Click to listen highlighted text!

КАСАБА УЮШМА ҚЎМИТАСИ РОЗИЛИГИСИЗ

Сирдарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашига йил бошидан буён ҳозиргача 46 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг барчаси ўз вақтида кўриб чиқилди.
Яқинда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси юридик бўлими ходимлари чигал масала ечимига эришишди. Чигаллиги шундаки, ходимга бир ҳолатдаги интизомсизлик учун икки бор “хайфсан” чораси билан “сийлов” берилган.
Ражабмо Жўраева узоқ йиллик иш стажига эга шифокорлардан. Бунинг устига кўп йиллардан буён бир муассасада – Ширин шаҳар тиббиёт бирлашмасида ишлаб келмоқда. Қарангки, тажрибали меҳнат одами бўлишига қарамай, меҳнат қонунчилиги бузилиш ҳолати иштирокчисига айланди.
Гап шундаки, Р.Жўраева жорий йилнинг 28 январида Сирдарё вилояти касаба уюшмалари юридик бўлимига унга нисбатан қабул қилинган ноқонуний қарор ижросидан шикоят билан мурожаат қилди. Аризада маълум бўлишича, маъмурият унга нисбатан дастлаб ноҳақ интизомий жазолар қўллаб, сўнгра у билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра ноқонуний бекор қилган. Ушбу интизомий чоралар қонунийлиги ҳамда ишга тикланиши масаласини тармоқ касаба уюшмасининг вилоят масъул ташкилотчиси Раъно Абдалимова ҳамда бирлашма юридик бўлими ходимлари томонидан ўрганиб чиқилди. Жараёнларда иш берувчи томонидан қатор меҳнат қонунчилиги бузилиши ҳолатлари аниқ бўлди.
Юқорида айтилганидек, ходим бир ҳолат бўйича икки карра жазога тортилган. Бу ҳолат мазкур буйруқнинг бекор бўлишига асос бўлади. Навбатдаги жарима жазоси қўлланилишида ҳам тушунтириш, изоҳлар етарли бўлмаган. Қолаверса, қўлланилган интизомий чора берилганлиги тўғрисидаги буйруқ билан ходим ёзма равишда таништирилмаган. Маъмуриятнинг сўнгги, меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилинишида ҳам бир қатор қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйилган. Яъни, ходимдан тушунтириш хати олинмаган. Буйруқ чиққан кунида амалга оширилиши лозим бўлган тўловлар амалга оширилмаган. Энг асосийси, муассаса бошланғич касаба уюшма қўмитасининг ушбу ҳолатга розилиги олинмаган. Бу вазиятда ўз – ўзидан ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланиши лозим эди. Тиббиёт бирлашмаси бош шифокорига меҳнат қонунчилиги ҳолатларини бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилди. Бироқ талаблар бажарилмагач, судга даъво аризаси киртилди. Ниҳоят, адолат тантана қилиб орадан ўтган бир ярим ойлик муддатда фуқаролик ишлари бўйича Боёвут туманлараро судининг ҳал қилув қарори асосида ходим ишга тикланди. Энг муҳими, Р.Жўраевага мажбурий прогул даври ҳамда маънавий зарар учун жами 10 млн сўмдан ортиқ миқдорида маблағ тўланадиган бўлди.

Санжар ТОҒАЕВ,Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари

бирлашмаси Кенгаши юридик бўлими юрисконсулти

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!