МАКТАБ ТАЪЛИМИ РИВОЖИДА БАРЧАМИЗ МАСЪУЛМИЗ
Сирдарё вилоятида бу йил инвестиция, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари бўйича 35 та мактаблар таъмирланди. Шунингдек, 5 та янги мактаб биноси қурилиш ишлари якунига етказилмоқда. Вилоятдаги 303 та умумтаълим мактабларида янги ўқув йили бошланиши муносабати билан “Билимлар куни” нишонланди.
Давлатимиз раҳбарининг “Мактаб таълимини ривожлантириш биз учун буюк ва умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айланиши зарур” деган даъватлари шиорга айланди. Шу муносабат билан қатор ташкилот раҳбарлари, жумладан, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Рустамбек Турсунмуродов ҳам ўзи таълим олган Сарбода туманидаги 6 – сонли умумтаълим мактабида бўлиб, ўқувчиларга “Мустақиллик дарси” ўтди.
Айтиш мумкинки, президент ташаббуси билан таълим тизимида тарихий ўзгаришлар бошланди. Жумладан, 10- 11 синфлар тикланди, дарсликларнинг янги авлоди нашрдан чиқди, бошланғич синфлар учун беш кунлик ўқиш ҳафтасига ўтилди. Асосийси, ўқувчилар бўш вақтлари мазмунли ўтишини таъминлаш мақсадида “5 та ташаббус” жорий қилинди.
Маърузачи шунингдек, сифатли таълим ва хордиқ учун касаба уюшмалари томонидан олиб борилаётган ишлар хусусида ҳам гапириб ўтди. Мактаб остонасига илк бора қадам қўйган жажжиларга Президент совғаси бўлган мактаб ўқув қуроллари топширилди. Шунингдек, ўтган ўқув йилида билим, спорт ва санъат йўналишларида иқтидорини намойиш этган фаол ўқувчиларга касаба уюшмалари китоблар жамланмаси, спорт формаларини тақдим этди.
Р.Турсунмуродов бошланган ўқув йили билан барчани табриклаб, ўқитувчиларга келажагимиз бўлган ёш авлод тарбиясида юрт, миллат тақдирига дахлдорлик ҳиссини шакллантиришдек масъулиятли фаолиятларига омад тилади.
ВКУТБ Маданий-маьрифий ва спорт ишлари бўлими