Click to listen highlighted text!

ҲАВАСКОР САНЪАТСЕВАРЛАР БЕЛЛАШУВИ

Гулистон шаҳридаги “Дўстлик” маданият уйида Сирдарё вилояти меҳнаткашлари ўртасида “Санъатим сенга, обод юртим!” мавзуидаги ижодий кўрик-танловнинг ҳудудий ўтказилди.
Ушбу кўрик-танловнинг дастлабки босқичида вилоятимиздаги корхона ва ташкилотлар, фермер хўжаликлари ва бошқа муассасаларнинг 1000 нафарга яқин вакиллари – ҳаваскор ижрочилар иштирок этдилар. Улар анъанавий ижрочилик, эстрада қўшиқчилиги, якка ва ансамбль чолғу ижрочилиги, якка ва жамоа рақси ижрочилиги бўйича ўз маҳоратларини намойиш этди.
Тадбирни очиб берган вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси ўринбосари Қаршибой Эшназаров Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан корхона, ташкилот ва муассасалар ишчи-ходимларининг бандлигини таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий муҳофазасини ошириш борасида қабул қилинаётган қарорлар, касаба уюшмалари томонидан ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзолари маънавиятини юксалтириш, маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш орқали мазмунли ҳордиқ чиқариши учун шароит яратиш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар ҳақида сўзлади. Хусусан, меҳнат жамоаларида ўзлигимизни, қадр-қимматимизни англаш, Ватанга садоқат мавзуларида кўплаб тадбирлар ўтказилмоқда. Меҳнаткашлар учун Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз каби тарихий шаҳарларимизга жамоавий саёҳатлар ташкил этилаётир. Фақатгина 1 ярим йилликда туризм бўйича меҳнат жамоаларига қўйилган йиллик режа ортиғи билан уддаланди.
Бу йилги “Санъатим сенга, обод юртим!” ижодий кўрик-танловининг ўтказилаётгани ҳам меҳнат жамоаларидаги ижодий ва ишчанлик муҳитини мустаҳкамлаш, ҳаваскор ижрочиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижодини халқимизга кенгроқ таништиришга хизмат қилмоқда.
-Мен Республика Шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалининг жонлантириш бўлимида ҳамшира бўлиб ишлайман. Рақс –менинг жону дилим. Меҳнат жамоасида ўтказилган ҳар бир тадбирда фаол қатнашаман. Яқинда бўлиб ўтган “Ҳамшира 2018” кўрик-танловида ҳам фахрли 2-ўринни эгаллаган эдим. Бугунги танловнинг ”Якка рақс ижрочилиги” йўналишида “Мен томонга қараб қўй” қўшиғига рақс тайёрлаб келдим ва ижро этдим, – дейди кўзлари порлаб Наргиза Оқбўтаева.
– Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, ушбу танловда ёш чегараланмаган, мана, кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз, саҳнага отилиб чиққан санъатсевар ишчи-ходимлар орасида пенсия ёшига яқинлашиб қолганлари ҳам бор. Айниқса, Гулистон туманидаги 8-умумтаълим мактаби ўқитувчи аёллари томонидан тайёрланган жамоавий рақс, вилоят ИИБ га қарашли 15 МТМ тарбиячиси Нигора Абдумуминова томонидан ижро этилган “Аёл” рақси менда катта таассурот қолдирди, – дейди ҳайъат аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган балетмейстер Ойшахоним Айтмаганбетова.
Танлов якунига кўра, бешта йўналишда – “Анъанавий ижрочилик” йўналишида Ховос тумани 23-умумтаълим мактаби кутубхоначиси Раҳима Худойбердиева, “Эстрада қўшиқчилиги” йўналишида Гулистон шаҳар Кўзи ожизлар жамияти аъзоси Одил Ражаббоев, “Якка ва ансамбль чолғу ижрочилиги” йўналишида Гулистон тумани 8 умумтаълим мактаби ўқитувчиси Абдували Ўролов, “Якка рақс ижрочилиги” йўналишида Гулистон шаҳар ИИБга қарашли 15 МТМ тарбиячиси Нигора Абдумўминова, “Жамоавий рақс ижрочилиги” Гулистон тумани 8–умумтаълим мактаби ўқитувчи аёлларининг “Меҳнат” гуруҳи биринчи ўринга лойиқ топилдилар. Шунингдек, танловда турли номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.
– Мазкур кўрик-танловнинг мақсади меҳнаткашларнинг бўш вақтларини сермазмун ўтказиш, улар ўртасида бадиий ҳаваскорлик ижодиётини, миллий қадриятларимизга бўлган муносабатларни ривожлантириш, юрт ободлиги ва фаровонлигини, истиқлолимизга шукроналик туйғуларини мадҳ этиш, меҳнат жамоаларидаги санъатга иштиёқманд бўлган, иқтидорли ишчи-ходимларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, бадиий ҳаваскорликни кенг тарғиб этишдан иборат эди, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири Х. Аминов. –Кўзланган мақсадга тўла эришилди, ҳаваскорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар, рақслар меҳнаткашларимизнинг санъатга иштиёқи баландлигини кўрсатган бўлса, уларнинг мазмуни миллий қадриятларимиз ва ватанпарварлик туйғуларига йўғрилган, ғолибларнинг муносиб тақдирланганлиги уларнинг кайфиятини кўтариб, иш фаолиятлари унумдорлигига ижобий таъсир кўрсатади, албатта.

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!