Click to listen highlighted text!

УЧ АВЛОД УЧРАШУВИ

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилояти Кенгаши томонидан “Уч авлод учрашуви” тадбири бўлиб ўтди. Унда касаба уюшмаси тизимида меҳнат қилган нуроний ва меҳнат фахрийлари ҳамда ишлаб келаётган ёшлар қатнашди.
Мустақиллигимизнинг 30 йиллигига бағишланган учрашув фаол ва мулоҳазага бой ўтди. Тадбирни вилоят Кенгаши раиси Рустамбек Турсунмуродов тaбрик сўзи билан очиб берди ва мустақиллигимиз арафасида давлатимиз, вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти ва бунёдкорлик соҳаларида эришган ютуқлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Кекса авлод вакиллари узоқ йиллик тажриба ва эришган ютуқларининг омиллари, фаоллик ва фидойилик билан қиланган меҳнат, албатта, бесамар кетмаслигини айтиб ўтишди.
Ватанимиз ва халқимизга садоқат ва муҳаббат билан хизмат қилиш шарафли бурч эканлигини , ҳар бир фарзанд бу йўлда собитқадам бўлишини таъкидлашди.
Ўз навбатида ўтмиш қийинчилик ва сабоқлари ҳақида фикр билдириб, бугунги дориломон кунлар шукронаси билан ҳаёт кечириш завқини изҳор қилишди. Жумладан, Валерий Қиличев, Абдурашид Рустамов, Равшан Маҳмудов, Ёқубжон Мадаминов, Бозорбой Исматовлар ана шундай чиқишлари билан ёшларга тажрибалар улашди.
-22 йил давомида Гулистон давлат университетида раҳбар лавозимида ишладим. Яқингача талабалар сони 3 минг 500 нафардан ошмаган. Илмга, олий таълимга бўлган эътибор туфайли вилоятда 8 минг нафар талаба сабоқ ола бошлади, -дейди кекса педагог Равшан Маҳмудов. – Ислоҳотлар касаба уюшмаси тизимида ҳам бисёр. Илгари раҳбар, вазир ёки ҳоким кимлигини танимасдик. Худди шунингдек, касаба уюшмаси қандай ташкилот, кимлар ишлайди- буларни ҳамма ҳам билавермасди. Сўнгги йилларда инсонга бахт келтириш йўлидаги ташаббуслари билан хонадонларга ташриф буюриб, муаммолари аришига сабаб бўлаётир. Савобли ишда иштирокчи бўлаётган авлодга ҳавасимиз келади.
Ёшлар номидан Муҳаммад Али Мунавваровнинг сўз олиши тадбирнинг хулоса қисми бўлди.
Учрашув якунида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган, ёшларнинг маслаҳатгўйи бўлган фахрийларга эсдалик совғалари топширилди.
Шунингдек, ташкил этилган байрам дастурхони ва вилоятнинг истеъдодли санъаткорларининг байрамона чиқишлари тадбир иштирокчиларга кўтаринкилик бағишлади.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch»

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!