Click to listen highlighted text!

“БОҒАРО” НИНГ УЧ МУАММОСИ

                  Сирдарё туманида жами 38 та қабристонлар мавжуд бўлиб, туман ободонлаштириш бошқармаси фуқароларга хизмат кўрсатиш участкаси тасарруфида.
Қабристонлардан бирига ташриф буюриб, 3 муаммонинг ечим кутаётганига гувоҳ бўлдик.

1 – муаммо.
Туман ҳудудининг “Пенг – Шенг” қўшма корхонаси атрофига сифатли қора асвалт ётқизилган-у, йўл шундоқ “Навбаҳор” қишлоқ белгисига етиб тугаган. Кейин ҳақиқий “қишлоқ йўли” бошланади. Бу йўлларга неча йилки “меҳр” берилмагани, таъмирлаш, ямаш ишлари олиб борилмаганини билиш учун “андак” суриштириш ҳам шарт эмас. Ачинарлиси, йўл йўқолиб бормоқда. Чуқурларнинг кўплиги одамларни безовта қилиб келиши ҳақиқат. Шунингдек, қабристонга кириш йўлаги фақат тош ташлаш билан ҳосил қилинган. Очиғи, “баллон изи”гина қолганидан бунга ҳам кўп бўлган дейиш мумкин. Табиат аллақачон кучини кўрсатиб “яшиллаган”. Масаланинг мазмуни туман мутасаддиларига ҳам аён. Жорий йилнинг 1 чораги давомида ўрганиб чиқилган ва 2019 йилда ички йўлларни таъмирлаш бўйича дастурга киритиш учун вилоят ҳудудий йўллардан фойдаланиш ДУКга таклиф хати юборилган. Муаммонинг ҳал этилиши мутасадди ташкилотлар, қолаверса, туман ҳокимлиги назоратни қанчалик масъулият билан олиб боришига боғлиқ қолмоқда.

2 – муаммо
Қабристон майдони 2 гектардан иборат бўлиб, номи, дарвозаси йўқ “очиқ мозор” ҳолатида. 7 йилдан буён қоровул бўлиб хизмат қилаётган Абдуғофур Хусановнинг айтишича, 50 – йиллардан буён бу ерга қабрлар қўйилади. Яқингача ном ҳам берилмаган, эл “Навбаҳор қабристони” деб юритиб келган. Шунча вақтдан буён ёлғиз ўзи хизмат қилади. Гўрков йўқлигидан қабр ковлаш учун маҳалладан кўнгилли одам чақирилади. Бир хонали лойсувоқ ҳужра ҳам таҳоротхона, ҳам тиловотхона вазифасини ўтаган. Юритиб келинаётган 3 та дафтарлар қоровулнинг хонадонида сақланиб келинмоқда.
Бу йил Президентимизнинг Қабристон ва зиёратгоҳларни ободонлаштириш бўйича фармонлари ва шу асосда вилоят ҳокимлигининг “Вилоятдаги қабристонларни ободонлаштиришга бириктирилган ташкилотлар рўйхати” га асосан ҳомийлар кўмаги билан иш бошланган эди. Энг аввал, маҳалла фаоллари атроф боғ билан ўралган қабристонга “Боғаро” дея чиройли ном беришди. Қабристон номи, муқаддас суралар ёзилган баннерлар тайёрланди. Феврал ойида туман прокуратураси ҳамда туман ички ишлар бўлимига бириктирилган ҳомий ташкилотларнинг вазифага киришмаганликлари ҳақида хат чиқарилди. Мазкур қабристонга Сирдарё “Рефрежератор” депоси масъул ҳомий ҳисобланиб, ҳудуднинг қаровсиз эскирган биносини бузиб, текислаб, янгиларини қуришни бошлаган эди. Лекин ишлар ҳозирда тўхтаб қолган. Ташкилот республика тасарруфига қарашли экани ва етарли асос кўрсатилмаса, молиявий қоидабузарлик содир этишдан чўчишини рўкач қилмоқда. Мутасаддилар эса ҳануз зарурий асосни беришмаган. Маҳалла аҳлининг айтишича, ташаббус билан чиқаётган ҳомийлар бор ва улар ишни бугундан бошлашга тайёр. Тараддудлари сабаби иш бошлаган ташкилот йил охирида ҳисоб – китобини олишда қийналиб, чалкашлик бўлишидан хавотирда. Англашилганидек, бу ерда ваколатлининг бирига ишни тўхтатишига, бошқасига бошлашига рухсат керак. Вақт эса ўтиб бормоқда. Янги олинган иш қуроллари ва ёзилган баннерлар ҳамон кўчада қолмоқда.

3 – муаммо
“Боғаро” қабристонига қишлоқнинг Фурқат ва Қуёш МФЙларидан одамлар келади. Айни пайтда қабристон тўлиб бормоқда. Қоровулнинг ўлчовида яна 50-60 қабр учун жой қолган. Жой сўраб қилинган мурожаатлар эса…
2016 йил Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Абдураҳмон Умирзақов қабристон майдони кичрайиб, майитларни қабрга қўйишда муаммолар туғилганлиги ҳақида жойларга мурожаат қилган. Ободонлаштириш бошқармаси фуқароларга хизмат кўрсатиш бўлими масъули Зокир Эшназаровнинг маълумотига кўра туманда бу каби “тўлиб” бораётган қабристонлар бир нечта ва қўшимча ер ажратилиши тўғрисида мурожаатлар қилинган.
Туман ҳокими ўринбосари Худойберди Нажмуллаев ер майдони ажратиш бўйича ҳудуддан талабга жавоб берадиган, туман захирасидаги ер майдонларидан танлаш ишлари туман кадастр ҳамда архитектура ва қурилиш бўлими мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилаётганини маълум қилди. Умид қиламизки, қўшимча ер қабристон атрофларидан берилади. Шундагина қабристон ободлиги масъуллари, келиб кетувчи зиёратчилари учун қулайлик ва ғамхўрлик кўрсатилган бўлади.

<center><b>Озода МАМАДАЛИЕВА, “Ishonch” мухбири</b></center>

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!