Click to listen highlighted text!

ПОКЛАНИШ ОЙИ

Мамлакатимизда ҳар йили қутлуғ Рамазон ойини ёшу қари баб-баравар интизорлик билан кутади. Чунки бу ойда юртимизга, оилаларимизга бир илоҳий файзу баракотлар ёғилади, кўнгиллар равшанлашиб, руҳиятимиз покланади.
Рамазон ойи меҳр-шафқат, саховат, мурувват, эҳсон, барака ойи саналгани боис бу ойда қариндош-уруғлар, етим-есирлар, бева-бечоралар, хастаю ногирон кишилар ҳолидан хабар олиш халқимизнинг азалий одатларига айланган. Ушбу раҳмат, мағфират ойи кўп фазилату хислатларни ўзида жамлаган. Бу фазилатлар рўза тутган инсонларнинг феъл-атворида, юриш-туришида ҳам ўз аксини топади. Масалан: баъзи баджаҳл, асабий кишилар ҳам рамазон кунларида бировга қаттиқ гапириб, озор беришдан тийиладилар кечиримли, сабр-тоқатли бўлишади.
Айни рамазон кунларида кўча айлансангиз, транспорт воситаларига чиқсангиз, бунга ўзингиз ҳам гувоҳ бўласиз. Биров-бировга овозини баландлатиб гапирмайди, мулойим, ширинсўзлик билан муомала қилади. Энг муҳими, ўша одамлар атайлаб шундай ҳолатга тушмайди, балки кўнгли юмшагани, руҳиятини сокинлик қамраб олгани учун унинг феълида ўзгариш сезилади.
Кўпчилик кишилар рўза тутмасалар ҳам ишдан сўнг оиласи уйига эртароқ қайтиб, оиласи бағрида бўлишга, кечки овқатни рўзадор жигарлари даврасида, меҳр оғушида тановул қилишликни истаб қолишади. Чунки рўза кунлари ифтор даструхонига қут- барака қўниб, таомлар ҳам тотли бўлар экан-да. Бундан ташқари, оила соҳиби, албатта, ишдан қайтишда ифторлик ва саҳарлик учун бирор тансиқ егулик, энг сара мева-чевалардан олиб келиб, яқинларига илингиси, шу орали меҳр улашгиси келади. Ҳар бир яхши ният билан қилинган иш, ҳаракат фақат эзгуликка йўғрилгандир. Қутлуғ Рамазоннинг ҳар бир куни, лаҳзаси фақат руҳан покланиш, тозаланиш, теран фикрлаш билан кечишини истаймиз, азизлар.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!