МАҚСАДИМИЗ -ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ БУЗИЛИШИНИНГ ҲАР ҚАНДАЙ КЎРИНИШИГА БАРҲАМ БЕРИШ
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг инсон ҳуқуқларига риоя этилиши аҳволини ўрганиш, жамиятда инсон ҳуқуқларига ҳурмат руҳини ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилишига муросасиз муносабатни шаккллантириш мақсадида «Инсон ҳуқуқи-олий қадрият» лойиҳаси доирасида бизнинг вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида учрашувлар, давра суҳбатлари, танловлар ва сўровномалар ўтказилаётганлиги ҳақида хабар берган эдик.
Шу лойиҳа доирасида Ширин шаҳар адлия бўлими ҳам «Инсон ҳуқуқлари — олий қадрият» лойиҳаси доирасида шаҳар халқ таьлими бўлими фаоллар залида умумтаьлим мактаблари педагог ходимлари иштирокида давра суҳбати ўтказди. Тадбир давомида педагог ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари таьминланганлигини ўрганиш бўйича мониторинг ҳам ўтказилди. Иштирокчилар билан ижтимоий сўровномалар тўлдирилди, анкета ва тестлар асосида халқ таълими соҳасида меҳнат қонунчилигига риоя этилиши ҳолати таҳлил қилинди. Ширин шаҳар адлия бўлими бошлиғи Шавкат Норқулов педагог-ходимларга меҳнат қонунчилиги талаблари ва унда белгиланган имтиёзлар тўғрисида муҳим тушунчалар берди.
-Ўтган, 2018 йилда босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида халқ таълими соҳасида меҳнат қонунчилиги талаблари бузилганлиги тўғрисида кўплаб мақолалар берилди. Шу жумладан, жойларда адлия бўлимларига ҳам бу борада мурожаатлар бўлди, — дейди Ш.Норқулов. – 2019 йил 9 январда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида» ги ПФ- 5618- Фармони, «Юксак ҳуқуқий маданият — мамлакат тараққиёти кафолати» деган ғоя остида жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришдаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш борасида қабул қилинган концепция ва уни 2019 йилда самарали амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да ҳуқуқшунослар, айнан, халқ ичига кириб бориш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириши, Қонун ва қонуности ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини фуқаролар онгига сингдириши, шу йўл билан жамиятимизда инсон ҳуқуқлари бузилишининг ҳар қандай кўринишига барҳам бериш туман ва шаҳарлар адлия бўлимларининг асосий вазифалари этиб белгилаб берилган. Адлия вазирлигининг “Инсон ҳуқуқлари –олий қадрият” лойиҳаси ижроси ҳам айнан шу мақсадга муштаракдир.
Г.Русланова