Click to listen highlighted text!

ИШОНЧ ОҚЛАНИШИ КЕРАК

2020 – йил дунё ҳамжамиятида коронавирус пандемияси кечганлиги билан бошқа йиллардан тубдан фарқ қилди. Пандемия барча мамлакатлар қатори Ўзбекистонга ҳам ўзининг таъсирини ўтказмасдан қолмади. Асосий мақсад, инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш ва мамлакат иқтисодиётини қўллаб-қувватлашдан иборат бўлди. Пандемия шароитида жойлардаги давлат ва жамоатчилик вакиллари биргаликда эҳтиёжманд, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхати, “темир, аёллар, ёшлар дафтар”лари ташкил этишди. Ягона ижтимоий реестр яратилиб, энг муҳтож қатлам вакилларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатилди. Хусусан, Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун 1 трлн. 211 млрд. сўм маблағ ажратилди. Бу борада тезкор яратилган механизм мураккаб вазиятда давлатнинг, аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш функцияси муваффақиятли бажарилишига хизмат қилмоқда.
Пандемия Омбудсманнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги фаолиятига ҳам таъсир қилди. Шахсий қабул тўхтатилган бўлса-да, почта ҳамда электрон манзилда мурожаатлар қабули олиб борилди. Ўз вақтида мурожаатлар ўрганилиб, хулоса, тақдимнома ва сўровлар киритиб борилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакилининг(Омбудсман)нинг Сирдарё вилояти бўйича Минтақавий вакилига жами 15 та мурожаат келиб тушди.
Уларни таҳлил қиладиган бўлсак, аксарияти одил судловга бўлган ҳуқуқ, яъни суднинг ҳукмидан норозилик, жазони ижро этиш хизмати ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатидан норозилик ташкил этаётир. Албатта, барчаси вақтида ўрганиб чиқилди ва тегишли хулосалар берилди.
Шунингдек, иш билан таъминлаш масаласида 3 нафар, ўз иш ўрнига қайта тиклаш масаласида 3 нафар, яна тиббий ёрдам кўрсатиш масаларидаги мурожаатларга амалий ёрдам кўрсатилди.
Мисолларда айтадиган бўлсак, Гулистон туманилик Гулчеҳра Авазқулованинг ишга тикланиш мақсадида қилган мурожаати асосида вилоят кардиология диспансерига қайта тикланди. Боёвутлик Умржон Қиличев туман маданият бўлимида ўз ишини давом эттирадиган бўлди.
Гувоҳи бўлиб турганимиздек, жаҳонда кечаётган мураккаб геосиёсий жараёнлар, коронавирус пандемияси ва глобал иқтисодий инқироз шароитида Ўзбекистон очиқ ва прагматик ташқи сиёсатни фаол олиб бормоқда.
Мамлакатимиз тарихимизда биринчи марта Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо этиб сайланди. Яқинда АҚШ Давлат департаменти томонидан Ўзбекистон диний эркинлик соҳасидаги “махсус кузатувдаги давлатлар” рўйхатидан чиқарилгани ҳам кенг кўламли демократик ислоҳотларимизнинг эътирофидир.
Яна бир ютуқ, илк бор инсон ҳуқуқлари бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар инобатга олиниб Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили дунё Омбудсманлар учун белгиланган аккредитациядан ўтди ҳамда унга “В” мақоми берилганлиги маълум қилинди. Бу кўрсатгичлар мамлакатимиз ривожланиши ва халқимиз турмушига ижобий таъсирини, албатта, беради.
Жорий йил учун қатор муҳим бўлган масалалар иш режасига киритилган. Тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига мониторинг ташрифларини ошириш ва якунлари бўйича мутасадди ташкилотларга таҳлилий маълумотлар бериб борилади. Қолаверса, инсон ҳуқуқлари бузилган ҳолатлар юз берган жойларда сайёр қабуллар ўтказиш билан қайта юз беришини олдини олишни ният қилганмиз. Айниқса,ижтимоий тармоқларда эълон қилинган қонуний манфаатлар бузилишига оид хабарларга тезкорлик билан муносабат билдириб бориш эътиборимизда бўлади.
Мамлакат қонунлари, қонун ижроси билан кучли. Бу куч аввало, инсон манфаатларига хизмат қилиши лозим. Дунё эътирофи билан бирга халқимиз ишончи ўсиб бораётир. Чинакам суянчга айланган ватанимиз ривожи учун энг биринчи, бу ишонч доимий оқланиши керак.

Рустамбек ТУРСУНМУРОДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг
Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман)нинг
Сирдарё вилояти бўйича Минтақавий вакили

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!