“СИРДАРЁ” ОРОМГОҲИ – МАВСУМГА ТАЙЁР!
Мамлакатимизнинг барча умумтаълим мактабларида бўлгани каби Сирдарё вилоятида ҳам сўнгги қўнғироқ садолари жаранглаб, ўқувчиларнинг ёзги таътил кунлари бошланди. Яна бир неча кунлардан сўнг улар болалар ёзги дам олиш оромгоҳларига кузатилади.
Хўш, оромгоҳлар болажонларимизни қабул қилишга шайми?
Ўқувчиларнинг ёзги таътил кунларини кўнгилдагидек ўтказишларини таъминлаш мақсадида жорий йилги мавсумда вилоятдаги иккита доимий, 40 дан ортиқ кундузги оромгоҳлар ташкил этиш кўзда тутилган. Бу оромгоҳларда болажонларимиз мароқли дам олиши, ҳордиқ чиқариши баробарида билимини бойитиши, жисмонан тобланиши зарур. Зеро, уларнинг ёзги мавсумни мазмунли ўтказиши кейинги ўқув йилидаги муваффақиятда муҳим аҳамият касб этади.
– Эрта-индан бошланадиган ўқувчиларнинг ёзги дам олиш мавсумида вилоятимизга қарашли иккита ёзги соғломлаштириш оромгоҳида 2 минг нафар, 41та кундузги оромгоҳларда 9 минг 300 нафар фарзандларимизнинг ҳордиқ чиқаришларини режалаштирганмиз, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси ўринбосари Қаршибой Эшназаров. – Ушбу соғломлаштириш масканларида пардозлаш, таъминлаш ва ободонлаштириш ишлари якунланиш арафасида.
Вилоят ҳокимлиги, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, халқ таълими, ички ишлар, соғлиқни сақлаш ва фавқулодда вазиятлар бошқармалари ҳамкорлигида тузилган ишчи гуруҳ томонидан объектларнинг хавфсизлик ҳолати, бино ва иншоотларнинг техник мустаҳкамлиги, улар жойлашган ҳудуд ва йўлларда юзага келиши мумкин бўлган вазиятларнинг олдини олиш бўйича муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди.
Ана шу тайёргарлик ишларини ўз кўзимиз билан кўриш мақсадида
Сирдарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси тасарруфидаги Сирдарё тумани, кўҳна Жайхун бўйида жойлашган “Сирдарё” болалар соғломлаштириш оромгоҳига сафар уюштирдик.
Оромгоҳга олиб борувчи асфальт йўл жорий бўлса-да таъмирдан чиқарилибди.
Пештоқига “Сирдарё” болалар соғломлаштириш оромгоҳи деб ёзиб қўйилган дам олиш масканига киришингиз билан шаҳардаги сиқиқ, иссиқ, бўғиқ ҳавосидан тубдан фарқ қилишига гувоҳ бўласиз.
Оромгоҳдаги тозалик, озодалик, тартиб, бир чизиқда оқланган ва буталанган 5 минг туп атрофидаги, оромгоҳга ўзгача чирой, салқинлик ва олам-олам кислород пуркаб турган манзарали ва мевали дархтлардан дил яйрайди. Айниқса, сирен ва жийда гулларидан тараладиган бўйдан киши роҳатланади.
Таъмирдан чиқарилган йўлаклар четидаги бордерлар оқланган, йўлак бўйлаб ўзгача чирой акс эттириб турган ранг-баранг гуллардан баҳри-дилинг очилади. Йўлакчалар чети бўйлаб ўрнатилган байроқчалар, Президентимиз ва ўтмиш алломалар фикрлари баён этилган паннолар, болажонларни тозалик, тартиб-интизомга, билим ўрганиш, китоб ўқишга чорловчи суратли баннерлар, қайси йўналиш қаерга олиб боришини кўрсатиб турувчи белгилар тартиб билан ўрнатилган.
Болажонларнинг соя-салқинда яйраб-яшнаб ўйнашлари учун дарахтлар тагига ётқазилган бўз ўрилиб, сув пуркагичлар пуркалаётган об-ҳаёт яшиллик тусига янада чирой бағишлабди. Шоҳтут, балх тути, зардолининг мевалари аллақачон пишиб, ўзига бол олган.
Жорий таъмирдан чиқарилган очиқ сузиш ҳавзаси, ўти ўрилиб, чизиқлар тортилиб, ҳатто, иптўригача тутиб қўйилган футбол, волейбол, гандбол, баскетбол майдонлари ва югуриш йўлакчалари: “Болажонлар тезроқ келишсин, бизда яйраб ўйнашсин, чопқилашсин, тўп тепишсин, шодон кулгилари оромгоҳда жарангласин!” дегандек қабулга шай “туришибди”.
Оромгоҳ учун махсус қурилган ер ости суви билан таъминловчи иншоот зарур миқдордаги сувни мунтазам етказиб турибди. Ҳар эҳтимолга қарши заҳира олиб қўйилган сув тортгич насос ҳам жойида.
Мувофиқлаштирувчи Кенгаш ташаббуси билан ажратилган қурувчи, электр, сантехника усталари ўз ишларини белгиланган муддатда якунлаб, оромгоҳ маъмуриятининг миннатдорчилигига муяссар бўлишди.
Ўғил ва қиз болалар учун алоҳида-алоҳида, жорий таъмирдан чиқарилган ечириш-кийиниш, душхоналар ишлаб турибди.
Деворлари оқланиб, фойдаланишга яроқли зарур жиҳозлар бўялиб, таъмирланган 400 ўринли ошхонадаги шарт-шароит алоҳида таҳсинга лойиқ. Овқатланувчилар учун идиш-товоқ, қошиқ-санғич, ликопчаю коса, чойнак-пиёлагача ортиқча заҳираси билан тахт қилиб қўйилган.
Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари учун омборхонадаги, гўшт ва гўшт маҳсулотлари учун совутгичли омбор, қуруқ маҳсулотлар омбори, нон ва нон маҳсулотлари цехи техник созлиги ва санитария ҳолати аъло даражада.
– Оромгоҳимизнинг умумий майдони 10 гектарни ташкил этади, – дейди 2014 ва 2016 йиллари республикадаги “Энг намунали оромгоҳ” номинацияси ғолиби бўлган “Сирдарё” болалар соғломлаштириш оромгоҳи раҳбари, ўз ишининг ҳақиқий жонкуяр, фидойи инсон Мурод Аллаёров. – Боғимизда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотлари эвазига болаларни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида 1 гектарча майдонга помидор, бодиринг, булғор гаримдориси, карам, бақлажон, картошка, сабзи, пиёз ва турли кўкатлар экканмиз. Кутубхонамизни янги адабиётлар билан бойитдик. Бундан ташқари, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан келишиб, Президентимизнинг сирдарёлик ёшларга тақдим этган ажойиб совғаси, ғилдиракли кутубхона – библиобусини ёз мавсуми давомида оромгоҳимизга 3-4 марта келиши режалаштирилди.
Шунингдек, жисмоний тарбия ва спорт, маданият бошқармалари ва бошқа қатор мутасаддилар билан келишган ҳолда болажонларимизнинг ёзги дам олишини кўнгилдагидек ўтказиш мақсадида кўплаб спорт мусобақалари, турли танлов, викторина, маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар уюштиришни кўзда тутганмиз.
Ётоқхона учун мўлжалланган 5 бинонинг биттаси ҳамда аввал маъмурий бино сифатида фойдаланилган бино бундан 4-5 йил муқаддам мутахассислар томонидан фойдаланишга яроқсиз, деб топилгани учун эшик ва деразаларини ёпиб, михлаб қўйганмиз.
Дарвоқе, жами 400 ўринли, ҳар бири 2 қаватли тўртта ётоқхонада яратилган шарт-шароитлар идеал ҳолатда. Хоналар деворлари, поли, шифти, вестибюллари жорий таъмирдан чиқарилиб, бўялган. Коридор узра топ-тоза гилам-дорожкалар, хоналарда чўғдек қип-қизил гиламлар тўшалган. Ҳар бир диван, ундаги яп-янги ёпинчиқ, ёстиқжилд, сочиқлардан янгилик ҳиди уфириб турибди. Ҳар бир бола учун тиш пастаси, тиш чўткаси, совун аллақачон тумбочкаларига тахлаб қўйилибди.
Марказлашган тиббиёт хонасидаги шкафда барча зарур дори-дармонлар мавжуд. Бундан ташқари, ҳар бир ётоқхонада гигиенахоналарида ҳам шароит кўнгилдагидек.
Ёнғин, зилзила ва турли табиий офатлар ҳамда фавқулодда вазиятлар чоғида заҳира чиқишлар ва эвакуция учун тайёрланиш жойларининг схемалари ҳар бир ётоқхонада илиб қўйилган.
Ёнғин хавфи туғилганда фойдаланиш учун ўрнатилган шчитлар таъмирланиб, бўялган. Унда зарурат туғилганда фойдаланиш учун барча зарур жиҳозлар мужассам қилиб қўйилган.
Ҳар бир ётоқхона олдидаги умивальниклар ишлаб турибди. Ҳовлидаги соябонли айвонлар таъмирланиб, бўялган.
Оромгоҳ электр ва тоза ичимлик суви билан таъминланишида ҳамда телефон алоқасида мунтазамлик тўла йўлга қўйилган.
Хулоса қилиб айтганда, “Сирдарё” болалар ёзги соғломлаштириш оромгоҳи болажонларни ўз бағрига қабул қилишга тайёр!
А.ҚАЮМОВ