Click to listen highlighted text!

УНУТИШ ОСОНМАС СИЗЛАРНИ

               Гулистон шаҳридаги 1-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида “Сирдарёлик барҳаёт муаллимлар” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

       Сирдарё вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи А.Абдурахмонов ҳамда Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Сирдарё вилоят бўйича масъул ташкилотчиси А.Мамарасуловлар иштирок этди.

             Зал тўла одам. Улар орасида фахрий ўқитувчилар, таълим тизимида самарали меҳнат қилаётган муаллимлар, адиб ва журналистлар бир сўз билан айтганда, кенг жамоатчилик вакилларини кўриш мумкин эди. Шириннафас ҳофиз Охунжон Мадалиевнинг “Унутиш осонмас бизларни” қўшиғи янграганда даврада маҳзун бир кайфият ҳукм сурди. Улкан мониторда хотира китобидан жой олган марҳум устозларнинг нурли сиймолари намоён бўлди. Ҳа, ёронлар, тақдимоти ўтказилаётган китоб айнан Сирдарё таълими соҳасига муносиб ҳисса қўшган, бугун фоний дунёдан боқий оламга рихлат қилган устозларга бағишланган эди. Китобда 90 га яқин устозларнинг ибратли ҳаёт йўллари рақам этилган.
Тақдимот марсимида сўз олган вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Абдушокир Абдураҳмоновнинг нутқи анчагина қамрови кенглиги билан ажралиб турди.
—Бугунги тадбирдан икки мақсадни кўзлаганмиз, —деди нотиқ. —Марҳум устозларга бағишланган “Сирдарёлик барҳаёт муаллимлар” хотира китобининг тақдимотини ўтказиш, шу билан бирга яқинлашиб келаётган янги ўқув йили олдидан фахрий устозларнинг дуоларини олишни ният қилганмиз.
Дарҳақиқат, ўтганлардан ибрат ол, келажакка ибрат бўл, дейди доно халқимиз. Вилоят халқ таълими бошқармасининг ташаббуси билан таълим соҳасида чуқур из қолдирган марҳум устозларга бағишланган мазкур китоб “Зиё” нашриётида дунё юзини кўрди. Бошқарма бошлиғи хотира китоби давомли бўлишини, 1 октябрь —Ўқитувчилар ва мураббийлар байрами арафасида мазкур туркумнинг иккинчи жилди дунё юзини кўришини очиқлади.
Сўнгра нотиқ кейинги пайтларда ўқитувчи обрўсини юксак мақомга кўтариш борасида мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида олиб борилаётган туб ислоҳотлар ҳақида тўхталди. Ўқитувчилар мажбурий меҳнатдан бутунлай халос бўлганлиги таълим сифатига сезиларли таъсир кўрсатди. Ўқитувчилар армияси сафларида олий ва I тоифали ўқитувчилар сони ортди. Барча умумтаълим мактабларида “Ой ўқитувчиси” кўрик-танлови жорий этилди. Бунда ўқувчилар устозларининг дарс бериш маҳорати ва малакасига овоз берган ҳолда ойнинг энг яхши ўқитувчисини аниқлаб берадилар. Бундан ташқари, таълим тизимига онлайн тарзда “Изланувчан ўқитувчи” лойиҳаси жорий этилди. Пировардида 90 нафар изланувчан ўқитувчининг ишлари оммалаштирилди.
Айни чоғда Гулистон шаҳрида 150 ўринли Ҳалима Худойбердиева ижод мактабининг биноси қад ростламоқда. Янги мактаб қурилишига давлатимиз ғазнасидан 37 миллиард маблағ ажратилди. Бу айтишга осон гап. Президентимиз, ҳукуматимиз ёш авлоднинг камолоти учун маблағни аямаяпти.
Китоб тузувчиси, журналист ва шоир Бойжигит Абдулла ўз сўзида ёдловлар ва эсдаликлардан иборат мазкур китоб марҳум устозлар хотирасига битилган дардли қўшиқ бўлганлигини урғулади. Бу хайрли лойиҳанинг бошида турган вилоят халқ таълими бошқармаси раҳбариятининг шаънига илиқ гаплар айтди.
Сўнгра тақдимотга ташриф буюрган фахрий ўқитувчилар, китобда номлари зикр этилган устозларнинг қавми-қариндошлари, жамоатчилик вакиллари ва устозларга “Сирдарёлик барҳаёт муаллимлар” китоби тарқатилди.
Тақдимотнинг иккинчи қисмида сўз олган фахрий ўқитувчилар Эркин Куйбишев, Холмўмин Шукуров, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими масъул котиби Ойниса Ортиқбоева, Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби директори, шоир Муҳаммад Исмоил вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан амалга оширилган хайрли ишнинг ибратли жиҳатлари ҳақида тўлқинланиб гапирдилар, савоб ишни давом эттириш зарурлигини таъкидладилар.
—Хотира китобидан ўрин олган бобом Босим Сангиров ҳақидаги мақолани ўқиб, кўзларимга ёш олдим, —дейди Ўзбекистон Миллий университети магистранти Малоҳат Босимова. —Ул зот Низомий номидаги Тошкент давлат педагогик институтининг математика факультетини битириб, узоқ йиллар ёшларга сабоқ берган.1976-1988 йиллар миёнасида Мирзаобод туманидаги Абай номли 5-мактабда директор бўлиб ишлаган. Ўша пайтлари қишлоғимизга янги мактаб қуриш илинжида ёнига Иккинчи жаҳон уруши фахрийларини олиб, Тошкентга бўзчининг мокисидек бориб келаверган. Охири мақсадига эришган. 1988 йилда Мирзачўл қишлоғида 192 ўринли янги мактаб фойдаланишга топширилган. Бобом бугунги дориламон кунларни кўрмади. Мен бобомнинг изидан бориб, математика йўналишида магистратура таҳсилини олаяпман. Мамлакатимизда ўқитувчининг обрўси кўтарилиб бораётганидан теримга сиғмай қувониб кетаяпман.
Тақдимот маросимида бугунги кунда таълим соҳасида муваффақиятли фаолият кўрсатаётган илғор ва ташаббускор ўқитувчилар ҳақида ҳам китоб тайёрлаш таклифи ўртага ташланди.
Тадбир адоғида Зулфия номидаги давлат мукофоти лауреати Мадина Мамирова ижросидаги “Устозлар” қўшиғи даврага ажиб бир ойдинлик, фахр-ғурур олиб кирди.

Меҳр нури ёғар доим юзингиздан, устозлар,
Юрсам дейман шул табаррук изингиздан, устозлар...

Ҳа, ёронлар, устозлик мақоми шунчалик баландки, доно халқимиз бежиз: “Устоз отангдан улуғ” деган нақлни тўқимаган. Марҳум устозларимизни Яратган эгам ўз марҳамати билан сийлаган бўлсин. Орамизда яшаб, меҳнат қилаётган устозларга эса Аллоҳдан мустаҳкам соғлик, узоқ умр ато этишини сўраймиз. Ахир, кўзимизга нур, қалбимизга сурур бағишлаган инсонлар шулар эмасми?!

                                Таълим,фан ва маданият ходимлари
                                Касаба уюшмаси Гулистон шахар кенгаши раиси                       Ф.Таштанов

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!