КАСАБА УЮШМАЛАРИНИНГ ВЕЛОМАРАФОНИ ЎТКАЗИЛДИ
Бугун, 2 – июнь – Халқаро велоспорт куни муносабати билан Гулистон шаҳрининг Ислом Каримов номидаги марказий кўча бўйлаб веломарафон ўтказилди. Мусобақада вилоятнинг барча корхона, ташкилотларида фаолиятда бўлган касаба уюшма аъзолари, шунингдек, маҳалла фуқаролари иштирок этишди. Мусобақани вилоят ҳокимлиги, хотин – қизлар қўмитаси, касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ва ҳамкор ташкилотлар ташкил этишди.
Велопойга баҳсларини ёши улуғ нуронийлар дуо билан бошлаб беришди.
Беллашувлар аёллар ва эркаклар ўртасида уч тоифа ёш доирасида бўлиб ўтди. 18- 31 ёшлар тоифасида Сирдарё туманилик Эрнест Османов ҳамда Ховос тумани вакили Чарос Ҳайдаровалар маррани биринчи бўлиб кесиб ўтишди.
31 – 45 ёшлар тоифасида Оқолтин туманилик Элдор Турдиев ҳамда Тўлганой Қўшбоқовалар барчани ортда қолдиришди.
45 ёш ҳамда ундан юқори бўлган ёшлар тоифасидаги баҳслар ҳам ғоят қизғин кечди. Пешқадамлик Гулистон шаҳри вакили Ҳамза Шайжигитов ҳамда Боёвутлик Муқаддас Мирзаеваларга насиб этди.
Шунингдек, “Энг ёш пойгачи ” номинацияси билан 7 ёшли Дилдорахон Сангинова ҳамда “Энг ёши улуғ пойгачи” номинациясида 73 ёшли меҳнат фахрийси Муҳаммад Шоюсоповлар тақдирланишди.
– Спорт тадбирларида доимий иштирок этиб келаман, – дейди Боёвут тумани “Пахтакон” маҳалласида яшовчи Муқаддас Мирзаева. – Велосипед ҳайдашни ёшлигимда ўрганганман. Ёшим 50 да бўлиши ва уй бекаси бўлишимга қарамай ҳозирда ҳам ҳар куни маҳалла ҳудудида велосипедда сайр қиламан. Шунинг учун ҳам ғолибликка эришишим қийин кечмади.
-Велотур мусобақаларида кўп йиллардан буён иштирок этиб келаман. Республика босқичларида муваффақиятли қатнашганман, – дейди таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Гулистон шаҳар кенгаши ҳисобчиси Ҳамза Шайжигитов. – Бу йилги пойгада ҳам биринчилик насиб этганидан хурсандман.
-Спорт тадбири жуда чиройли ташкил этилган, – дейди Гулистон шаҳар Сайқал маҳалласи мутахассиси Ҳикматой Жўрабоева. – Ёшим 50 да, шунга қарамай набираларим билан велосипедда машқ қилиб тураман. Бугунги баҳсда 2 километр масофани сира қийналмасдан босиб ўтдим. Ушбу тадбир барчага манзур бўлди. Олқишлар, байроқлар, томошабинлар даврасида кечган беллашув таассуроти олам- олам.
Велопойга ғолиб ва совриндорларига диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
ВКУТБ Маданий-маьрифий ва спорт ишлари бўлими