Click to listen highlighted text!

АҲОЛИ МАМНУНЛИГИ ЙЎЛИДА БЕЛ БОҒЛАБ

          Меҳнаткаш халқимиз амалга ошираётган бунёдкорлик ва яратувчанлик ишлари иқтисодиётнинг барча соҳалари ривожида ўз аксини топмоқда. Электротехника, фармацевтика, тиббиёт маҳсулотлари, озиқ – овқат ва кийим – кечак, шунингдек, қурилиш саноатининг кенг турдаги маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар қуввати оширилмоқдаки, натижада ички истеъмол бозори янги ва арзон маҳсулотлар билан тўлиб, минглаб янги иш ўринлари яратилмоқда. Буларнинг барчаси юрт фаровонлигига хизмат қилмоқда.
Бугун Сирдарёга яқин ойда келмаган юртдошларимиз ҳеч бир муболағасиз вилоятни таний олмаслиги аниқ. Вилоят маркази Гулистон шаҳрини қўя туринг, ҳудуд туман марказлари бўлмиш кичик шаҳарчалар қиёфаси ҳам файзга бурканган. Тадбиркорлик, унинг ортидан янги иш ўринларининг пайдо бўлиши натижасида ҳар бир хонадонга, бунинг ортидан ҳудудга барака инмоқда.
Бу ўзгаришлар бизнинг қизғин фаолиятимизда ҳам намоён бўлмоқда. Касаба уюшмалари томонидан ижтимоий шерикчиликни янада ривожлантириш, жамоа шартномалари орқали ишловчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жойларда касаба уюшмасига аъзолик афзалликларини тарғибот қилиш ишлари тизимли олиб борилмоқда. Шу кунга қадар 199 та корхона ва муассасадаги 2491 нафар ходим касаба уюшмаси сафига олиниб, уларнинг ижтимоий – иқтисодий манфаатлари жамоа шартномаларини тузиш орқали ҳимояга олинди.
Маълумки, ўз ҳуқуқларини тўлақонли тушунган фуқароларгина жамиятда муносиб ўрин топади. Шу боис вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси бўлимлари томонидан кенг ҳуқуқий тарғибот – тушунтириш ишлари амалга оширилмоқда. Ўтган давр давомида фуқаролардан 104 та мурожаатлар келиб тушди. Мазкур мурожаатларнинг 90 тасига тушутиришлар берилди. 6 таси иш берувчилар томонидан қаноатлантирилди. Ҳуқуқи тикланган шаҳслар 4 нафар бўлиб, 30 миллион 379 минг 615 сўм ундирилиши билан касаба уюшма аъзоларининг бузилган ҳуқуқлари тикланишига эришилди.
Меҳнатни муҳофаза қилиш дунё бўйича долзарблиги, техника, саноат, ёнғин ва йўл харакати хавфсизлигидаги қоидалари ва талаблари бажарилишини таъминлашга ҳамда меҳнат муҳофазасига оид камчиликларни иш берувчилар ва бошланғич касаба уюшмаси қўмиталари билан ҳамкорликда бартараф этиш ишларига қаратмоқда. Жумладан, “Хавфсизлик, саломатлик ва келажакдаги меҳнат” шиори остида жами 24 марта давра-суҳбатлар, семинар-тренинглар ташкил қилинди ва уларда 1478 нафар иштирокчилар қатнашдилар.
Ўтган даврда 20 марта касаба уюшмаларига аъзо ташкилотларида ўрганишлар олиб борилди ва 209 та меҳнат муҳофазасига оид меъёрлар бузилишлари аниқланди. Иш берувчиларга 17 та тақдимномалар киритилган ҳолда 187 та камчиликлар бартараф этилишига эришилди.
Вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасалар меҳнат жамоаларида қабул қилинган 6089 та жамоа шартномалари орқали ишчи – ходимлар ва уларнинг оила аъзолари манфаатлари ижтимоий шериклик асосида ҳимояланаётир.
Улар орқали ходим билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишдан олдин касаба уюшма қўмитасининг розилигини олиш талаби, иш берувчининг айби билан ходимга хақ тўлаш белгиланган муддатларга нисбатан кечикканлиги учун жавобгарлик масалалари, иш берувчининг ташаббуси билан ходимни бошқа ишга ўтказиш чегараси йил давомида 60 кундан ошмаслиги, асосий ва узайтирилган таътиллар берилиши каби масалаларга ҳуқуқий ечим топилмоқда.
“Фаол тадбиркорлик, иннавацион ғоялар ва технологияларни қўллаб қувватлаш йили” Дастури доирасида жамоа шартномалари орқали касаба уюшмалари ва иш берувчининг маблағлари ҳисобидан 3986 та корхона ва ташкилотларда 6263 нафар ходимларга 899,5 млн. сўмлик ижтимоий кўмаклар берилган.
Жамоа келишувларида меҳнат бозорини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари аниқ ифода этилган, ходимларнинг иш вақти ва дам олиш вақти масалаларига маълум эътибор берилиб, узайтирилган асосий ва қўшимча таътиллар ўрнатилган.
Ҳисобот даврида вилоятда ўтказилган 52 та “Бўш иш ўринлари ва вакант лавозимлари ярмаркалари”да касаба уюшмалари ташкилотларининг фаол иштироки таъминланган. 3419 нафарига ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилиб, шулардан 1579 нафари бандлик мақомидан баҳраманд бўлди.
Иш ҳақидан муддати ўтган қарздорликни ундириш мақсадида масъулларга мурожаатлар қилиниб, 103 миллард. 8 млн. сўм ўз вақтида тўланмаган иш хақи тўлаб берилишига эришилди.
Меҳнаткашлар саломатлиги ҳақида қайғуриш ва уни тиклашга кўмаклашиш ҳам эътиборда бўлмоқда. Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлар бирлашмаси томонидан 2019 йил олти ой давомида касаба уюшма бюджети ва ижтимоий суғурта бюджет маблағлари ҳисобидан 745 дона санатория йўлланмалари аъзолар ва уларнинг оила аъзоларига берилди.
Шунингдек, йил Дастури асосида фарзанд кўрмаган ёш оилаларнинг ишлайдиган аъзолари, кам таъминланган, кўп болали ҳамда олис ва чекка ҳудудларда, мураккаб иқлим шароитида яшовчи оилаларнинг аёллари, ишлайдиган нафақа ёшидаги кексалар, фарзанд кўрмаган ишловчи ёшлар бепул соғломлаштирилди.
“Спорт саломатлик гарови”, “Соғлом оила” спартакиадалари аъзолар ўртасида кенг қулоч ёйди.
Юртимизда туризм ҳам иқтисодий, ҳам маънавий наф келтирувчи соҳага айланиб улгурди. Айниқса, ички туризмни ривожлантиришга оид қарор ва фармонлар касаба уюшмаларини-да фаолликка чорламоқда. Айнан кўҳна Хоразм воҳаси бўйлаб 142 нафар ходимлар ва уларнинг оила аъзоларининг бепул саёҳатлари ташкиллаштирилди.
Мамлакатимизнинг Хива, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз каби тарихий шаҳарлари ва Мустақиллик йиллари барпо этилган иншоотларга ишловчи       ходимлардан қарийиб 4810 нафарига саёҳатлар ташкил этилди .
Ишчи-ходимлар фарзандларини соғломлаштириш бўйича ҳам ишлар амалга оширилмоқда.
Зомин туманининг “Қўриқ” қишлоғидаги барча қулайликларга эга бўлган замонавий “Зомин” номли болаларни соғломлаштириш оромгоҳида йил давомида фаолият юритадиган дам олиш маскани фаолияти йўлга қўйилди.
Бу йилги ёз мавсумида вилоятда 5 минг нафар болалар, шундан икки минг нафари стационар, уч минг нафари кундузги оромгоҳларда дам олдирилиши режалаштирилган эди. Натижалар қувонарли, қарийб икки ярим минг нафар бола стационар оромгоҳларда, 12 минг 400 нафар бола кундузги оромгоҳларда соғломлаштирилди.

          Эзгу мақсад йўлида ҳаракатда бўлган бирлашма ходимларимиз ташаббуси билан бирлашма ўз кутубхонаисга эга бўлди. Бу орқали ходимларимиз маънавияти ошиши ва дам олишига, қолаверса, касаба уюшмасига юмуш билан келган инсонларнинг китоб ўқишига шароит яратилди.
Бугун вилоят аҳли энг улуғ ва энг азиз байрам – Мустақиллик кунини муносиб нишонлаш ва Гулистон шаҳрида илк бор ўтказилиши режалаштирилган “I Халқаро инвестиция форуми” га тайёргарлик кўриш билан машғул. Унда 50 дан зиёд давлатлар вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Форум доирасида “Гул байрами”, “Қуш байрами” ҳамда “Қовун сайли” каби ажойиб байрам томошалари бўлиб ўтади.
Вилоят ташкилотимиз ҳам ушбу байрамларда фаол иштирок этиб, вилоят меҳмонлари ва аҳолиси учун хизмат қилишга бел боғлаганмиз.

Рустамбек Турсунмурадов,
Сирдарё вилоят касаба уюшмалари
Ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!