Click to listen highlighted text!

САДОҚАТГА ТЎЛА УМР

Инсонга умр бир маротоба берилади. Ана шу берилган азиз умрни хар ким ўз қаричи билан ўлчаб яшайди. Шундай тақдирлар бўладики, уларнинг номлари хеч қачон инсонлар хотирасидан, қалбидан чиқмайди.
Мен Гулистон туманида, Турғун Ахмедов номли қишлоқда туғилиб, вояга етдим. Отам ва онам – оддий мехнаткаш инсонлар эди. Улар ўзларининг халол меҳнатлари билан беш ўғил, беш қизни вояга етказдилар, бизни имкон қадар ўқитиб, тўғри тарбия беришди.
Тўғри тарбиялаб, вояга етказганлари туфайли бизлар ҳаётда қоқилмасдан, ота-оналаримиз каби тинч-тотув оиламизни тебратиб, яшаб келяпмиз.
Умр деймиз-у, лекин ўша умр бир лаҳзадек ўтиб кетар экан. Онажоним ҳаётдан жуда эрта – 45 ёшида оламдан ўтдилар. Укаларим ҳали ёш, она меҳрига зор эди. Фарзандларнинг роҳатини кўриши, ҳаётнинг ширин дамларини суриш унга насиб қилмади.
Бу биз – фарзандлар учун бир умрга армон бўлиб қолди.
Онам тадбиркор, оқила, саранжом-сариштали, софдил, пазанда, давраларда гўзал суҳбатлари билан аёлларни ўзига ром қиладиган хушчақчақ аёл эдилар.
Оғир дард орамиздан олиб кетди.
Ўша пайтда отам Аҳилбек Тожиев 55 ёшда эдилар. Энг кичик укам Акбаржон бир ярим яшар гўдак эди.
Отам ҳаётнинг бу аччиқ зарбасини матонат, садоқат, сабру тоқат билан қарши олди.
Ёшлигидан онадан айрилиб, етимликни бошидан ўтказган отам бир ярим яшарлик укам тақдирини, фарзандларининг тақдирини ўгай она қўлига топширмади. Ҳам ота, ҳам она бўлиб, бошқаларга намуна бўлиб яшадилар.
Отам оддий меҳнаткаш, оқ кўнгил инсон, бировдан ёрдамини аямайдиган, маҳалла –кўйнинг ғам-ташвишларига шерик, ўзининг дунёқараши билан ўзгаларга ўрнак кўрсата олган, олийжаноб фазилатли инсон эдилар.
Отам хар биримизни уйли-жойли қилди, набира-чеваралар суйди, уларнинг ардоғида бўлиб, армонлари ушалди.
Отам табаррук 91 ёшда оламдан ўтдилар.
9-май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида биз фарзандларининг қалбимизниғурурга тўлдирган, қўллари қадоқ, ҳалол ризқ топиб, тўғри тарбия бериб бизларни камолга етказган отажоним Аҳилбек Тожиев ва Анвара онажоним ёд олдим, уларнинг хотиралари олдида бир умр таьзимдамиз!

Эргашева Муҳаббат, Оқолтин тумани “Саховат” маҳалласи хотин-қизлар билан ишлаш ,оилаларда маьнавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!