Click to listen highlighted text!

СИРДАРЁ ВИЛОЯТИ – ЯНГИ ТАРАҚҚИЁТ БОСҚИЧИДА

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳудудларда олиб борилаётган ижтимоий – иқтисодий ислоҳотларнинг ҳолати, йирик лойиҳалар ривожи, шиддат билан олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишиш, шунингдек, аҳоли билан мулоқот қилиш мақсадида 19 феврал куни Сирдарё вилоятига қилган ташрифи вилоят аҳлида унутилмас таассуротларга сабаб бўлди.
Вилоят бугун ўзгаришлар, янгиланишлар марказида. Ҳудудда бир неча ўнлаб ишлаб чиқариш объектлари, йирик саноат корхоналари барпо этилмоқдаки, бу ҳам бўлса 800 минг аҳолиси бўлган вилоятнинг турмуш шароитини яхшилаш, оддий одамлар ҳаётининг моддий фаровонлигини таъминлаш, юксалтириш каби эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.
Дастлаб Сирдарё туманидаги “Сирдарё универсал ойна” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишилди. Айтиш мумкинки, туманда саноат корхоналари сони йилдан йилга ошиб бормоқда. Бу туман аҳолиси учун муқим иш ўринлари демакдир.
“Сирдарё” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида ташкил этилган мазкур корхонада фармацевтика ва озиқ – овқат саноати маҳсулотлари учун мўлжалланган шиша идишлар ишлаб чиқарилмоқда. Импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун қиймати 50, 16 миллион АҚШ доллорлик лойиҳа амалга оширилди.
– Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бугун Сирдарё вилояти юртимизни экспортбоп маҳсулотлар билан бойитишга жадал қадамлар билан кириб бормоқда. Бу ҳодиса, шубҳасиз, асримизнинг янги тараққиёт босқичини ифодалайди, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Рустамбек Турсунмуродов. – Ҳаётга тадбиқ этилаётган улкан лойиҳалар кўпчиликнинг иш билан таъминланиши, турмуши фаравон бўлишига замин бўлади.
– Ўтган йили иш бошлаган корхона маҳсулотлари бозорларимизни тўлдириб турибди. Арзимас, кичик буюм сифатида қараладиган шиша идишларнинг маҳсулот тайёр бўлишида аҳамияти бор, – дейди Сирдарё туман тиббиёт бирлашмаси касаба уюшмаси раиси Ҳусниддин Исмоилов. – Вилоятимизда тиббиёт ускуналари, боғламлари, идишлари каби турли маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани келажакда барча турдаги тиббиёт малҳам – буюмлари ишлаб чиқарилишига ишонтирмоқда.

ХОВОС – ЧИНАКАМ ХАВАС УЙҒОТСИН…

Вилоятнинг Ховос тумани ғоят қадимий тарихи билан барчага машхур. Аҳолиси ҳам меҳнаткашлиги, ўқимишли, зиёли фарзандлари билан танилиб келган. Кореа республикаси технологияси билан жиҳозланган “Gran ruta de la seda” корхонасининг гидропоника усулидаги иссиқхонада бугунги кунда қишлоқ- хўжалик маҳсулотлари етиштирилмоқда.
-Умумий майдони 10 гектар бўлган иссиқхонада йилига бир минг беш юз тонна помидор етиштирилмоқда, – дейди иссиқхона менеджери Рустам Шокиров. – Корхона томонидан жорий йилнинг учинчи чорагида яна 10 гектар майдонда иссиқхона ташкил этиш режалаштирилган. Натижада доимий ишчиларимиз сони 220 ўринга еказилади.
– Бу ерда ишлашнинг қийинчилиги йўқ. Ҳарорат, ўсимликнинг сув ва озуқага талаби таҳлил орқали аниқланади. Барчаси компютерлаштирилган. Минераллар билан бойитилган сув томчилатиш усулида ўсимлик идизига етказилади – дейди Ҳилола Ҳамидова.
– Меҳнатимни яхши кўраман. Ишимга кўпчилик ҳавас билан қарашади. Бу ерда доим яшилликни, кўкаламликни кўраман. Меҳнатим сингган маҳсуотларни хорижда севиб тановул қилишларини тасаввур қилишим билан ишимга рағбатим ошади, -дейди Дилфуза Ҳайдарова. – Сабзавотларнинг чиройли шакл ва тус олишини кузатиш мароқ бағишлайди.

Ташриф давомида туман маркази Ховос шаҳарчасининг замонавий қиёфаси борасида таклиф ва тавсиялар берилди. Бунга кўра маъмурий бинолар, турар жойлар, мактаблар, истироҳат боғи, Хотира майдони, кутубхона ва театр каби объектлар қурилиши назарда тутилган.
– Президентимизнинг туманга ташрифи, бунёдкор ғояларини эшитиб биз кексаларнинг кўнглимиз тоғ баравар баландлади, – дейди туман меҳнат фахрийси Хайдарали Қиличев. – Туманимизда биргина ўтган йили амалга оширилган бунёдкорлик ишлари қанчадан қанча қалбларда унутилмас шодликка сабаб бўлган эди. “Ховособод” ҳудудида “Обод қишлоқ“ дастури асосида ишлар олиб борилгани, туман масжидининг барча шароитларга эга янги биноси қуриб фойдаланишга топширилганида шукроналар келтирган эдим. Маҳалладошларнинг эзгулик йўлида бирлашишига сабаб бўлган бунёдкорлик ишлари давом эттирилишидан жуда бахтлимиз. Ушбу аҳоли ҳаётини яхшилашга қаратилган янги режалар фарзандларимиз келажагига ижобий таъсир этиши, айниқса, қувонишга арзийди.

ТАДБИРКОРЛИКДА ЯНГИЧА ЁНДАШУВ

Бугунги кун тадбиркорига қўйилган муҳим талаблардан бири давр билан ҳамнафасликдир. Замона зайлига қараб иш тутиш бу энг аввало, ўзининг, маҳалладошининг, яъни одамлар эҳтиёжидан келиб чиқиб янги маҳсулот яратиш, фойдали хизмат тақдим этиш ташаббусидир. Сирдарёда бу йўналишдаги истиқболли лойиҳалар кўплаб топилиши қувончли ҳолат, албатта.
Кузатишлар шуни кўрсатмоқдаки, 1 килограмм пахта толасидан 5 дона ёши катталар футболкаси, ёки 10 дона болалар кийимларини тайёрлаш мумкин. Агар иқтисодий таҳлил қилинса, хом ашё сифатида сотилган пахта толасидан маҳсулот сифатида бозорга олиб чиқилганда 8, 9 баробар фарқ билан фойда кўриш мумкин.
Шу боис ҳам, жаҳон тажрибасига асосланган “Bek cluster” мчж қўшма корхона фаолияти орқали хомашё етиштиришдан бошлаб тайёр маҳсулот кўринишигача бўлган жараён олиб борилмоқда. Маҳсулотларнинг катта қисми экспортга йўналтирилгани вилоят иқтисодиётига катта улуш қўшмоқда.
– “Bek cluster” мчж қўшма корхонасида бугунги кунда бирлашган бошланғич касаба уюшмаси тузилишига эришилган. Акромжон Мусурмонқулов раислигида жамиятдаги қарийб уч мингдан ортиқ ходимлар манфаати ҳимоя қилинмоқда, -дейди тармоқ касаба уюшмаси масъул ташкилотчиси Эргаш Бўриев.
Корхонада асосан ёшлар, хотин- қизлар меҳнат билан бандлиги таъминланган.
Кластер таркибидаги янги пахта тозалаш заводи фаолияти билан танишган давлатимиз рахбари соҳага давомли равишда илғор технологияларни жорий этиб боришни тавсия қилди.

ВИЛОЯТНИНГ ТУРИСТИК “ЧЕҲРА”СИ

Вилоят ривожланиш режаси барча соҳаларни қамраб олганлигини эътироф этиш мумкин. Анча муддат қаровсиз қолдирилган манзилларга ҳаёт бахш этилмоқда. Туризмни ривожлантириш мақсадида “Чеҳра” мажмуасида ўтмишдан садо берувчи миноралар, замонавий дам олиш маскани ва фавворалар, ресторан ва кўнгилочар масканлар барпо этилди. Пойтахт ҳудудини барча вилоятлар билан туташтирувчи масканда мана шундай масканнинг барпо этилиши табиий эканлигини эътироф этишаётир.
Қурувчиларнинг сўзларига кўра яқин орада Сирдарё қирғоғидаги мазкур кенгликларда машҳур “Лой жанги” композицияси яратилади, ўтовлар қурилади. От ва туяда саёҳат қилиш имкониятлари юзага келтирилади. Умуман олганда, тарих ва бугунни акс эттирган янги туристик шаҳарча бунёд этилади.

СИРДАРЁНИНГ ҲАМ ЎЗ ИЖОД МАКТАБИ БЎЛАДИ

Доимгидек ёшлар, уларнинг келажаги давлатимиз эътиборида бўлмоқда. Вилоят фахри, Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби ташкил этилиши хушхабари вилоятликлар кўнглидаги гап бўлди.
– Ёшлар орасида ижодкорлар, адабиётга қизиқувчилар кўплаб топилади, – дейди вилоят “Ойдин йўл” газетаси муҳаррири Зебо Ҳайдарова. – мактаб чин маънода таҳририятга шеърларини кўрсатишга келган адабиётсеварлар учун билим манбаи, сабоқ мактаби бўлишига ишонамиз.

ОБОД МАНЗИЛЛАР, ФАРОВОН ХОНАДОНЛАР

Гулистон шаҳри аҳолиси зичлашиб, йирик шаҳарга айланиб бораётир. Табиийки, аҳоли массивлари ҳам кенгаймоқда. “Буюк келажак сари” номи билан кичик шаҳарча қисқа муддатда фойдаланишга топширилди. 5 қаватдан иборат бўлган 13 та янги уйларга бугунги кунда аҳоли кўчиб кирган. Қурилиш ишлари ҳали давом эттирилиб, яна 10 та 7 қаватли уйлар қурилиши амалга оширилмоқда. Айтиш мумкинки, бундай йирик қурилиш вилоятда илк бора жорий этилди. Биноларнинг 1 қаватига ижтиомий кўмакка муҳтож, ногиронлиги бўлган аҳолига тақдим этилди. Қолган хонадонлар ҳам узоқ муддатли имтиёзли кридетлар асосида ёш оилаларга тақдим этилди.
Зоҳиджон ва Шаҳнозахон Рахмоновлар ана шундай имтиёздан фойдаланиб шахсий уй жойга эга бўлишди.
– Вилоят архитектурасида ишлаганим боис хонадонларнинг тузилиш, қурилишини яхши тушунаман. Бино режаси билан танишганимда маъқул келди ва хонадонлардан бирини олишни ният қилдим, – дейди Зоҳиджон Рахмонов. – Турмуш ўртоғимнинг касби ўқитувчи. Ҳозирда фарзанд тарбиясида бўлганлиги учун уйда. Массив ҳудудида қурилаётган мактаб битишига иш фаолиятини давом эттириш ниятидамиз.

Ҳа, Сирдарё улкан ўзгаришлар майдонига айланган. Айниқса, юраги бўлмиш Гулистон шаҳри ҳақиқий гўзаллик касб этган. Ўз номига монанд шаҳарда табиатнинг тўрт фаслида гуллар қийғос очилади. Кундузги қиёфаси меҳнаткашлар аҳолиси билан суюмли бўлса, кечалари сон- саноқсиз чироқлари шаҳарнинг уйғоқлигидан дарак беради.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch” мухбири

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!