Click to listen highlighted text!

ОЧИҚ МУЛОҚОТ, ОШКОРА ФИКР – ГАЗЕТА МУНДАРИЖАСИНИ БОЙИТАДИ

              Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Гулистон шаҳридаги Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби бу йил ўғил – қизларга таълим беришни бошлади. Тест синовлари асосида танлаб олинган иқтидорли ўқувчилар бугунги кунда устозлари кўмагида янги билимларни ўзлаштиришмоқда. Айниқса, таълим даргоҳида тез – тез ўтказилаётган ижодий учрашув ва суҳбатлар сўзга меҳр қўйишни ўргатиб, ижод оламига ҳавас ҳиссини ривожлантираётир.
Бугун, 17 октябр куни таҳририятимиз жамоаси мактаб даргоҳида бўлиб ижодий суҳбатлар ўқувчи ёшлар учун муҳим аҳамиятга эга эканлигига ишонч ҳосил қилди.
Биз билан ҳамроҳлиқ қилган Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот маслаҳатчиси Давут Гази Бенли, таълим бўйича маслаҳатчи Али Эюпкоча мактаб таълим жараёни билан танишиб, ўқувчилар бадиий чиқишларини юқори баҳолади.
Айниқса, ўзбек тилини яхши билиши, ўзбек матбуотини кузатиб бориши, айниқса, “Ишонч” га обуна бўлганлиги тўғрисидаги илиқ фикрлари таҳририят жамоасини мамнун қилди. Шу куни вилоят журналистлари, газета тарқатувчилар, касаба уюшма фаоллари ва газета муштарийлари билан юзма – юз мулоқот қилинди.
– Ўтган вақт ичида газетамиз саҳифаларида 150 та танқидий материал берилди. Аҳамиятлиси, 80 та ҳолатга ижобий жавоб берилган, – дейди “Ишонч” газетаси бош маррири Ҳусан Эрматов. – Сўнгги йилларда таҳририятга аҳоли томонидан турли мазмундаги мурожаатлар сони кўпайгани одамлар бизни ўқиётгани, бизга ишонч билдираётганини исботламоқда. Юзма – юз мулоқотлар, ўйлаймизки, газета мазмун-мундарижасини белгилаб олиш бирга, мавзулар доирасини кенгайтиришга хизмат қилади.

-Юртимиз шиддат билан тараққиёт сари интилмоқда. Ислоҳотлар ақлни шошириб юборай дейди. Газета саҳифаларида илғор фикрли кишилар муносабати тезкорлик билан бериб борилишига ўрганиб қолдик. Янги қарор, қонун муҳокамага қўйилса “Ишонч”да нима дейишяпти?” деб ўқишга шошадиган, сўроқлайдиган бўлдик. Истагимиз, рўзнома доимо фикрларга очиқ майдон бўлаверсин!

Изланишдаги газета

                -Таҳририятнинг сўнгги йилларда обуначилар манфаатини ўйлаб ички нархларда шартнома таклиф қилиши, муштарий қўлига боришини назорат қилиб, газета етказилиш ишларига ҳам ўзи бош қош бўлиши, йил давомида мониторинг амалга оширгани истеъмолчи манфаатини устун қўйишида деб биламан, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Рустамбек Турсунмуродов. – Қолаверса, таҳририятнинг сара материаллар жамланмаси сифатида “1 йилга бир назар” китоби чоп этилди. Кўплаб чет муаллифлар, турли соҳа мутахассислари учун минбар бўлиб келиши билан саҳифалар қадри ошиб бораётир. Газета энди шунчаки янгиликлар тасмаси эмас, ўқишли материаллари сабаб асраб қўйиладиган сонлари кўпаймоқда. Газета сайти ҳисобланган ishonch.uz жонланиб, тезкор маълумотлар тақдим қилинмоқда.

Эътирофга сазовор

            – Газета халқчил, берилган мурожаатларга ўрганиш билан жавоб бермоқда. Кўтарилган муаммога барчанинг эътиборини қаратмоқда, – дейди таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Гулистон тумани кенгаши раиси Ўсарқул Усанов. – Айниқса, мавзуга қайтиб давом эттириши билан ютуқли натижаларга эришмоқда. Касаба уюшмаси аралашгач, “Ишонч”га жавоб беришди, сўраган экансиз рукнларини катта қизиқиш билан кузатиб борамиз.

Таҳририятга таклифлар

          – Элига, юртига нафи тегадиган иш билан шуғулланган киши жисмонан бақувват, руҳан бардам бўлади. Ҳаётга муҳаббати ортиб кўнлидагини қоғозга туширади, – дейди вилоят “Сувоқава” унитар корхонаси бошланғич касаба уюшмаси раиси Илҳом Нурбоев. – Севимли газетамизда меҳнат билан ижодни баравар олиб бораётганлар ҳаёти, уларнинг ижод намуналари бериб борилса жуда мамнун бўлардик.
Иштирокчилар билан кечган жонли мулоқот якунида муштарийларга таҳририят жамоасининг “Бир йилга бир назар” китоби ҳамда газетанинг махсус сони тақдим этилди.

Озода МАМАДАЛИЕВА

«Ishonch» 

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!