Click to listen highlighted text!

БУ ДАРГОҲДА ҲЕЧ КИМ ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДА КОЛМАЙДИ

Мамлакатимиз ривожланишининг бешта устувор ҳаракатлар стратегиясидан бири аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишга қаратилган. Мана шунинг ўзиёқ олиб борилаётган сиёсатнинг нақадар оқилона эканлигини исботлайди. Амалиётга жорий этилаётган улуғвор вазифалар мазмунида юртимизда ҳар бир фуқаро эъзоз ва эътиборда эканлиги исботланмоқда.  

Сирдарё тумани Ўзбекистон СИУ ҳудудидаги  Навоий маҳалласида истиқомат қилувчи Музаффар Қурбонов 1-гуруҳ ногирони, мана неча йиллардирки, тўшакка михланиб қолган.

– Давлатимиз ва маҳалладошларимнинг ғамхўрлигини доимо ҳис қилиб тураман, – дейди Музаффар ака. – Улар доим ҳолимдан хабар олиб туришади. Ногиронлар жамияти вилоят ҳамда Сирдарё туман  бўлими ва бошқа ҳамкор ташкилотлар ҳам байрамларда доимо йўқлаб келишади. Ногиронлик аравачаси, дори-дармон, озиқ-овқатлар олиб келишиб, кўнглимни олишади. Мен юртдошларимдан мингдан минг розиман.

– Асосий ҳамкорларимиз – туман хотин-қизлар қўмитаси, тиббиёт бирлашмаси, Фуқаролар ўзини ўзи бошқарув органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи  туман  кенгаши, шунингдек, кейинги икки йил давомида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ногиронлиги бор ҳамда оиласида ногирон аъзоси бор фуқароларимизга яқиндан ёрдам беришмоқда, – дейди Ногиронлар жамияти туман бўлими раиси Бўрибой Шеров. – Ушбу ташкилотлар йил давомида жамиятимиз аъзолари учун турли тадбирлар уюштириб, уйларини таъмирлаш, таянч аппаратлари ва дори-дармон олиб беришмоқда. Бу биз учун жуда муҳим. Биргина бизнинг Сирдарё туманимизда 2668  нафар 1-2-3 гуруҳ ногиронлиги бор фуқаролар истиқомат қилади. Булар бизнинг рўйхатимизда турадиган фуқаролар, иложи борича уларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлаяпмиз. Яқинда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг грант танловига лойиҳа ёздик. Насиб қилса, ногиронлар учун иш ўринлари яратишни режалаштирганмиз.

              -Туманимизда истиқомат қилаётган ногиронлиги бор фуқаролар ва кам таъминланган аҳоли қатламига мансуб юртдошларимиз хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа давлат-нодавлат ташкилотларнинг доимий эътибордадир дейди Сирдарё туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Нафиса Жўраева. – Бу йил хотин-қизлар қўмитаси томонидан 19 нафар ногиронлиги бор аёллар касаначи сифатида доимий ишга жойлаштирилиб,  Республика Хотин-қизларни қўллаб қувватлаш жамоат фонди  ҳисобидан бошланғич бадали тўлаб берилган уй-жойлар билан таъминланди. Шу ўринда, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан туманимизда истиқомат қилувчи 25 нафар кам таъминланган ва ногиронлиги бор фуқароларимизнинг уй-жойлари таъмирлаб берилди.  Асосий Қомусимиз қабул қилинган кунни нишонлаш арафасида уй-жойга муҳтож шу тоифага мансуб фуқароларимизга  2 та уй олиб берилиши режалаштирилган. 6 нафар ногиронлиги бор юртдошимизга аравачалар олиб берилди, яна 6 нафарига жарроҳлик амалиёти ва дори-дармонлар учун пул маблағи ўтказиб берилди. Айтиш жоизки, бундай савобли ишлардан туман тиббиёт бирлашмаси ҳам четда қолгани йўқ. Хусусан, йил давомида 24 нафар ногирон фуқароларга аравачалар, 53 нафарига эшитиш ва таянч мосламалари олиб берилди.Ногиронлиги бор ва кам таъминланган фуқароларга бўлган эътибордан вилоятнинг барча ҳудудларида истиқомат қилаётган меҳрга ташна юртдошларимиз баҳраманд бўлаётир.

Хусусан, кўрсатилаётган эътибор ва меҳр-мурувватдан кўнгли тоғдек кўтарилган Сирдарё вилояти Янгиер шаҳри, Носир Маҳмудов кўчаси 10 уйнинг 48-хонадонида истиқомат қилувчи  Шаҳноза Мавлонова  шундай дейди:

  • Меннинг  онам  ва қизим  бирга яшашади. Онам руҳий касал, мен ва қизимнинг кўзимиз ожиз. Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг  аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш борасида 2017 йилда қабул қилган қарори  ижроси сифатида 2018 йил Мустақиллик байрами арафасида бизнинг хонадонимиз Сирдарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг назорати остида тўла таъмирлаб берилди.  Биз каби кўнгли ярим, ғарибларнинг кўнглини кўтариб, ғамхўрлик қилаётган,  савоб ишларни амалга ошираётган барча ҳокимият, давлат ва жамоат ташкилотларини оиламиз билан дуо қиляпмиз.

Шаҳноза Мавлонова каби давлатимиз ғамхўрлигидан боши осмонга етганлар сафида Ширин шаҳрилик  Шербакова Альбина Михайловна ҳам бор. Альбина Шербакова шаҳардаги Аҳиллик кўчаси 38 уй 2 хонадонда истиқомат қилади. 80 ёшга кирган, 2-гуруҳ ногирони бўлган ушбу онахоннинг уйи  Президентимизнинг 2017 йил 12 сентябрда қабул қилинган “аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра тўла таъмирдан чиқариб берилди.

         -Биз каби меҳр-мурувватга муҳтож кишиларни эсдан чиқармай, оғиримизни енгил қилишга бош қўшган барчадан жуда миннатдорман, – дейди Альбина Михайловна. – Ўзбекистонда яшаётганимдан, бутун умримни, ёшлигимни шу Ватанга бағишлаганимдан ҳеч ҳам афсусланмайман, барчага катта раҳмат!

Айтиш жоизки, Сирдарё вилоятида аҳолининг кам таъминланган қатлами ҳамда ногиронлиги бор аъзолари бўлган оилаларни қўллаб-қувватлаш тизимли йўлга қўйилган. Бу борада давлат ва нодавлат ташкилотлари биргаликда, баҳамжиҳат иш олиб бормоқда.

– Юртбошимизнинг “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижроси бўйича, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тузилган ишчи гуруҳ вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман-шаҳар бўлимлари тақдим этган рўйхат асосида кам таъминланган хонадонларга кириб, мулоқот олиб бориб, уларнинг яшаш шароитлари, муаммоларни ўрганишди. Натижада эҳтиёжманд оилаларга уй-жой ажратиш, уй-жойни таъмирлаш, маиший техника ажратиш, тиббий хизматга эҳтиёжи ва кредит олишга хоҳиши бўлган оилалар рўйхати шакллантирилди, ушбу рўйхат туман-шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланиб, Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилди. ВазирларМаҳкамаси томонидан тасдиқлангач,  йил давомида амалга ошириб келинмоқда, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Рустам Турсунмуродов. – Хусусан, 275 та кам таъминланган ва ногиронлиги бор фуқароларнинг уй-жойлари таъмирлаб берилди. Худди шу тоифага мансуб 21 та оила 2017 йилда, 22 та оила 2018 йилда янги уй билан таъминланди. 66 та тиббий муолажага муҳтож ногиронлиги бор фуқаролар соғломлаштирилди. 770 та шу тоифадаги оилага электр-маиший жиҳозлари тарқатилди.

         Шу ўринда вилоят хотин-қизлар қўмитаси тизимида ҳам юқорида тилга олинган тоифадаги юртдошларимизга тизимли меҳр-мурувват, бандлигини таъминлаш, ижтимоий муҳофаза қилиш каби ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Мисол учун,   2017 йилда 81 нафар ва 2018 йилда 100 нафар ушбу тоифага кирувчи хотин-қизлар рўйхати шакллантирилиб,  “Ўзпахтасаноатэкспорт” ХК “Сирдарёпахтасаноат ҳудудий филиали” МЧЖ тизимидаги пахта тозалаш корхоналари томонидан 73 нафар, “Ўзбекистон темир йўллари” АК Ховос темир йўл депоси томонидан 48 нафар ва “Ўздонмаҳсулот” АК “Оқолтиндон” АЖ томонидан 24 нафар ҳамда “Ховосдон” корхонаси томонидан 12 нафар, бошқа ишлаб чиқариш корхоналарига 24 нафар, жами 181 нафар хотин-қизлар билан касаначилик бўйича меҳнат шартномалари тузилди ва улар тикув машиналари билан таъминланди.

Ушбу хотин-қизларнинг 54 нафари 2017-2018 йилларда намунавий лойиҳалар асосида қурилган арзонлаштирилган уй-жойлар билан таъминланди. Уларга топширилган уй-жойларнинг бошланғич бадал тўловлари  вилоят “Маҳалла” фонди орқали Президент маблағлари,  Республика Хотин-қизларни қўллаб қувватлаш жамоат фонди ҳамда   касаначи ишлаётган корхоналар томонидан  тўлаб берилди.

  • Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 13 апрель куни вилоятимизга ташрифи давомида берилган топшириққа асосан вилоят ҳудудида истиқомат қилувчи 1974 та кам таъминланган оилаларда яшовчи хотин-қизлар аниқланди ва уларнинг рўйхати шакллантирилди. Туман ва шаҳар ишчи гуруҳларининг хулосасига кўра уларнинг 619 нафари уй-жойга муҳтожлиги аниқланди, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилфуза Ўролова. -Вилоятда 2018 йилнинг якунига қадар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган ҳамда касаначилик фаолияти билан шуғулланаётган 178 нафар хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш режалаштирилган. Шундан, 94 нафарига Республика Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан тўлаб берилиши режалаштирилган.

2018 йилнинг август-сентябрь ойларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги “Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги  285-сонли қарори асосида 94 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда ногиронлиги бўлган хотин-қизларга Республика Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан уй-жойлар нархининг 25% миқдорида  3 485 006 200 (уч миллиард тўрт юз саксон беш миллион олти минг икки юз) сўм маблағлар тўлаб берилди.

Куни кеча уларнинг 14 нафари янги уй-жойларга кўчиб кирди.

Шу кунларда  Сирдарё вилоятида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби 3 декабрь  -Халқаро ногиронларни ҳимоя қилиш кунини нишонлашга алоҳида тайёргарликлар кўрилмоқда.

  • Барча шаҳар-туманлар марказларида жамиятимиз аъзолари учун байрам тадбирлари ташкил этиш режалаштирилган, уларга байрам дастурхонлари ёзилади, ҳомийларнинг совғалари топширилади. Ушбу кунда тўшакда ётиб қолган ҳамюртларимиз эътибордан четда қолмайди, – дейди вилоят Ногиронлар жамияти раиси Мукаррам Абдураимова. – Кейинги пайтда туман-шаҳар бўлимларимиз ҳам фаолияти жонланган, ғурур билан айтишим лозимки, ушбу йилда 2 та туман бўлимимиз Олий Мажлис ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Фондининг грант танловлари ғолиби бўлди, Сайхунобод туман бўлими икки маротаба 14 минг доллар миқдоридаги чет эл гранти соҳибига айланди. Албатта, ушбу маблағлар жамиятимиз аъзоларининг оғирини енгил қилишга, уларга ҳунар ўргатиш ва бандликларини таъминлаш каби савобли ишларга ишлатилади. Бизни қўллаб–қувватлаб келаётган барча давлат ва нодавлат ташкилотлари, аввало, Президентимиз Шавкат Мирзиёевдан бениҳоя миннатдормиз.

 

 

Зебо ҲАЙДАРОВА

(О.Мамадалиева уюштирди)

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!