САЛОМАТЛИКНИ БЕПУЛ ТИКЛАЙМИЗ
Сардоба сув омборида юзага келган техноген ҳолатдан зарар кўрган фуқароларнинг ҳолидан хабардор бўлиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ишларига касаба уюшмалари ҳам фаол ва ташаббускор бўлмоқда.
Мавсум давомида бепул сиҳатгоҳ йўлланмалари топшириш билан Сардоба, Оқолтин ҳамда Мирзаобод туманининг қарийб 1 минг 600 нафар аҳолиси саломатликлари тикланишига эришиш режа қилинган. Жорий йилнинг 9-10 – июн санасида 977 нафар фуқаролар сиҳатгоҳларга кузатилди. “Ботаника”, “Бўстон”, “Чинобод”, “Кохинур”, “Умид гулшани” ҳамда “Янгиер” дам олиш масканида 14 кунлик муолажа ва хордиқ чиқаришни бошлашди.
Нуроний ва катталар билан бир қаторда ҳаёт қувончи бўлмиш болажонларга ҳам алоҳида меҳр-эътибор кўрсатилмоқда. Мамлакатимизнинг энг сўлим ва оромбахш ҳудудларида жойлашган масканларга касаба уюшмалари Федерацияси томонидан сув тошқини оқибатида вақтинча кўчириб келтирилган 476 нафар болажонларни Тошкент вилоятида жойлашган “Анор” ва “Қуёшли” оромгоҳида соғломлаштириш бошланди. Шунингдек, мавсум давомида жами 3024 нафар фарзанд бепул соғломлаштирилишига эришилади.
Уларни шифо манзилларига вилоят касаба уюшмаси масъул ходимлари кузатиб бормоқдалар. Шунингдек, йўл-йўлакай бириктирилган махсус тиббиёт ходимлари ҳар бирларининг саломатлигини назорат қилиб бормоқда.
– Мамлакатимизда инсон қадр-қиммати жуда баланд. Қийналганни суяш, унинг оёққа туриб олиши, фарзандлари бекам – у кўст улғайишига ҳамма елкадош бўлади, – дейди Сардоба тумани Қўрғонтепа мфйлик Эргаш Шониёзов.–Бошимизга кутилмаганда келган синовларни енгиш жараёнида бунга гувоҳ бўлмоқдамиз. Касаба уюшмалари томонидан умр йўлдошим билан биргаликда сиҳатгоҳда саломатлигимизни тиклаш учун сертификат беришди. Бундай имтиёз маҳалладошларимга ҳам берилмоқда.
– Эътиборнинг катта-кичиги бўлмайди. Айниқса, бебаҳо бойлик- саломатликни асраш ва тиклаш билан алоқадор бўлса, – дейди Оқолтин тумани, Шодлик мфйлик Шаҳарой Шайманова. – “Ботаника” сиҳатгоҳи йўлланмаси кўпчиликнинг орзуси ҳисобланади. Ушбу масканда бепул саломатлигимни тиклаш имконияти яратганлардан миннатдорман.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch»