КАСАБА УЮШМАСИ ХОДИМИ БЕРИЛИБ ИШЛАШИ УЧУН САБАБ КЎП…
Жамиятимизда барча касб эгаларига бирдек эҳтиром кўрсатилади. Айниқса, устоз ва мураббийларга муносабат, уларнинг касб байрами нишонланишига ёндашув, тайёргарлик ажралиб туради. Тўғрида, савод чиқаришимиз, касбга меҳр, келажакка буюк мақсадлар қўйишимиз устозлар хизмати эвазига келади. Шу боис ҳам, Устоз ва мураббийлар кунини “жўнгина” ўтказиб бўлмайди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилоят кенгашида айни сана муносабати билан тадбир ташкил этилди. Кўп йиллар тизимда ишлаган, вилоят касаба уюшмаси ходимларини тарбиялаб, инсон манфаатлари йўлида хизмат олиб бориш тўғрисида ҳамиша уқтириб келаётган фахрий устозлар меҳнати эътироф этилди. уларнинг ишдаги тажрибалари, фидойи меҳнатлари тўғрисида шогирдлар дил сўзлари тингланди.
Тадбир қаҳрамонлари, Қаршибой Эшназаров, Алижон Мамарасуловлар бу обрў эътиборга, эҳтиромга ўз-ўзидан эришмаган. Таълим соҳасида бир неча йиллик фаолиятлари давомида кўплаб қалбларга нур олиб кирган ташаббусларга бош бўлган. Касаба уюшмаси тизимида ҳам ана шу ғайрат билан ишлаб келмоқда.
-Касаба уюшмаси ходими бўлган инсон, ўзига нисбатан доимий талабчан бўлиши лозим, -дейди Қаршибой Эшнаваров. – Ўзига юклатилган ҳар бир вазифани виждонан бажариш билан бирга аъзолар манфаатини яна қандай таъминлаш ҳақида бош қотириши, ташаббускор бўлиши зарур. Шу маънода ўтган йилларим жуда тиғиз, хайрли ишларга бой бўлди. Соҳада янги иш бошлаган ходимга ҳам мана шу ўгитга одатланишни тавсия қиламан. Берилиб ишлаш учун сабаб кўп. Тизимда бунинг шароити ҳам яратилган. Кейинги йилларда касаба уюшмасининг жамиятдаги нуфузи тобора ошиб бораётгани сабаби, шундан. Келгуси фаолиятим давомида соҳа ривожига ҳисса қўшсам дейман, бунинг учун бор ғайратимни ишга соламан.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch»