ПИЛЛАКОРЛАР ҒАЙРАТИ
Шу кунларда вилоятимиз ҳудудларида “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологиялар йили”нинг қалдирғоч ҳосили –пиллани териб олиш авжида. Таҳририятимизга жойларда бир қути пилладан 70 килограммгача ҳосил кўтараётган моҳир пиллачилар ҳақида хабарлар келиб турибди.
Хусусан, Гулистон туманидаги Бешбулоқ МФЙ хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Адолат Атабекова маҳалла аёлларига бош бўлиб, пилла парваришлади. Шу кунларда моҳир пиллачилар ҳар қутидан 70 килограммгача ҳосил кўтардилар.
Ховос туманидаги Гулбаҳор МФЙ нинг чевар пиллакори 70 ёшли нуроний онахон Муҳаббат Алибекова бу йил келинлари билан 3 қути пилла парваришлади.
-Аллоҳ насиб қилса, ҳалол меҳнатим эвазига келган маблағни сарфлаб, Ҳаж сафарига бориш ниятим бор, -дейди ғайрати билан ёшларга ҳам ўрнак бўлаётган онахон.
-Бу йил ўзим бош бўлиб, маҳалламизда банд бўлмаган 5 нафар аёлларнинг бошини бириктириб, 5 қути пилла парваришладик, – дейди Оқолтин тумани Мустақиллик МФЙнинг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Мўътабархон Толипова.
– Шу кеча-кундузда пилламиздан мўл ҳосил кўтардик. Пиллакорларимизнинг кайфияти баланд. Пилла корхонаси мутахассислари парвариш пайтида доимий хабар олиб туришди, ун ва ёғ маҳсулотлари тарқатилди, ҳар қутидан 55 килограммдан 65 килограммгача ҳосил кўтардик, меҳнатимиз самараси ҳам шунга яраша бўлади, албатта.
– Бу йил Сирдарё вилоятида уч марта пилла парваришлаш режалаштирилган бўлиб, биринчи навбатда ҳудуд пиллакорларига 7200 қути ипак қурти тарқатилган. 2 – навбатда 800 қути тарқатилади, 3 – навбат 2 навбатнинг самарадорлигига қараб белгиланади. Ҳар қутидан пилла топши риш режаси 55 кг қилиб белгиланган. Бу йил юртимиз хирмонига 400 тонна Сирдарё “кумуш толаси” топшириш мақсад қилинган. Пиллакорларимиз ҳам ҳар томонлама рағбатлантириляпти, 1 килограмм пилла 13 минг сўмдан, режадан ошган ҳар кг учун 17 минг сўмдан қабул қилиняпти, – дейди вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилфуза Ўролова.
– Маълумки, пиллани асосан, хотин-қизлар парваришлайди, бу йил режани ошиғи билан бажарган моҳир пиллакорларимизни муносиб рағбатлантирилиш кўзда тутилган. Бу борада, албатта, ҳудудларда банд бўлмаган хотин-қизларни мавсумий ишга жалб қилиш асосий йўналишимиз бўлади.
Зебо Ҳайдарова