Click to listen highlighted text!

СИРДАРЁЛИК АЁЛЛАР МУАММОЛАРИ ҲАЛ ЭТИЛМОҚДА

Фаолият мезони ижтимоий ҳимоя, иш берувчи ва ходим ўртасида ишончни пайдо қилиш, оқибат ва адолатни баробар тутиш бўлган касаба уюшмалари сўнгги йилларда яна бир хайрли ишларга ҳисса қўшмоқда.
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати, касаба уюшмалари Федерацияси ва Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан тасдиқланган “Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган манзилли чора-тадбирлар дастури”га мувофиқ аёллар турмуш тарзи яхшиланмоқда. Уларнинг орзу-истаклари ушалиши билан муаммолари ариётир.
Вилоятнинг туман, шаҳарларида ташкил этилган ишчи гуруҳлар аёлларга моддий ёрдам, бандлигини таъминлаш, тиббий ёрдам кўрсатиш, уй-жойини таъмирлаш ва олиб бериш масалалари аниқланди. Айни пайтда вилоятда 223 нафар аёлга 391 млн сўмлик моддий ёрдам, 105 нафарининг яшаш хонадонини таъмирлаш ва 10 нафар аёлга 750,1 млн сўмга уй-жой ҳарид қилиш ишлари амалга оширилди.
Сардоба туманининг “Бирлашган” мфй ҳудудида 6 нафар фарзанд тарбиялаётган Ойбаҳор Мансурова оиласи ночорлиги аниқланди. Рўзғорни тебратиб келган турмуш ўртоғи жигар етишмовчилигидан вафот этган. Оилага бир бош қорамол олиб бериш билан бандлигим таъминланди. –дейди Ойбаҳор опа.- Мана қорамол эгаси бўлдик. Тадбирли бўлиб кўпайтиришга эришсак, камбағалликдан ҳам қутуламиз.
“ЭНДИ БИЗНИ ШУ МАНЗИЛДАН ТОПАСИЗ”
Сардоба тумани, “Работ” мфйлик Зулхумор Жўраева яна бир кўнгли кўтарилган, кўзида ёши тинганлардан.
Турмуш ўртоғи дардга чалиниб вафот этиши тақдирнинг муштидай бўлди. 9, 6 ва 2 ёш фарзандлар билан ижара уйларда кўчиб юришга мажбур бўлди. Қайнота ва қайноналари вафот этганлигидан узатилган уйида қололмади. Жўжабирдай фарзандлар билан ота уйига ҳам қайтиб келолмади. Зулхумор у кунларни эслаб, “онажоним ҳам вафот этганлари учун ўша кунларни яшашга мажбур бўлдим. Йўқса, бошимни силаган бўлардилар”, дейди.
-Ижарада яшайману, рўзғорни қандай ўтказишга бошим қотади. Ишлаб топганим, ёки йўқлаб берилган пул борки. Биринчи “ижара ҳақи” учун асрайман. Имкониятим. Имтиёзларимни излайман. Уй-жойга муҳтож аёлларга имтиёзли уй-жой берилса ҳам 15 йиллик тўлови борку, қурбим етмас экан деб қийналар эдим. Давлатимиз, касаба уюшмалари ёрдами билан пулсиз уй билан таъминланганимга ҳали ҳам ишонгим келмайди. Қўни-қўшнилар ҳам йўқлаб келишганида “шунақаси ҳам бўлар эканми, текинга уй олиб бериш бор эканми” деб ҳайратга тушишди. Мулкдор эканлигим тўғрисидаги ҳужжатларни кўриб ҳам ишонгим келмайди. Орзуларим ушалганига бахтлиман, бу кунларни тушда яшаётгандайман.
-Энди бизнинг уй шу ер,бизнинг манзилимиз бор. Бизни шу ердан топасиз, -дейди 6 ёшли Сабринахон.
4 хонали ҳовлида қўшимча қурилиш объектлари борлиги Зулхуморнинг кўпгина ташвишларини аритди. Янги ҳовлини йўқлаб келган отаси музлатгич, акаси гилам, опаси парда тикиб берди.
Хонадонда тикув машинаси ишлаб туриши билан беканинг бандлиги таъмин бўлди. Бир яхшилик кўплаб яхшиликларни олиб келади деганлари шу бўлса керак аслида. Зулхумор Севинч, Сабринахон ва Суҳробжонларни билимли, тадбиркор ва саховатли бўлиб улғайишларини ният қилишини айтиб, ташвишлар ариганида тилаклар ҳам ўзгариши, чиройли орзуларни қўрқмай қилиш мумкинлигини англаганини айтди. Илоҳим, ниятларингизга етинг, деймиз.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch»

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!