Click to listen highlighted text!

КАСБГА САДОҚАТ БИЛАН ЖАВОБ ҚАЙТАРАМИЗ

            Куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан Олий мажлисга йўлланган Мурожаатнома мазмунида давлатимиз юксалиши, шунингдек, халқимиз бахтли турмушига дахлдор бўлган барча масалалар ҳақида батафсил тўхталиб ўтилди.
Мурожаатномада соғлиқни сақлаш соҳасини молиялаштиришни тубдан ислоҳ қилиш мақсадида бу йил мажбурий тиббий суғуртага оид қонунларни қабул қилиш ва уларни амалга ошириш бўйича ташкилий тадбирлар ишлаб чиқиш лозимлиги айтилди. Ушбу тизим вилоятимизда тажриба сифатида қўлланиши ҳам ҳукуматимизнинг ишончини англатади. Қолаверса, аҳоли ўртасида тиббий суғурта амалиёти жаҳон талаби бўлиб, ижобий самарага эришишни таъминлайди.
Инсон учун саломатлик энг катта бойлик ҳисобланади. Юртимизда бебаҳо бойлигимиз, саломатлигимизни асраш энг кўп эътибор бериладиган масалалардан биридир. Якунига етган йил давомида саломатликни яхшилаш, тиббиёт масканларининг моддий-техника базаси ва кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш учун тизимли ишлар амалга оширилди. Мен ўзим меҳнат қилаётган Сирдарё вилояти мисолида мамлакатимизда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифат даражаси кун сайин юқорилаётганлигини эътироф этаман. Сўнгги йилларда кўплаб тиббиёт бирлашмалари, клиник лаборотория ва маъмурият бинолари капитал таъмирланди. Бугунги кунда шинам, ёруғ ва иссиқ бўлган хоналарда аҳоли қабул қилиниб, шифо улашилмоқда.
2019 йил давомида вилоятимиз шифохоналарида 4,5 мингга яқин хорижий сайёҳлар келиб даволангани, хусусий тиббий хизмат сифати ортиб бораётганига исбот бўлса, йил адоғида Янгиер шаҳрида 250 киши дам олиши ва саломатлигини тиклаши мумкин бўлган янги санаторий фойдаланишга топширилиши вилоят аҳолиси саломатлигини тиклаш йўлидаги ғамхўрлик бўлди.
Айниқса,ҳурматли Президентимизнинг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича ислоҳотлар давом эттирилиши, шифокорларнинг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш, халқимиз ўртасида уларга нисбатан ҳурматни ошириш масаласида қилиниши лозим бўлган ишлар тўғрисида айтилган фикрлар тўлқинланишимизга сабаб бўлди.
Сир эмаски, ушбу касб эгаларига нисбатан сўнгги пайтда салбий фикрда бўлиш, бемор яқинлари томонидан тажовузлар содир этиш ҳолатлари учраб турибди. Соҳада ишловчи ходимлар манфаатлари, улар учун муносиб меҳнат шароитлари яратилиши, даромадлари кўпайиши учун масъул бўлган шахс сифатида ушбу вазиятлар ўйлантириб келар эди. Айтиш мумкинки, соғлиқни сақлаш соҳаси, касб эгаларига бўлган эътибор мамлакатимизда юқори поғонага оширилиши кутилмоқда. Юртбошимизнинг бундай эътибор ва ҳурматларига жавобан ҳар биримиз касбга садоқатли хизмат кўрсатиш билан жавоб қайтарамиз.

 

Сирдарё туман тиббиёт бирлашмаси раиси, Ҳусниддин ИСМОИЛОВ

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!