АМАЛИЙ ЁРДАМДАН КЎНГИЛЛАР РАВШАН ТОРТМОҚДА
Давлатимиз раҳбари топшириғига биноан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков раҳбарлигида тузилган хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Республика Ишчи гуруҳи вилоятимизда бўлиб, Сирдарё туманидаги маҳаллаларда ўрганиш олиб борди. Тўрт кун давом этган ўрганишларда 38 та маҳалла ҳудудидаги 391 та хонадонларга кириб суҳбатлашилди.
Турли йўналишда аниқланган 495 та муаммолар йўл ҳаритасига киритилди.
Аёл бахти ва хотиржамлиги оиласи, унинг аъзолари саломатлиги, бирдамлиги билан боғлиқ. Жумладан, “Қуёш” маҳалласи, “Боғаро” қишлоғида яшовчи Бековлар хонадонига бориб, муаммолар ўрганилганида оила бошлиғи Саидхон II гурух ногирони эканлиги, рўзғорга моддий ёрдам кераклиги маълум бўлди. Шу боис ҳам, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамкорлигида оилага ногиронлик араваси, моддий ёрдам ва озиқ –оқват маҳсулотлари топширилди. Шунингдек, мавсум давомида фойдаланиш учун хонадон эгалари кўмир билан таъминланди.
Ижтимоий ҳимояталаб, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, саломатлигини тиклашга муҳтож хотин-қизлар муаммоларини ечиш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилмоқда.
Амалий ёрдамдан кўнгиллар равшан тортмоқда.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch”