Click to listen highlighted text!

“ЧИРОЙЛИ ТАЪРИФ, ЧИН ХОРДИҚ УЧУН ТАШАККУР..!”

Вилоятда “Аёллар дафтари”га киритилган 30 нафар аёлга касаба уюшмаси санаторий учун бепул йўлланма топширди. Улар “Янгиер” санаторийсида соғломлаштирилмоқда.
Ўз фарзандларини юртга садоқатли этиб тарбиялаб, вояга етказган ҳар бир вилоятдан 30 нафардан, жами Республикада 420 нафар ибратли ва матонатли аёллар рўйхатлари шакллантирилган эди.
Бунга Федерациянинг жорий йил 15-мартдаги “Хотин-қизлар муаммоларини ҳал қилиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда касаба уюшмалари иштирокини тубдан кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асос бўлмоқда.
-Айни пайтда Янгиер шаҳрида жойлашган “Янгиер” санаторийсига келиб жойлашдим, -дейди Гулистон тумани, “Аҳиллик” мфйда яшовчи Улдон Рахмонова. – 1958-йилда туғилганман. Бир ўғил ва бир қиз фарзандларим бор. Турмуш ўртоғим вафот этганлар. Ўғлим Гулистон университети талабаси ҳисобланади. Маҳалламиз тавсияси билан касаба уюшмаларининг бепул йўлланмасини олдим. “Ибратли”, “матонатли” таърифларини бериб йўлланма топширишганида жуда қувондим, кўзларим ёшланди, ҳатто. Менга кўрсатилган эътибор, муносабатдан чексиз миннатдорман. Шифокорлар саломатлигимизни текширди, оёқ оғриғи, ошқозон касалликлари безовта қилишини айтдим. Шифокорлар Санобар Раҳмонова, Шаҳзода Маҳмудова берган маслаҳат билан даволаш муолажаларини бошладим.
– Оқолтин туманининг чекка ҳудудидан келдим, -дейди Муҳаббат Тўхтамишова. – 6 нафар фарзандим бор. Уларни ўстириб, элга қўшишнинг ўзи бўлмас экан. Қанд касали билан оғриганман. Ҳамма ташвиш катта кўринаркану, аёл, она ўз танаси дардини писанд қилмас экан. Лекин бизнинг умримиз, саломатлигимизни биздан-да кўпроқ ўйловчи, ғамхўр давлатимиз, президентимиз бор экан. “Сизни бепул даволаймиз, дам олиб келасиз”, -дейишганидаёқ соғайишни бошладим, ҳисоб. Чунки, кўнглим ўсди, қадрим борлиги қаддимни кўтарди. “Курорт”га боришимни танишларга айтиб мақтандим, келиб кўрдимки, қайтганимда яна мақтагулик шароит, хордиқ бор. Барчаси учун ташаккур!
-Айтишим керакки, ушбу янги сиҳатгоҳнинг очилиши ҳурматли президентимиз ташаббуси бўлган. Вилоят аҳолиси саломатлигини тиклаб, яхши хордиқ оладиган маскан бўлишини тилаган эдилар. Касаба уюшмаси маблағига қурилган санаторий бугунги кунда самарали фаолият олиб бораётир, -дейди касаба уюшмаси вилоят кенгаши раис ўринбосари Баходир Ҳамиджонов. – Бир гуруҳ аёлларга бепул йўлланма бериш, уларнинг саломатликларини тиклашни ният қилган ушбу ғоя муаллифи ҳам, аслида президентимиз бўлади.
Сиҳатгоҳ йўлланмаси топширилган аёллар рўйхати вилоятнинг барча туман, шаҳарларидан таркиб топган. Демак, давлатимиз ғамхўрлиги ҳамма ҳудудларни қамраб олган, етиб бормоқда.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch»

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!