Click to listen highlighted text!

НУРЧИЛАР БЕЛЛАШДИЛАР

           “Сирдарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” Акциядорлик Жамияти ва жамият касаба уюшмаси ҳамкорлигида туман, шаҳар тақсимлаш электр тармоқлари электромонтёрларининг касб маҳорати мусобақаси ташкил этилди. Мирзаобод туманида бўлиб ўтган мусобақада 5 турдаги синовлар асосида жамоавий беллашувлар қизғин кечди.
– Ходимлар касб маданияти ва маҳоратларини аниқлаш, доимий ривожлантириш, шунингдек, меҳнат муҳофазаси тўғрисидаги Қонун ҳужжатларига риоя этилиш кўникмасини шакллантиришга кўмаклашувчи мусобақа ҳар йили корхонамизда ўтказилиши анъанага айланган, – дейди бошланғич ташкилот касаба уюшма қўмитаси раиси Шавкат Мирзабеков.
– Ходимларимизнинг танловга бўлган қизиқишлари юқорилигини уларнинг тайёргарлиги, ғолиб чиқишга интилишларидан сезиш мумкин.
– “Ўзбекэнерго”АЖнинг буйруғига кўра 20 июндан 20 июлга қадар хавфсизлик техникаси бўйича кўрик ойлиги бўлиб ўтмоқда. Мусобақа ўтказилган ҳудудда ҳам алоҳида тайёргарлик кўрилиб объектларда таъмирлаш, жиҳозлаш ишлари амалга оширилди, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Бозорбой Исматов. – Кўп йиллик фаолиятим давомида дуч келган бахтсиз ҳодисаларни ўрганиб билдимки, уларнинг ҳеч бири бир-бирига ўхшамаган. Демак, фақатгина меъёрий қоидаларга бўйсунган ҳолда ҳаракатланиш билан ҳавфсиз бўла оламиз. Амалиёт яқинда иш бошлаган ёшлар учун ҳам, тизимда тобланган тажрибали нурчи учун ҳам фойдадан ҳоли эмас. Бугунги мусобақанинг амалий шартлари орқали кўринмас хавфни ходимлар қандай бошқаришларига гувоҳ бўлдик.
Соҳа илмини ўзлаштиришда устоз – шогирд анъанаси муҳим ҳисобланади. Янги иш бошлаган ходимлар эгаллаган назарий билимларини устозлар кўмагида амалиётда қўллашни ўзлаштирадилар. Шу боис ҳам, нурчилар мусобақасига тизимда узоқ йиллар ишлаган фахрий энергетиклар ҳам таклиф этилди. Шу куни 42 йиллик фаолияти давомида кўплаб шогирдлар чиқарган Меҳриали Гайдаров, тезкор чиқиш бригадасида ишлаган Абдуҳошим Алимов ва Ҳафиза Пардаевалар мусобақа қатнашчилари ҳаракатларига баҳо бериб, ўз тавсияларини беришди.
– Сардоба туман электр тармоқлари корхонасида 5 йилдан буён ишлайман, – дейди Қаҳрамон Қувондиқов. – Мусобақада биринчи марта иштирок этдим. 10 кв ли таянчда электр токи таъсирига тушган электромонтёрни қутқариш ва биринчи ёрдам кўрсатиш шартини бажардим. Белгиланган 2 дақиқа ўрнига 1:22 сония сарфлашга муваффақ бўлдим.
– Гулистон шаҳар қурилиш коллежини тамомлаганман. Мутахассислигим қурилиш билан боғлиқ бўлсада электр энергия соҳасида ишлашни танладим. Бунинг учун қўшимча малака курсларида ўқидим, – дейди Мирзаобод ТЭТ корхонаси электромонтёри Аббос Абдуллаев. – Оилада дадам шу соҳада меҳнат қилиб келмоқдалар. Шу боис менда ҳам қизиқиш пайдо бўлган. 2 – бор мусобақада иштирок этишим ва узилган симни бартараф этиш шартида синовдан ўтдим.
Вилоят туман, шаҳарларидан ташриф буюрган 11 та жамоалар босқичма босқич 5 та шартларни бажаришди. Танлов якунида юқори кўрсатгичларни Боёвут, Мирзаобод туманлари ва Гулистон шаҳар электр тармоқлари корхоналари қўлга киритишди. Ғолиб жамоаларга диплом ва касаба уюшмасининг пул мукофотлари топширилди. Шу билан бирга шартларда намунали иштирок этган бригада электрмонтёрлари “Энг яхши уста”, “Энг яхши иш юритувчи”, “Энг яхши электрмонтёр” каби номинациялар билан рағбатлантирилди.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch” мухбири

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!