Click to listen highlighted text!

ЗАРАР ТЎЛОВЛАРИДА ЖАМОАТЧИЛИК НАЗАРОТИ ҚАНДАЙ?

              Сирдарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими ўзининг иш режаларида асосий эътиборни вилоятдаги ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги Қонун талабларига амал қилинишига қаратиб келаётир. Иш берувчилар томонидан меҳнаткашларга хавфсиз, соғлом ва қулай шарт – шароитлар яратиб берилиши, жамоа шартномаларидаги меҳнат муҳофазаси бўлимида белгиланган тадбирларнинг ижроси, мавжуд нуқсонларнинг бартараф этилишининг таъминланиши, содир бўлиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодиса ва касб касалликларига чалинишларнинг олди олиниши, уларни ҳамкорликда бартараф этиш ва жамоат назоратини ўрнатиш вазифаларини бажариб келмоқда.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, амалга оширилаётган ишларга қарамасдан меҳнатни муҳофаза қилишга доир Қонунлар ва Қонун ости норматив ҳуқуқий ҳужжатларга ҳам иш берувчиларнинг ҳам ишловчи ходимларнинг риоя этишлари тўлиқ бажарилмаётгани кўринмоқда. Тўғри, бахтсиз ҳодиса дегани огоҳлантириб келмайди ва шунинг учун ҳам бу борадаги эҳтиёткорликни асло тарк этиб бўлмайди. Билганимиздек, бахсиз ҳодисалардан ҳеч ким кафолатлана олмайди. Ачинарлиси, устивор вазифаларнинг бажарилмай қолиши, сусткаштликка йўл қўйилиши натижасида инсонларнинг меҳнатда шикастланиши, айрим ҳолларда уларнинг ҳаётдан эрта кўз юмиши давом этмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида касаба уюшмаларига аъзо ташкилотларда 12 та (шундан 10 таси оқибати оғир бўлган ва 2 таси инсонларнинг вафоти билан тугаган) бахтсиз ҳодисалар қайд этилди.
Албатта, бахтсиз ҳодисанинг келиб чиқиши, содир бўлганлиги таҳлил этилмоқда ва келгусида шундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича вазифалар белгиланиб, жамоат назоратига олинмоқда.
Айниқса, бахтсиз ҳодисалар натижасида меҳнатда жиддий шикастланган ва тиббий меҳнат экспертиза коммиссияси томонидан меҳнатга лаёқатсизлик даражалари белгиланаётган меҳнаткашларга, оилада боқувчисини йўқотган шахсларга, шунингдек, ходимлари шундай ҳолатга тушган ташкилот иш берувчиларига Қонунлар билан белгиланган зарар тўловлари ҳақида батафсил тушинтиришлар олиб борилмоқда ва зарар тўловлари ҳужжатларини расмийлаштиришда амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.
Мана бир мисол: шу йилнинг 18 апрель куни Сардоба тумани 20-сонли умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқутувчиси Насиба Исмаилова Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказига кириш дарвозаси яқинида йўлдан ўтаётиб йўл автотранспорт ҳодисаси оқибатида вафот этган.
Махсус текшириш далолатномаси таҳлил этилиб, жабрланувчи бўлган турмуш ўртоғи, унинг қаромоғида қолган 3 нафар вояга етмаган фарзандларининг Қонунлар билан белгиланган зарар тўловларига бўлган ҳуқуқий манфаатлари юзасидан иш берувчи Ғ.Абдурахимов билан мулоқат ўтказилди.
Шу ўринда Сардоба туман халк таълими бўлими томонидан мактаблар иш берувчиларининг Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида” Қонунининг 23-моддасида ва Вазирлар Маҳкамасининг 24.06.2009 йилдаги 177-сонли “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш Қоидалари”да белгиланган суғурталаш мажбуриятларини ижро қилинганлиги ишнинг тез фурсатда ижобий ечим топишига асқотди.
Айтиш мумкинки, биринчи навбатда Қонун устиворлиги таъминланишига ва меҳнатда жабрланган ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳуқуқлари ҳимояланишида асосий вазифа бўлиб хизмат қилинганлиги ушбу тадбирда яна бир бор кўрилди.
Бошқа бир мисол, Сайхунобод тумани, Пахтаобод сув истеъмолчилар уюшмаси ҳудудида жойлашган зовурлар тизимида экскаватор ҳайдовчилари жойлашган дала уй вагонида ёнғин чиқиб, корхона ҳайдовчи ёрдамчиси Муҳаммаджон Мингбаев билан оқибати ўлими билан тугаган бахтсиз ҳодиса юз берган.
Бахтсиз ҳодисани махсус текширишда бўлим мудири Бозорбой Исматов ҳам иштирок этди. Якунида корхона иш берувчисига тақдимнома киритилиб, жамоат назароти остида жабрланувчининг оила аъзоларига корхонанинг даромад маблағлари ҳисобидан 36000.0 минг сўм миқдордаги бир йўла бериладиган нафақа пули тўлаб берилиши таъминланди. Бу ҳолатда “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш Қоидалари”да белгиланган вазифаларга амал қилмаган корхонанинг масъул ходимлари ва иш берувчиси корхонага катта миқдорда иқтисодий зарар келтирганлигини кўриш мумкин.
Фаолиятим давомида бепарволик иллатининг катта ташвиш келтириши, кўпчиликнинг зиёнига бўлишига гувоҳ бўлганман. Чунончи, суғурта ишларини амалга ошириш учун шартнома тузган ва белгиланган маблағни суғурта компанияси ҳисоб-рақамига ўтказишда бепарволик қилиб, вақтида амалга оширмаган корхона бошида ҳам оғир бахтсиз ҳодиса юз берди. Сирдарё йўллардан мунтазаам фойдаланиш унитар корхонаси йўл ишчиси билан содир бўлган бахтсиз ҳодиса оқибатида 99046.2 минг сўм миқдорида иқтисодий зарар кўрган. Ҳозирги вақтда жабрланувчининг оиласига ушбу маблағдан 73200.0 минг сўм миқдордаги бир марталик товон пули корхона даромади ҳисобидан тўлаб берилган. Қолган маблағнинг тўлаб борилиши жамоатчилик назоратига олинган.
Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасида меҳнат муҳофазаси соҳасида Давлатимиз сиёсатининг энг асосий йўналишлари этиб, ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғи устуворлигини таъминлаш, қулай, хавфсиз ва муносиб меҳнат шароитларини яратиб бериш ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги талабларни белгилаш ва уларга барча иш берувчилар амал қилишлари белгиланган.
Меҳнаткашлар ҳаётида иш жойлари муҳим ўрин эгаллаганидек, барча иш берувчиларга суғурта ишлари ҳам бирламчи вазифа бўлиши керак. Зеро кутилмаган, тасодифий бахтсиз ҳодисалардан ҳеч ким ҳимоя қилинмаган.
Суғурта тадбирлари энг аввало, ташкилотларнинг молиявий зарар кўришларига йўл қўймайди. Шу билан бирга жабр кўрган ходим, унинг оиласи учун белгиланган товон пули тўлаш муддати қисқа бўлишини таъминлайди. Лекин энг муҳими, унутмаслигимз керакки, оқибатини тугатиш яхши, хавф-хатарнинг олдини олган яна ҳам яхши.

Улуғбек ТАНИҚУЛОВ,
Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси
меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими етакчи мутахассиси

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!