Click to listen highlighted text!

ҲАР БИР БОЛАГА МЕҲР-ЭЪТИБОР

Она халқимиз ўзининг болажонлиги, бағрикенглиги билан машҳур. Аслида бола кўнглини олиш учун байрамлар шарт эмас. Лекин ”бугун бизнинг байрамимиз” дея ширин забонлари билан тайёрлаган шеър, қўшиқлари билан тадбирларга ҳақиқий байрамона тус беришади.
Гулистон шаҳрининг Алишер Навоий номидаги “Билимдонлар маскани”да келажак эгалари учун байрам дастурлари тақдим этилди. Маскан ташриф буюрувчилар учун бир-биридан қизиқарли ўйинлар, саҳна кўринишлари, қўғирчоқ театри томошалари, расмлар кўргазмаси каби Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳудудий бўлимлари аъзолари тайёрлаб келган кўргазмалар билан безатилди. Бир тарафда қўли гул қизалоқлар сабзавотларга шакл бериб, “кармен” санъатини намойиш этсалар, бошқалари расм чизиш, тўқиш, соз чалиш каби санъатдаги иқтидорларини намойиш этиб тенгдошларига ҳам ўзларини синаб кўришларига имконият беришди. Яқинда вилоят ёшлари учун Президент томонидан совға қилинган кўчма кутубхона-библиобус ҳам майдонга келтирилди. Жажжи китобсеварлар китобларни томоша қилиб улар билан дўстлашишди.
– Мен Сардоба туманидан ташриф буюрдим. Ҳар йили байрам тадбирларида иштирок этаман. Айниқса, бу йил аъло даражада ўтди. Шахримиз ҳам жуда чиройли бўлиб кетибди, – дейди Сардоба туман 18-умумтаълим мактаби ўқувчиси Ўролбек Файзуллаев. – Зукколик баҳсларида тенгдошларим билан иштирок этдим ва 3 даражали дипломга сазовор бўлдим.
– Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оила фарзандларининг 275 нафари учун байрам дастурхони, совғалар ташкил этилган, – дейди Сардоба тумани Халқ таълими маънавий-маърифий ишлар бўйича шўъба раиси Анвар Хатамов. – Вилоятнинг чекка тумани Сардобадан 17 нафар болажонлар билан ташриф буюрдик. Уларнинг таассуротлари бир олам.
Истироҳат боғида жойлашган Нуронийлар маскани айвонида дастурхон тузалиб, болажонларга таомлар, ширинликлар тортиқ қилинди.
– Ҳеч бир байрамларда фарзандларимиз эътибордан четда қолмайди,-дейди Гулистон шаҳридаги “Болалар шаҳарчаси” директори Покиза Ахмеджанова.- Давлат ташкилотлари билан бир қаторда хусусий тадбиркорларимиз ҳам ўзларининг беғараз ёрдамларини доимо бериб келишмоқда. Ҳар йилги анъанага кўра вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ёзги соғломлаштириш оромгоҳларига тарбияланувчиларимизнинг барчаси учун бепул йўлланмалар беришди.
– Мен бу йил биринчи синфни тамомладим,- дейди Болалар шаҳарчаси тарбияланувчиси Асилбек Маҳкамов.- Ҳар йили байрамга чиқамиз. Бугунги байрамга ўзимнинг “Бахтли болалик” номли қўшиғимни тайёрлаб келдим.
Шу куни гул-у райҳонларимиз кўнглини олишга ҳамма баравар ҳаракат қилди. Гулистон шаҳридаги Н – ҳарбий қисм хизматчилари фарзандлари ўртасида ташкил этилган спартакиада мусобақалари ҳам айнан шу мақсадда бўлиб ўтди. Ҳарбий қисм бошланғич касаба уюшмаси томонидан ташкил этилган тадбирда 5 -14 ёшли 35 нафар болажонлар иштирок этиб қизиқарли шартлар бажаришди. Ғолиблар эсдалик совғалари ва диплом билан тақдирланишди.

Озода МАМАДАЛИЕВА

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!