МУНОСИБЛАР САРАЛАНДИ
Касаба уюшмалари тизимида ўтказилиши анъанага айланган “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик – танловининг шаҳар босқичи якунига етди. Гулистон шаҳар таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги бошланғич ташкилотлар ўртасида ўтказилган танловнинг шаҳар босқичига жами 48 та бошланғич касаба уюшма қўмиталаридан ҳужжат келиб тушди.
Ҳар бир бошланғич касаба уюшма қўмиталари томонидан тақдим этилган ҳужжатлар атрофлича ўрганилиб, мухокама қилинди. Ҳужжатларни баҳолаш якунларига кўра аъзолар сони 100 нафаргача бўлган бошланғич ташкилотлар ўртасида 19- сонли мактабгача таълим муассасаси бошланғич касаба уюшма қўмитаси томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ҳамда аъзолари сони 100 нафардан ортиқ бўлган бошланғич ташкилотлар ичида 2 – умумтаълим мактаби бошланғич касаба уюшма қўмиталари томонидан тақдим этилган ҳужжатлар юқори натижаларни қайд этди.
19 – сонли мактабгача таълим муассасасида айни пайтда 30 нафар ходим меҳнат қилади. Аъзолари камсонли бўлишига қарамай доимий равишда спорт, маданий ва маърифий тадбирлар ташкил этиб, фаол иштирок этишади. Касабақўм раиси Дилбар Ҳакимова соҳада 15 йилдан буён фаолият олиб бормоқда.
2 – умумтаълим масканида ҳам ишлар намунали олиб борилмоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида 50 нафар ходимларнинг Самарқанд шаҳрига саёҳатлари ташкил этилди. Соғломлаштириш сиҳатгоҳларига 2 та йўлланма, шунингдек, саломатликни тиклаш учун моддий ёрдам сўраган 6 та аризалар ижобий ҳал қилинди. Айтиш мумкинки, 120 нафар ходимга эга ташкилотда меҳнат қонунчилигига қатъий амал қилинади. Шу боисдан ҳам меҳнат ҳуқуқлари бузилишига оид шикоятлар кузатилмаган.
– Бошланғич ташкилотларда танлов Низоми, унинг талаблари ҳақида тушунча ва кўникмалар юқори. Ҳаттоки, танловга ташкилот иш берувчиларининг ҳам катта қизиқишлари бор, – дейди таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Гулистон шаҳар Кенгаши раиси Фарҳод Таштанов. – Энг юқори баҳоланган бошланғич касаба уюшма қўмиталари ҳужжатлари тармоқнинг вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch мухбури»