ЭЗГУЛИККА ЙЎҒРИЛГАН ФАОЛИЯТ
Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика ишчи гуруҳининг Сирдарё туманида кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда вазирлик, идоралар, жамоат ташкилотлари раҳбар ва вакиллари қатнашди.
Ишчи гуруҳ раҳбари, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси раиси ¬Қудратилла Рафиқов олиб борган йиғилишда ишчи гуруҳнинг фаолияти таҳлил этилди.
Қайд этилганидек, ишчи гуруҳ Сирдарё туманидаги 38 та маҳаллада уйма-уй юриб, аҳоли муаммоларини ўрганган. Мингдан зиёд муаммолар борлиги аниқланган. Тумандаги хотин-қизларнинг асосий ¬муаммолари уй-жой, мавжуд уйларни таъмирлаш, саломатлик ва бандликни таъминлашга тўғри келмоқда.
Йиғилишда туман маҳаллаларида аёллар учун кўп тармоқли ҳунар ва билимлар маркази фаолиятини йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди. Туман ҳудудида мавжуд 3 та қишлоқ врачлик пунктлари ёпилган. Уларни тиклаш ва янги туғуруқхона мажмуаси бунёд этиш ташаб¬буси айтилди.
100 га яқин оғир ижтимоий ¬вазиятга тушиб қолган аёлларга моддий ёрдамлар кўрсатилди. Тумандаги ижтимоий соҳа объектларига (мактаб, боғча, тиббиёт муассасалари) учун 50 тонна кўмир, умумтаълим мактабларининг кутубхоналари учун 10 мингдан ортиқ бадиий китоблар, 50 нафар болажонлар учун кийим-бошлар жамланмаси берилди. Тиббий ёрдамга муҳтож бўлган 13 нафар хотин-қизнинг даволаниши учун 2,5 миллион сўмдан кўмак кўрсатилди.
Аниқ таҳлиллар асосида тегишли ташкилотларга топшириқлар берилди.
Йиғилишда Сирдарё шаҳрилик Н.Сабирова қизининг Гулистон давлат университетида ўқиши, унинг контракт тўловини тўлаш учун таълим кредити олиш мақсадида «Микрокредитбанк»нинг туман филиалига мурожаат этгани, бироқ банк «ресурс йўқ» деган баҳонада кредит бермаётганини маълум қилди.
Тадбирда иштирок этаётган Марказий банк мутасаддиларига уч кун ичида таълим кредити ажратиш топшириғи берилди.
– 2 нафар фарзандим бор, – деди яна бир мурожаатчи ¬Д.Фармонова. – Ҳозирда ошхонада ёрдамчи бўлиб ишлайман. Ёлғиз ўзим қийналиб, уй-жой қилолмаяпман. 3 йилдан буён ижарада яшайман. Ўзимнинг уйим бўлишини орзу қилардим.
Унинг мурожаати ҳам шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилиб, касаба уюшмалари томонидан уйнинг бошланғич тўлов қисми тўлаб бериладиган бўлди.
Йиғилишдан сўнг 100 га яқин оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёлларга моддий ёрдамлар кўрсатилди. Тумандаги ижтимоий соҳа объектларига (мактаб, боғча, тиббиёт муассасалари) учун 50 тонна кўмир, умумтаълим мактабларининг кутубхоналари учун 10 мингдан ортиқ бадиий китоблар, 50 нафар болажонлар учун кийим-бошлар жамланмаси берилди. Тиббий ёрдамга муҳтож бўлган 13 нафар хотин-қизнинг даволаниши учун 2,5 миллион сўмдан кўмак кўрсатилди. 20 нафар фуқарога «Янгиер» санаторийсига бепул йўлланма ажратилди. Шу билан бирга, кам таъминланган оилалар учун гилам, кўрпа-тўшак, маиший техника, газ баллонлари ҳамда коммунал тўловлар учун моддий ёрдам пули, 3 та кам таъминланган оилага уй-жойини таъмирлаш ҳуқуқини берувчи (5 миллионлик) сертификат тақдим этилди.
– Узоқ йиллар мактабда ўқитувчи бўлдим, фарзандларимизга таълим бердим, – дейди Бувҳожар Ёриева. – Лекин бугунгидек аёлларга эътиборни кўрмадим. Мана Ишчи гуруҳ аёлларнинг яшаш турмушини ўрганди. Амалий кўмак ҳам тезда намоён бўлмоқда.
– Бугун жуда хурсанд бўлдим, – дейди «Бахмал» МФЙда истиқомат қилувчи 5-синф ўқувчиси Райҳона Абдукаримова. – Менга чиройли кийимлар совға қилишди. Доимо ¬аълога ўқишга ваъда бераман.
У ишчи гуруҳ аъзоларига ўзининг «Болалар яйрайди дунёда» деган шеърини ўқиб берди.
– Бу йил 72 ёшни қаршиладим, – дейди «Улуғбек» МФЙда яшовчи Меҳри ая Йўлдошева. – Менга вилоятимизда янги фойдаланишга топширилган «Янгиер» санаторийсига бепул йўллланма беришди. Ниҳоятда хурсандман.
– Оилада 4 нафар фарзанд тарбиялаяпман, – дей¬ди шу маҳаллада яшовчи Барно Неъматова. – Қўлим калталик қилиб, уй-жойимни битира олмаётган эдим. Мана бугун таъмирлаш учун касаба уюшмаларининг 5 миллион сўмлик моддий ёрдамини олдим. Бундай эътибор, ғамхўрликдан жуда бахтиёр бўлдим.
Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика ишчи гуруҳи йиғилишида Олий Мажлис Сенати ¬раиси ¬Танзила Норбоева иштирок этди.
Озода МАМАДАЛИЕВА