Click to listen highlighted text!

ХАВФСИЗ ВА СОҒЛОМ МЕҲНАТ- БИЛИМ, МАЛАКА ВА НАЗОРАТНИ ТАЛАБ ЭТАДИ

Жамоа шартномасининг муҳим бандларидан бири, одатда, меҳнат муҳофазасига бағишланади. Ушбу банднинг нечоғли мукаммал тузилиши, унда белгиланган шартларнинг бажарилиши меҳнат хавфсизлигини тўлиқ таъминлайди.
28-апрель – “Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни”га атаб ҳар йили давра суҳбати ўтказиш анъанага айланган. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сирдарё вилоят Кенгашида “Инқирозни кўра билиб, тайёргарлик кўриш ва унга қарши курашиш-барқарор хавфсизлик тизимларига сармоя киритиш” шиори остида бўлиб ўтган тадбир иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Унда вилоятнинг ҳамкор ташкилотлар вакиллари, шунингдек, Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши меҳнат муҳофазаси бош мутахассиси Даврон Самарбеков иштирок этди.
Давра суҳбатида сўзга чиққанлар мавзуга оид тушунтириш ва маслаҳатлар берди. Жумладан, меҳнат жамоаларида меҳнат муҳофазаси ҳолатини ўрганиш, ходимларга ўз вазифаларини бажариш чоғида жароҳатланишларни олдини олиш, касб касаллигига чалиниш ва саломатлигининг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш қоидалари тушунтирилди.
Шундан сўнг, “Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш” юзасидан Республика танловининг вилоят босқичи ғолиблари тақдирланди.
Меҳнат жамоасида олиб борилган ишлар баҳоланиб, унга кўра Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси тармоғидан “Энг яхши ташкилот” номинациясида Боёвут туманидаги 52-умумтаълим мактаби ҳамда “Энг яхши касаба уюшмаси қўмитаси” номинациясида Гулистон давлат университети 1- ўринга муносиб топилди.
Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси тармоғида вилоят Марказий банки “Энг яхши ташкилот” , Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмалари тармоғида Сайхунобод туман тиббиёт бирлашмаси “Меҳнат муҳофазаси бўйича ёш мутахассис” номинациясида 1-ўрин ғолиби бўлишди.
Тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари касаба уюшмаси тармоғида “Сирдарё сув таъминот” Мчж “Энг яхши ташкилот”, Энергетика, нефт-газ ва геология тармоғида “Ҳудудгаз Сирдарё” ГТФ бошланғич касаба уюшмаси “Энг яхши касаба уюшмаси қўмитаси” номинацияси 1-ўрини билан тақдирланди.
Ғолибларга диплом, эсдалик совғалари топширилди.
-Хавфсиз ва соғлом меҳнат шароити яратиш фақатгина билим, малака ва доимий назоратни талаб қилади, -дейди кўрик-танлов ғолиби Нодир Мелиқўзиев. – Бунда ҳар йили ўтказиладиган давра суҳбати ва танлов яқин кўмакчи бўлаётир. Йилдан йилга камчиликлар тўғирланиб, намунавий бўлиш чоралари кўрилмоқда. Айтишганидек, рағбат иштиёқ уйғотмоқда.

Бердимурод АБДУЛЛАЕВ,
Сирдарё вилоят касаба уюшмалари
ташкилотлари бирлашмаси
меҳнатни мухофаза қилиш бўлими мутахассиси

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!