Click to listen highlighted text!

ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ ЧУҚУР ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ

                Сўнгги вақтда мамлакатимизда қонунлар лойиҳа кўринишида жамоатчилик муҳокамасига қўйилмоқда. Қабул қилиниши олдидан муҳокама жараёнлари фақатгина ижобий самара бериб, соҳада дуч келиши мумкин бўлган ҳолатлар ечими баҳсларда акс этмоқда. Касаба уюшмалари тўғрисидаги қонун қабул қилиниши олдидан қонун лойиҳасида жойларда кўплаб муҳокамалар жараёни бўлиб ўтмоқда. Ана шундай муҳокамалардан бири Сирдарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси фаоллар залида кечди. Унда қатор вилоят ташкилотлари раҳбарлари, касаба уюшма фаоллари, ОАВ вакиллари, шунингдек, вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Абдуғаниев ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси бўлим мудири Маҳмуджон Исаев иштирок этди.
Кун тартибида битта асосий масала – Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси муҳокамаси кўрилди.
Таъкидланганидек, ҳозирги кунда касаба уюшмалари фаолияти 1992 йилда қабул қилинган “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуни ва ҳукуматнинг айрим қарорлари асосида олиб борилмоқда. Тушунча ва меъёрларни янада аниқлаш ва мустаҳкамлаш, тўлиқ ҳимоялаш ва тартибга солиш эҳтиёжи янги қонун лойиҳаси яратилишига сабаб бўлди. Шунингдек, маърузачи Маҳмуджон Исаев ўтган вақт давомида Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Конвенциялари қабул қилиниши ҳам янги таҳрирга эҳтиёж пайдо қилганини айтиб ўтди.


Муҳокамадаги қонун лойиҳасида ўзгариш асосий тушунчалар киритилиши, уларга таърифлар бериш билан бирга ҳуқуқий мақоми берилганидадир.        Касаба уюшмалари томонидан ўз инспекцияларини ташкил этиш, уни қонун билан мустаҳкамлаш ўзгариши киритилмоқда.
Лойиҳа қабул қилинишидан кутилаётган натижалар юзасидан иштирокчилар ўз фикр – мулоҳазаларини билдиришди.
Шириной Умаралиева, Сирдарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси юридик бўлими мудири.
– Биринчи ўринда қонун номининг ихчам ва тушунарли эканлиги маъқул бўлди. Камситишга йўл қўймаслик тўғрисида 7- моддада баён этилган “Ходимнинг касаба уюшмасига кирмаслиги ёки ундан чиқиши ҳақидаги ёзма ёки оғзаки мажбуриятлари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади” жумласини чиқариб ташлаш таклифини бераман. Сабаби асосий қомусимизнинг 59- моддасида ихтиёрий деган сўз бор. Ўзини касаба уюшмасига мансублиги ёки мансуб эмаслиги сабабли камситилган деб ҳисоблаган шахс, камситишни бартараф этиш ва етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш тўғрисида ариза билан (меҳнат низолари комиссиясига) қўшиб кетилишини ёки судга мурожаат қилиши мумкин. Фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилишга, шунингдек уларни касаба уюшмаларига аъзоликка киришга мажбурлашга йўл қўйилмайди жумла мазмуни лойиҳанинг 7-9 моддаларида бир хил маъно акс этмоқда.
– Равшан Маҳмудов, Гулистон Давлат университети профессори.
– Қонун тили содда ва тушунарли бўлсин. Лойиҳани лингвистик жиҳатдан кўриб чиқиш таклифини бераман. Касаба уюшмалари инспекцияси сўзини ҳам бошқачароқ аташ тарафдориман. Чунки, айни пайтда инспектор тушунчаси бор, бу кўпроқ ҳолларда давлат ташкилотига мансуб бўлиб қолмоқда.
Раҳматилла Билолов, таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Оқолтин туман Кенгаши раиси
– Менинг эътиборимни 8 – боб тортди. Бобнинг 53 – моддасида “касаба уюшмалари ўз пул маблағларини мустақил тасарруф этадилар” жумласига “… ва молиявий фаолиятини” бирикмасини киритишни таклиф этаман.
Саидбек Яриев, “Сирдарё ИЭС” акционерлик жамияти бошланғич касаба уюшмаси раиси.
– 50 -моддага таклиф: Касаба уюшмалари давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ходимларнинг ижтимоий-меҳнат муносабатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий суғурта, аҳолини иш билан таъминлаш, фуқароларнинг пенсия таъминоти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, санаторий-курортда даволаниш, фарзандларини болалар оромгоҳларида соғломлаштриш бўйича масалалар, шунингдек уставда назарда тутилган бошқа вазифаларни ҳал этиш учун ўзаро алоқаларни амалга оширишга ҳақли, дея қўшимча киритсак мақсадга мувофиқ бўлар эди. Қонун лойиҳасига янги модда Аёллар ва ёшларнинг хак хукуки ва манфатини ҳимоя қилиш буйича модда киритиш таклифи киритилса.
Эргаш Бўриев, Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг видлоят бўйича масъул ташкилотчиси.

– Қонун муҳокамасига тайёрланиш чоғида тармоқ бошланғич ташкилотларида муҳокама қилиб, уларнинг таклифларини тўплашга ҳаракат қилдим. Қонун бандларида такрорлар борлиги боис, ихчамлаштиришни таклиф этаман. Шунингдек, 19 – моддада касаба уюшмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ёки ҳисобга қўйиш учун талаб этиладиган ҳужжатлар сонини камайтиришни ўйлаб кўриш керак. 16 модданинг 6 -бандида “давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, шунингдек, иш берувчиларнинг раҳбарлари касаба уюшмасини , уларнинг бирлашмаларини тузишга ташаббускор бўлишлари , шунингдек касаба уюшмаларининг аъзоси бўлишлари мумкин эмас” дейилган бандни ўйлаб кўришни, яъни “мумкин эмас” сўзини ортиқча деб ҳисоблайман. Шунингдек, 64 -моддада касаба уюшмалари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик бўлиши ёзилгани билан қандай эканлиги изоҳи берилмаган.
Ушбу таклифларнинг ёзма жамланмаси фойдаланиш учун тақдим этилди.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch»

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!