Click to listen highlighted text!

СИЗДА ОЛТИН КЕКСАЛИК БОР, БЕКТУРСИН ОТА!

Жуда кўпчилик ҳаётининг ёшлик палласини, айниқса, 18 ёшини қўмсайди, такрор яшагиси келади. Бироқ, Гулистон шаҳрида яшовчи, Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиси бўлган Бектурсин ота Пирматов сира бундай орзу қилмаган. Айни навқирон палласида Сирдарё вилояти Мирзачўл ҳудудида трактор ҳайдаш билан бирга даланинг ҳамма оғир юмушларини бажариб келарди. Бироқ, 44 – йилнинг охири, уруш тинкани қуритган паллада, ота-боболар қаторида жанггоҳга йўл олди. “Агар уруш бир йилга чўзилганида, йигитлар қолмаганидан, аёллар ҳам жалб қилинармиди”, – дейди қаҳрамонимиз. Ҳарбий тайёргарликдан сўнг, уларни 1945 йил Мўғулистон ҳудудига жойлаштиришади. Кундузи окоп қазиб, кечаси юриш қилишган. Япония чегараларида жанг қилиб, урушдан кейинги карантин ҳудудларида нақ 5 йил қолиб кетди. Ниҳоят, 6 йиллик суронлардан сўнг 1951 йил юртга қайтиш насиб этган. Поездда қайтар экан, тезроқ ватанни кўриш, уруш асоратларини тиклаш ва йўқотилган йиллар ўрнини қоплаш нияти билан ёнди. Бу мақсад унинг 30 йиллик матбуот йўналишида ишлаган йилларида ҳам сўнмади. Кейинчалик вилоят “Нуроний” жамғармасини 87 ёшга киргунга қадар бошқариб келди.
Дунёда умри азиз бўлган, чархнинг жафоларидан омон қолган инсонлар бор, тақдирлар бор. Буни чеккан машаққатлар мукофоти дея тушунмоқ керак…
Бектурсун ота ҳам Умринисо ая билан 64 йиллик турмушлари давомида 5 фарзанд, 28 набира ва 15 нафар чевараларга бош бўлиб, намунали оилага асос солишди.
Ота-онаси бағрида бахтиёр болалик оғушида бўлган чевараси Абдуллоҳ “каттабобо урушда оёқларидан ўқ еган” деб мақтаниб гапиради. “Байрам қилиб чиқдик”, деган қўшнилар фахрланади. Бектурсун бобонинг эса урушда ўқ тегиб, ярадор бўлган оёқлари оғриб, кўнгли чўккан лаҳзалар кўп бўлса ҳам, вилоятнинг қатор ташкилотларидан вакиллар келиб, мамлакат президенти табрик ва совғаларини тақдим қилишганида олтин кексалик насиб этганидан, тақдиридан розилик туяди.
– Шу кунларга етказганига шукур, – дейди бобо қўлларини дуога очиб.

Озода МАМАДАЛИЕВА,“Ishonch” мухбири

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!