БЕЛНИ МАҲКАМ БОҒЛАБ
Гулистон шаҳридаги 11 –сонли умумтаълим мактабида давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қурултой иштирокчиларига йўллаган табриги, шунингдек, делегатларнинг халқимиз, ишчи-меҳнаткашлар, касаба уюшма ташкилотлари ва ижтимоий шерикларига Мурожаати тарғибот-муҳокама тадбири зўр кўтаринкилик билан бўлиб ўтди. Унда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раис ўринбосари ва маслаҳатчиси, тармоқнинг вилоятдаги масъул ташкилотчиси, касаба уюшма ташкилоти раислари ва аъзолари қатнашди.
Тарғиботда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раис ўринбосари Баҳодир Ҳамиджонов кириш сўзи билан очиб, касаба уюшмалари тарихида янги давр бошланганлиги, давлат раҳбарининг мурожаат билан чиқиши, унда олиб борилган ишлар юқори баҳоланганлиги, эътибор ва эътирофлар қанчалар аҳамиятга эга эканлигига барчанинг эътиборини тортди.
-Касаба уюшмалари тизимида бу йил иш бошладим. Бўлиб ўтган ҳисобот сайловида меҳнат жамоамиз ишончи билан касабақўм раислигига сайландим. Фаолиятни ташкил этиш ва олиб боришга, очиғи, қийналмадим. Сабаби касаба уюшмаси иш тутими доимо очиқлик, ошкоралик билан олиб борилган. Қолаверса, ходимларнинг манфаатлари беками-кўст ҳимояланиб келинганидан тўғри ишлаш формуласи аниқ бўлар экан, -дейди 11 – сонли умумтаълим мактаби касаба уюшмаси раиси Худойберди Чўлиев. –Куни кеча бўлиб ўтган анжуман тадбири касаба уюшмасининг жамиятда нуфузи ортганини исботлади. Айниқса, алоҳида санани касаба уюшмаси ходими куни деб белгиланиши бизга ниҳоятда хуррамлик берди. Шу соҳанинг вакили бўлганимдан ғурурландим.
-Фаолиятимизни юксак баҳолаб, бизга рағбат ва шижоат бағишлаганлари учун ҳурматли Президентимизга ўз миннатдорчилигимни билдираман, – дейди таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Гулистон шаҳар Кенгаши раиси Фарҳод Таштанов. – Касаба уюшмалари тизимида 7 йилдан буён фаолият олиб бораман. Сўнгги йилларда ишимиз кўлами кенгайди. Мамлакат тараққиёти учун муҳим паллада биз қатори аъзолар фаоллиги ҳам ошиб борди. Таълим тизими мамлакат бунёдкори бўлмиш ёшлар таълим-тарбиясига масъул ҳисобланади. Интелект қудратимиз юксалишида соҳа ходимларининг тутаётган ўрни беқиёсдир. Шу боис ҳам уларни кўп томонлама қўллаш ва ҳимоя қилишда касаба уюшмалари ўз ҳиссасини қўшиб келаётир. Касаба уюшмалари мавқеи оширилиши билан ушбу имкониятларимиз кенгаядиган бўлди. Бунга жавобимиз, албатта, белни маҳкам боғлаб, муносабатга лойиқ бўлишдан иборатдир.
Вилоятда шу мазмундаги тарғибот тадбирлар ўтказиш медиа-тур режаси тузилган бўлиб, бу орқали ишлар таҳлили ва вазифалар режаси муҳокамаси олиб борилади.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch»