МЕҲНАТ СОҲАСИДАГИ МУҲИМ МАСАЛАЛАР МУҲОКАМАСИ
Йил давомида жамоа шартномалари бажарилишини таҳлил этиш жараёнида меҳнаткашлар томонидан бир қанча таклифлар билдирилади. Ушбу таклифлар хусусида бевосита фикр алмашиш, уларни тегишли ташкилот ва муассасаларга етказиш мақсадида Сирдарё вилояти Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида “Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар” мавзусида давра-суҳбати ўтказилди.
Жонли мулоқот тарзида ўтказилган давра суҳбатида меҳнат соҳасидаги муаммоли масалаларнинг катта қисмини шу жойнинг ўзида ҳал этиб, қолганларини тегишли корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорликда босқичма-босқич кўриб чиқиш белгиланди.
Давра суҳбатида вилоят ҳокимлиги, прокуратураси, Марказий банк бош бошқармаси, Молия бошқармаси, Адлия бошқармаси, бандлик бош бошқармаси, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, бандлик бош бошқармалари, Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси ва бошқа ҳамкор ташкилотларнинг масъул ходимлари ҳамда касаба уюшмалари фаоллари иштирок этдилар.
Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси Рустамбек Турсунмурадов бошқариб борган ушбу давра суҳбатида Бандлик бош бошқармаси, Марказий банк бошқармаси, Молия бошқармасининг жойлардаги вакиллари долзарб мавзуда маърузалар қилдилар. Хусусан, вилоят ҳокимлиги вакили Камол Нуров “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” дастури бижарилишининг дастлабки натижалари тўғрисида батафсил маълумот берди.
Давра суҳбати иштирокчилари шу билан бирга иш билан таъминлаш, иш ҳақи ва меҳнат муносабатлари масалаларида ижтимоий ҳимояни янада кучайтириш йўллари тўғрисидаги Бандлик бош бошқармаси бошлиғи Муроджон Муҳаммадиевнинг маърузасини қизиқиш билан тингладилар ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.
“Бюджет ташкилотларида иш ҳақи, ижтимоий ҳимоя ҳамда меҳнат муҳофазаси ишларини молиялаштириш масалалари тўғрисидаги маъруза билан вилоят Молия бошқармаси бўлим бошлиғи Ойбек Сувоновнинг маърузаси иштирокчиларда қизиқиш уйғотди ва мунозараларга сабаб бўлди.
Давра суҳбатида кўтарилган жами 25 та муаммоларнинг 17 таси маҳаллий миқёсда ҳал этиладиган, 8 таси эса Республика Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар орқали ҳал этиладиган муаммолардан иборат.
Маҳаллий миқёсда ҳал этиладиган долзарб муаммоларни ечимини топиш мақсадида вилоят ҳокимлиги ва касаба уюшмалари бирлашмасининг қўшма чора-тадбирлари ишлаб чиқилиши белгилаб олинди.
— Бундай давра суҳбатларининг ташкил этилиши касаба уюшмалари қуйи тизимлари фаоллари учун ҳам жуда муҳимдир, -дейди Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Назира Қиличева – Биз соҳа мутахассисларидан ўзимизга керакли маълумотларни олдик ва уларни ўз фаолиятимиз давомида қўллаймиз.
Дилмурод ПИРМАНОВ, Вилоят касаба уюшмалари
ташкилотлари бирлашмаси бўлим мудири