Click to listen highlighted text!

“ ТАШАББУС” -ЯНГИ  НОМЛАРНИ  КАШФ  ЭТДИ

Гулистон  шаҳридаги  “  Алпомиш”  спорт  мажмуида  Президент  соврини  учун  ўтказилган “  Ташаббус”  кўрик-танловининг вилоят  босқичида туман  ва  шаҳарлар  босқичларида ғолиб чиққан   ҳунарманд, тадбиркор  ва фермерлар иштирок этдилар.

Ўз маҳсулотларини кўз- кўз қилаётган, янги янги иш  ўринлари яратаётган ҳунарманд,  тадбиркор ва  фермерлар сафи йилдан йилга ўсиб бораётганлиги учун ҳам вилоятда ўтган  беш йилда саноат корхоналари сони 256 тага ортиб, 1038 тага етди, кичик  бизнес  субъектлари  сони 7281 тадан  ошиб  кетди. Кейинги беш йилда 974  та хизмат кўрсатиш ва сервис  шохобчалари ташкил  этилди.  Вилоят ялпи ички маҳсулотида 2015 йилда  саноатнинг улуши 21,0 фоизга  тўғри келди.  2013 2016 йилларга мўлжалланган “ Саноат салоҳиятини ривожлантириш ҳудудий  дастури” бўйича белгиланган лойиҳалар, хусусан реал секторнинг етакчи тармоқларини модернизациялаш  ва технологик янгилаш ишларининг ичзил олиб борилиши натижасида умумий қиймати 166,3  млрд. сўм миқдоридаги  267 та янги ишлаб  чиқариш объектлари фойдаланишга топширилди ва жойларда 8200 дан зиёд янги  иш ўринлари яратилди. Енгил саноат  корхоналари сони  200 тага етказилди. Енгил саноатни ривожлантириш  ҳисобига вилоятда пахта толасини қайта ишлаш 2009 йилдаги 7 фоиздан 2016 йилга келиб 28,8 фоизга  етди.

Паррандачилик, чорвачилик, балиқчилик, асаларичилик ва боғдорчиликни ривожлантириш бўйича ҳам кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда. Чунончи, шу йилнинг бошига келиб вилоятда паррандачилик фермалари сони 214 тани, чорвачилик фермалари сони 872 тани, балиқчилик  хўжаликлари  сони 285 тани, асаларичилик хўжаликлари  сони 11 тани, боғдорчилик  фермер  хўжаликлари сони 864 тани ташкил этаётгани ҳам озиқ- овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни янада кўпайтириш, бозорларимизни мева- чева билан янада тўкин қилиш имконини бераётир.

Энг характерлиси,  Президентимизнинг ташаббуси билан   танловда  “ Соғлом турмуш тарзини  тарғиб этган тадбиркор”, “ Йилнинг  энг яхши  маҳсулоти”, “ Энг  масъулиятли ижтимоий шерик”, “ Энг яхши оилавий бизнес соҳиби”, “ Энг яхши  инновацион лойиҳа”, “Энг яхши тадбиркор аёл”, “Энг ёш тадбиркор аёл” номинацияларининг жорий этилганлиги  вилоятда тадбиркор  ва  ишбилармонлар сафи янада кенгайиши, экспортчи корхоналар сони ўсишини  таъмин этаётир. Буни бу йилги танловга қўйилган маҳсулотлар  турининг кўплиги,  янги ишлаб чиқариш йўналишларини ташкил этган тадбиркорларларнинг улар сафидан ўрин олганлиги ҳам яққол исботлаб турибди. Айниқса  кўргазмада  ёш ҳунарманд гулистонлик  Шаҳризода Маматхонованинг теридан ишланган минатюра асарлари, мирзаободлик Раъно Боймуродованинг қўғирчоқлари, янгиерлик Соҳиба Ғаффорованинг оқ сурп, пахта ва тухумдан ясалган, деҳқончилик рамзини эслатиб турувчи ширмойи нонлари  қатнашчиларда катта таассурот қолдирди.

– Аввал простина, адёл ишлаб чиқаришни йўлга қўйгандик, -дейди боёвутлик тадбиркор Ойсафар  Бўрибоева. -Бу йил ишлаб чиқаришни кенгайтириб плёнкадан сумкалар тайёрлашни йўлга қўяяпмиз. Шу  мақсадда Хитой давлатидан янги технология олиб келиб ўрнатдик. Хом ашёни  эса  Қашқадарё вилоятидан  олаяпмиз.  Ушбу корхонамиз тўлиқ ишга тушгач яна 7 та  коллеж битирувчиси янги иш ўринлари билан доимий  таъминланади. Маҳсулотларимизни қўшни вилоятларга сотиш  борабарида хорижий давлатларга экспорт  қилиш чораларини ҳам кўраяпмиз. Бу эса ишлаб чиқариш суръатини янада ошириб, маҳсулот сифати учун изланишларни давом  эттиришни талаб этади. Ҳукуматимиз томонидан  биз  тадбиркорларга яратилаётган қулайликлар бизнесимизни  тўғри йўлга қўйишда алоҳида роль ўйнаётир.

-Тадбиркорларга яратиб берилаётган шарт- шароитлардан жуда хурсандмиз,- дейди Мирзаобод  туманидаги “ Мирзаобод универсал трайд” хусусий корхонаси менджери Айбек Ахметов.- Ишбилармонлик  муҳитига кенг йўл очилганлигидан  фойдаланиб хусусий корхонамизда паррандачилик, чорвачиликни ҳам йўлга қўйдик. 4,5 гектар майдонда иссикхона  ташкил этдик. Ўтган йилнинг ўзида 32 тонна мош, 1160 тонна узум, 23  тонна ерёнғоқ, 650  тонна карам, 200 тонна пиёз маҳсулотларини хорижий  давлатларга экспорт  қилдик. Қишлоқ хўжалигида янги агротехнологияларни  қўллаш борасида ҳам  изланишларни давом  эттираяпмиз.  Шу мақсадда 3 та ерга енгил ишлов  берадиган, транспорт хизмати кўрсатадиган тракторимизни газ билан ишлашга мослаштирдик. Бу корхонамизда ёқилғи маҳсулотларини тежаш, сарф -харажатларни камайтириш баробарида иш унумдорлигини яна ошириш имконини ҳам бераётир.

Бу йили кўрик-танлов ишлаб  чиқариш, қурилиш  корхоналари, кичик бизнес  субъекти  эгалари кўп қатнашганлиги билан фарқланиб  турди. Шу боисдан  ғолибларни  саралаб, аниқлаш   ҳам  бирмунча  қийин кечди.

Вилоят  ҳокими Ойбек Ашурматов танлов қатнашчиларини  анъанавий байрамлари -тадбир  қизғин ўтаётганлиги билан табриклаб, вилоят ишлаб чиқаришида тадбиркор,  ҳунарманд ва фермерларнинг роли тобора ўсиб бораётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

“Энг яхши ҳунарманд” йўналишида Бахт шаҳрилик ҳунарманд Рўзижон  Нарзиқулов, “ Энг яхши тадбиркор” йўналишида Сайхунобод туманидаги  “Сайхун Темурбек”  фермер хўжалиги раҳбари Саъдулла Кенжаев, “ Энг яхши тадбиркор” йўналишида гулистонлик тадбиркор Зоир Додоевлар учинчи ўринга лойиқ  деб топилди. “ Энг яхши ҳунарманд” йўналиши бўйича Ширин шаҳридан Мўътабархоним Бегимова, “Энг яхши тадбиркор” йўналиши бўйича Мирзаобод туманидаги “Мирзаобод универсал трайд” кўп тармоқли корхонаси раҳбари Ғанишер Нормуҳаммедов, “ Энг яхши фермер”  йўналиши бўйича Боёвут туманидаги “ Ҳақберди файзи” фермер  хўжалиги раҳбари Шукуржон Раҳмонбердиевлар иккинчи ўринга муносиб  кўрилди. Халқ  амалий санъати бўйича ажойиб композициялар яратаётган Мансурбек Ражабов   “ Энг яхши ҳунарманд” йўналиши бўйича, Янгиер  шаҳридаги “ Омад текс” корхонаси раҳбари Аҳрор Азизов “ Энг яхши тадбиркор” йўналиши бўйича, Гулистон  туманидаги “Барлос” фермер хўжалиги раҳбари Алижон Ҳайдаров “ Энг яхши фермер” йўналиши бўйича фахрли биринчи ўринни эгаллаб, кўрик -танловнинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини  қўлга киритдилар. Шунингдек, кўрик -танловда фаол иштирок этган тадбиркор, ҳунармандлар турли номинациялар бўйича рағбатлантирилди.

Ғолибларга  совға ва дипломларни вилоят ҳокими Ойбек Ашурматов топширди.

Бозорбой  БЕКМУРОДОВ

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!