УМУМХАЛҚ ХАЙРИЯ ҲАШАРИ СИРДАРЁ ВИЛОЯТИДА
Мустақиллик байрамини муносиб нишонлашга тайёргарлик кўриш, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни янада кучайтириш, қишлоқ ва маҳаллаларни ободонлаштириш мақсадида ўтказилган бу йилги оммавий ҳашарга ҳам қизғин ҳозирлик кўрилди. Ҳашарчиларга барча қулайликларни яратиш, техника воситалари ва иш қуролларини ҳозирлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Эрта тонгдан ҳашарчилар ҳудудларни ободонлаштириш, қишлоқ ва маҳаллалар, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар кўркига кўрк қўшиш мақсадида меҳнат қилмоқда. Ушбу тадбирни миллий қадриятларимизга мос ҳолда ташкил этиш ва юқори савияда ўтказишга давлат ва жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан бир қаторда касаба уюшмалари ҳам бош-қош бўлмоқда. Ҳашарда 364 минг 704 нафар юртдошимиз қатнашди, шунинг 220 минг 257 нафарини ёшлар ташкил этди.
Икки кун давомида эл-юрт юмушига бел боғлаган ҳашарчиларнинг ғайрат-шижоати билан вилоятнинг 1292 гектар майдонда ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Ҳашар давомида 1609,1 тонна маиший ва қурилиш чиқиндилари чиқариб ташланди. Ҳашар кунларида 744,8 километр узунликдаги ариқ-зовурлар тозаланиб, 162 та қабристонлар тартибга келтирилди. Бундан ташқари, ҳашар кунларида 302380 туп дарахтларнинг таналари оқланиб, шакл берилди. Бажарилган ишлар учун жами 758 та техника воситалари жалб этилди.
Умумхалқ ҳашарининг яна бир муҳим жиҳати бу қон қонимизга сингиб кетган инсонпарварлик, олижаноблик, саҳоватпешалик туйғуларининг янада сайқалланишидир. Ҳар йилги анъанага кўра, бу галги хайрия ҳашарида ҳам кекса ва ногиронлар, ёлгиз қариялар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга кўрсатилган меҳр-мурувват ёрдамлари кўлами ҳар қачонгидан ҳам кенг бўлди. Хайрия ҳашари кунларида 103 та эҳтиёжманд оилаларнинг 1706,2 метр квадрат майдондаги уй жойлар таъмирланди.
Доимгидек эзгулик тадбирида вилоят касаба уюшма аъзолари фаол иштирок этишди. Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман ва шаҳар кенгашлари томонидан меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олинди. Уларнинг яшаш шароитлари, кайфиятлари ўрганилиб, касаба уюшмасининг байрам совғалари тақдим этилди. Шунингдек, байрам муносабати билан Гулистон шаҳар 9 сонли умумтаълим мактабининг 25 нафар аъзолари Самарқанд шаҳрига саёҳатлари уюштирилди. Тошкент вилояти ҳудудида жойлашгна “Хумсон” дам олиш масканига 12 – сонли болалар мусиқа мактаби жамоасининг 22 нафар, ҳамда саноат коллежи жамоасининг 20 нафар аъзолари саёҳати ташкил этилди.
Бизда савоб ишдан ҳеч ким четда қолмайди. Кўриб кузатсангиз халқимизнинг ҳимматидан, хизматидан фахрланмай илож йўқ. Ҳашарнинг кучи тозаланган майдон, ташилган чиқинди ёки ўтқазилган кўчат билан ўлчанмайди. Унинг кучи бирликда ва биргаликда қилинган ҳаракатнинг ўзидадиргина. Шаҳар ва қишлоқларнинг бугунги мафтункор қиёфасида нафақат бунёдкорларнинг, балки умумхалқ ҳашарларида қатнашадиган ҳар бир кишининг муносиб ҳиссаси бор.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch»