳар қандай жамиятни емириши ҳақида сўзлаб берди.
Тадбир сўнгида РШТЁИМ Сирдарё филиали бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Бобур Тожибоев ҳамда “Равшан” даволаш маскани бошланғич касаба ташкилоти раиси Илҳом Бўроновлар маърузачиларга ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.

ВКУТБ маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!