ХАЛҚ ФАРОВОНЛИГИ ЙЎЛИДА
Мустақиллик йилларида вилоят ҳар томонлама ривожланди, унинг шаҳар ва қишлоқлари обод бўлиб, аҳолининг турмуш фаровонлиги ошди. Ҳудудда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида қурилиш, қишлоқ хўжалиги тармоқларида, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, ижтимоий соҳаларни ривожлантиришда салмоқли натижаларга эришилмоқда.
Шу кунларда барча жойларда бўлгани каби, Сирдарё вилоятида ҳам Мустақиллигимизнинг 27 йиллигини муносиб кутиб олишга тайёргарликлар бошланиб кетди. Шу билан бирга айтиш жоизки, вилоятимизда кенг кўламли амалий ишлар қилинмоқда, хусусан, вилоятимизда жами 92 та хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар фаолият юритмоқда. 2018 йилнинг 1 ярмида 8та шундай корхона ишга туширилган. Бу корхоналарда минглаб ҳамюртларимиз иш билан таъминландилар.
2018 йилда Сирдарё ЭИЗнинг кенгайиши, ушбу ҳудудда ташкиллаштириладиган амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг портефели шакллантирилиб, умумий қиймати 3,7 триллион сўм бўлган саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишидаги 97 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва 725 тадан ошиқ ишчи ўрни яратиш мўлжалланган.
Янгиер ЭИЗга асос солиниб, 2018-2019 йилларга умумий қиймати 6,4 трлн сўмлик мўлжалланган 302 та лойиҳаларнинг амалга оширилаётганлигининг ўзи яқин келажакда вилоят аҳолисининг фаровонлиги ошиши кафолатидир. Хусусан, ушбу лойиҳалар амалга оширилса 15 мингдан зиёд иш ўринлари яратилади, бу эса ўз-ўзидан шунча хонадон обод бўлади, дегани.
2018 йилнинг ўзида ишга тушадиган 2,2 трлн сўмлик 221 та лойиҳа доирасида 8 мингта иш ўрни яратилади.
Ушбу корхоналарнинг 82 та си саноат, 64 таси хизмат кўрсатиш ва сервис, 75 таси қишлоқ хўжалигида ташкиллаштирилиб, 8 мингта аҳолини иш билан таъминлаш билан бир қаторда маҳаллий бюджетга қўшимча 125 млрд сўмлик тушумлар туширилиши ҳамда 105 млрд долларлик мавҳсулотлар экспортини йўлга қўйилишига эришилади. Шунингдек, 9 турдаги импорт ўрнини босувчи (Led лампочкалари, фармацевтика саноати учун шиша идишлар, табиий анор шарбати, момиқ сочиқ маҳсулотлари, саморезлар, металлопрокатлар, металл кукуни, духоба гули экстракти, юк ташувчи электро мотоцикллар) маҳсулотлар ишлаб чиқилади ва шунинг ҳисобидан 185 млн доллар валюта тежалади.
Вилоятимизда фақатгина 2018 йилнинг 1 ярмида қиймати 721,4 млрд сўмлик 57 та лойиҳа амалга оширилди, натижада 1522 та янги иш ўрни яратилди. Хорижий инвестицияларни жалб этиш борасида 2018 йилда 16 та тўғридан тўғри хорижий инвестиция иштирокидаги лойиҳалар амалга оширилади ҳамда мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилади. Мисол учун, Сирдарё туманида металлни чуқур қайта ишлашга мўлжалланган Хитойнинг “Ванда гроуп” қўшма корхонаси ишга тушса 800 та иш ўрни яратилади. Янгиер шаҳрида Туркиянинг 65 млн долларлик инвестициялари киритилиши натижасида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган “Беслер” қўшма корхонасида 300 та, Оқолтин туманида Жанубий Корея Республикасининг 3,8 млн долларлик инвестициялари ҳисобига “Оқолтин текстил” қўшма корхонаси ишга туширилиб, 120 та иш ўрни яратилади. Мирзаобод туманида 2 та лойиҳа “Мирзаобод асл анори” корхонаси ва “Флай лед” қўшма корхонаси тўлиқ ишга туширилган.
Албатта, ушбу корхоналарда маҳаллий ёшлар иш билан таъминланди. Мирзаобод туманидаги “Бек кластер” корхонасида ҳам 500 тага яқин мавсумий ва доимий ишчилар фаолият юритмоқдалар. Ишга туширилган ва тушириладиган объектларнинг барчаси Сирдарё вилояти иқтисодий салоҳиятини юксалтирибгина қолмасдан, аҳоли фаровонлигини оширишга ҳам хизмат қилади.
Хусусан, янги иш ўринларига эга бўлган юртдошларимиз орқали касаба уюшмалари сафларига 449 та корхона, муассаса ва ташкилот, аъзолар сони 8483 нафарни ташкил этяпти. Йил охиригача вилоят ҳудудларида 30255 та янги иш ўрни яратилади.
Шуни алоҳида айтиш зарурки, кейинги йилларда кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасига берилаётган эътибор туфайли миллионлаб юртдошларимиз айнан шу соҳада фаолият юритмоқда. Хусусан, Сирдарё вилоятида ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари сони 10 мингтадан ошиб кетди. Уларнинг 5мингга яқинини хотин-қизлар бошқармоқда. Хотин-қизларга имтиёзли 7 фоизли кредитлар ажратилиб, бугунги кунда уларнинг ҳунармандчилик ва тадбиркорлик соҳасига қўшган ҳиссалари катталашиб бормоқда.
Иқтисодиётда ЯИМ ўсиши ўтган йилнинг шу даврига қараганда 103,1% га ўсди.
Вилоятда 2017-2018 йилларда 1 минг 820 янгиланган намунавий лойиҳалар асосида арзонлаштирилган уй-жойлар қуриб битказилиши кўзда тутилган бўлиб, айни чоғда, уларнинг 826 таси фойдаланишга топширилган. 2018 йилга мўлжалланган 997 та хонадонли уй-жой ноябрь ойи охирига қадар топширилади. Йил охиригача 52 та ижтимоий объектлар тўлиқ таъмирдан чиқарилади. Бунинг барчаси аҳолини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш учун амалга оширилади.
Мамлакатимизда спорт, айниқса, болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли Сирдарё вилоятида 3 та спорт иншооти қурилиб, фойдаланишга топширилди. “Обод қишлоқ” дастури асосида чекка қишлоқлардаги мактабларда ҳам спорт заллари, футбол майдончалари, спорт мажмуалари барпо этилаётир. 4 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари қурилади.
Барча амалга оширилаётган эзгу ишлар замирида Президентимиз таъбири билан айтганда, “инсонни рози қилиш, халқни рози қилиш” деган мазмун-моҳият ётибди.
<center><b>Зебо Ҳайдарова</b></center>