Click to listen highlighted text!

БИРДАМЛИК САМАРАСИ

Аҳоли хавфсизлиги ва хотиржамлиги йўлида фидойилик билан меҳнат қилаётган бу жамоада 555 нафар ходимлар фаолият кўрсатади.Улар тунни кунга улайдилар. Ўрни келса ўзгалар ҳаёти учун ўз жонларини гаровга қўйишга ҳам қодир. Фавқулодда вазиятлар бошқармаси тизимида шахсий таркибнинг жанговар, жисмоний касбий тайёргарлик даражасига муҳим эътибор қаратиб келинмоқда. Шу билан бирга тезкорлик, моҳирлик, бирдамлик талаб қилинадиган бу соҳа вакилларига муносиб меҳнат шароитлари яратиб бериш, ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш, саломатлиги, дам олиши, бўш вақтларини кўнгилли ўтказишларини таъминлаш ҳам икки ҳамкор- иш берувчи ҳамда касаба қўмитаси зиммасидадир.
Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси меҳнат жамоаси умумий йиғилиши маъмурият билан касаба уюшма қўмитасининг 2023-2025 йилларга мўлжалланган жамоа шартномаси шартлари ўтган йили қандай бажарилганига бағишланди. Бу ҳақда бошқарма бошлиғининг Фавқулодда вазиятлар профилактикаси бўйича ўринбосари подполковник Хайрулла Рахметов ҳамда касаба уюшмаси қўмитаси раиси Рустам Бойбековлар ҳисобот бердилар.
Бошқармада ходимларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун барча зарур шароитлар яратилган. Қутқарувчилар бўш вақтларида ўз устида ишлашни асосий машғулотга айлантирганлар. Китоб ўқиш, интеллектуал викториналар ўтказиш шулар жумласидан. Шунингдек, улар касбий тайёргарликка муҳим эътибор билан қарайдилар.
-Касаба уюшмаси қўмитаси ижтимоий-иқтисодий, меҳнат муносабатларига оид масалаларни, шунингдек ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий муаммоларни ҳал этишда бошқарма ходимлари номидан иш кўриб келди,-деди Рустам Бойбеков,- бошқарманинг маданий-марифий бўлими билан биргаликда 52 марта шоирлар, адиблар,тарихчилар давра суҳбатлари ташкил қилинди. Йил давомида 21 нафар ишчи ва хизматчиларга БҲМ 2 баробарида моддий ёрдамлар кўрсатилди. 1 ходимимиз “Турон”, 6 нафари эса “Livingstone” дам олиш масканларида саломатликларини мустаҳкамладилар. 47 нафар ходимларга турли байрамлар муносабати билан концерт дастурларига чипталар тарқатилди. Вилоят мусиқали драма театрига ҳар ойда бир маротаба ходимларнинг ташрифи ташкил этилди. Ўтказилган тадбирларда шахсий таркибнинг 550 дан ортиқ оила аъзолари қамраб олинди.
Йиғилишда сўзга чиққан Моҳидил Имомова, Саида Дадажоновалар жамоа шартномасида белгиланган иш ҳақига қўшимча тўловлар, компенсация, мукофот тўловлари, моддий ёрдам пулларини ўз вақтида амалга ошириш тўғрисида гапирдилар.
Шунингдек,2023-2025 йилларга тузилган “Жамоа шартномаси”нинг 4.16-банди 3-хатбошига ўзгартириш киритиш меҳнат жамоаси йиғилиши иштирокчилари томонидан қабул қилинди. Шартнома бандларининг 2023 йилда бажарилиши қониқарли, деб баҳоланди ва ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссиянинг далолатномаси тасдиқланди.
Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси касаба уюшмаси қўмитаси раиси этиб Тоҳир Қурбонов сайланди.
Йиғилишда иштирок этган Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси вилоят Кенгаши раиси Ботир Усмонов ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Сирдарё вилоят Кенгаши жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича бош мутахассиси Санжар Тоғаевлар жамоа шартномаси одамлар манфаати учун хизмат қилишини, раҳбарият билан касаба қўмитаси бирдамликда иш кўрса барчага фақат фойда келтиришини таъкидлаб , кўпчиликни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб бердилар.

Анваржон Турсунов,
Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси вилоят Кенгаши етакчи мутахассиси

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!