Click to listen highlighted text!

ГУЛИСТОНДА КИТОБ БАЙРАМИ

Гулистон шаҳридаги Алишер Навоий номли “Билимдонлар маскани”да вилоят ҳокимлиги, матбуот ва ахборот бошқармаси, “Зиё”нашриёти, Маънавият ва маърифат маркази ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар иштирокида “Китоб байрами” ўтказилди.
-“Китобхонлик маданиятини юксалтириш – буюк мақсадларимизга эришишнинг муҳим кафолатидир” шиори остида ўтказиладиган “Китоб байрами” маънавий-маърифий тадбиридан кўзланган мақсад – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори асосида ноширлик ва матбаа соҳаларида қўлга киритилган ютуқ ва марраларни кенг оммага етказиш, ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини ва аҳолининг китобхонлик кўникмасини юксалтириш, миллий ва жаҳон адабиётининг энг яхши намуналарини тарғиб қилиш, оилавий китобхонликни, ёзувчи ва ўқувчи ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш ёшларни миллий адабиётга, она Ватанга юксак муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга ҳисса қўшишдан иборат, – дейди вилоят Матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Жумабой Қосимов.
Ушбу тадбир Гулистон шаҳрида катта тантанага айланиб кетди. “Билимдонлар маскани” эрта тонгдан китобсевар аҳоли ва меҳмонлар билан гавжум бўлди. Қувонарлиси, бу ерга вилоят ижод аҳлининг каттаю кичик – барчаси жам бўлди.
-Китобхонларга тақдим этилаётган адабиётларни кўриб кишининг қалби қувончга тўлади, бу ерда классик адабиётлардан тортиб, адабиёт майдонига янги, шиддат билан кириб келаётган муаллифларнинг ҳам ижод намуналарини топасиз, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Мунаввар Пардаев. – Ўзимизнинг ҳамшаҳримиз, детектив асарлар муаллифи Даврон Мўминовнинг китоблари шулар жумласидандир.
Китоб байрамининг расмий қисмида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси Ҳаётхон Ортиқбоева, шоир Абдурауф Бахмалий, Ўзбекистон Журналистлар Ижодий уюшмаси аъзоси Равшанбек Маҳмудов ва бошқалар сўзга чиқдилар. Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи вилоят Кенгаши томонидан “Энг яхши китобхон оила”, “Энг яхши китобхон”, “Ёш китобхон” каби совринли викториналар ва “Китоб ўқишни ёқтирасизми?”мавзуида ижтимоий сўровномалар ҳам ташкиллаштирилди.
Тадбирга вилоятимизнинг кўзга кўринган санъаткорлари ижросида куй-қўшиқлар янада шодиёналик бахш этди.

Зебо Ҳайдарова.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!