МУСТАҚИЛЛИК АСОСЧИСИНИ ЁД ЭТИБ
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Сирдарё вилоят кенгаши бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти ташаббуси билан Давлатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов таваллуд топган кун муносабати билан “Мустақиллик асосчиси, улуғ йўлбошчи – ҳамиша ёдимизда!” шиори билан спорт мусобақаси ўтказилди.
Буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг севимли фарзанди хотирасига бағишлаб ўтказилган хотира турнирида партиянинг вилоят кенгаши, туман ва шаҳар кенгашларида фаолият олиб бораётган ходимлар, бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти аъзолари иштирок этишди.
Қатнашчилар Гулистон шаҳар Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида спортнинг шашка ва стол тенниси турлари бўйича ўзаро беллашдилар.
– Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг асосий дастури мақсад ва вазифалари миллий тикланиш ғоясини амалга ошириш, барқарор миллий ривожланишни таъминлаш, миллий, маданий ва маънавий қадриятларни, бой тарихий меросимизни асраб- авайлаш масаласи, “Миллий тикланишдан- миллий юксалиш сари” ғоясини амалга ошириш ҳисобланади, – деди ЎзМТДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси Норбобо Соатов. – Ушбу мақсад мамлакатимиз биринчи Президенти Ислом Каримовнинг “Мустақиллик- маънавий тикланиш ва юксалишдир” тамойили асосида яратилгандир.
Қизғин давом этган мусобақа натижаларига кўра партия ташкилотларининг Янгиер, Ширин , Гулистон шаҳар ҳамда Гулистон, Ховос, Сардоба, Оқолтин туманлари шарафини ҳимоя қилган ходимлар ғолиблар қаторидан жой эгаллади.
Ғолиб ва совриндорлар Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Сирдарё вилоят кенгаши касаба уюшмасининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Наргиза НУРБОЕВА,
ЎзМТДП Сирдарё вилоят кенгаши
бошланғич касаба уюшмаси раиси